Ўзбекистонни ривожлантириш бўйича “Тараққиёт стратегияси”нинг 2026 йилгача бўлган даврида асосий эътибор қаратилиши лозим бўлган 5 муҳим йўналишдан бири сифатида суд тизимидаги ислоҳотларни кучайтириш, одил судловни таъминлаш белгиланган. Бу бежиз эмас, албатта. Зеро, суд идоралари адолат қўрғонига айланиб, фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини амалда ишончли таъминламоғи керак. Хўш, амалда ҳам шундай бўляптими?
Таъкидлаш жоиз, охирги 2-3 йилда барча соҳалар қатори суд-ҳуқуқ тизимида ҳам кенг кўламли ижобий ўзгаришлар рўй берди. Мазкур ислоҳатларнинг олий мақсади – суд тизимини босқичма-босқич демократлаштириш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қиладиган суд ҳокимиятининг ҳақиқий мустақиллигига эришишдир. Бу борадаги дастлабки қадам 2017 йилнинг 13 июн куни Тошкент шаҳрида муҳтарам Президентимизнинг судьялар билан бўлиб ўтган тарихий учрашувларида амалга оширилди. Мазкур тадбирда давлатимиз раҳбари амалий ташаббуслар асосида суд идоралари, судьялар фаолиятини бутунлай янгича асосда, самарали ташкил этиш лозимлигига алоҳида эътибор қаратдилар. Айниқса, фуқароларнинг суд идораларида сарсон-саргардон бўлишига чек қўйиш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мақсадида бу борадаги ишларни маҳалла, корхона ва ташкилотларда сайёр суд мажлисларида кўриш кўламини кенгайтириш масалалари ҳам муҳокама қилиниб, уларнинг ҳар бири бўйича аниқ тавсия ва амалий кўрсатмалар берилди.
Ушбу устувор вазифалар ижросини амалга ошириш мақсадида Наманган вилояти судлари томонидан мунтазам равишда сайёр суд мажлислари ўтказиб келинмоқда. Хусусан, 2022 йилнинг 9 ойи давомида вилоят судлари томонидан жами 41.364 та ишлар сайёр судларда кўриб тамомланган.
Жумладан, жиноят ишлари бўйича судлар томонидан мазкур даврда жами 38.147 нафар шахсга нисбатан 30.989 та жиноят ва маъмурий ишлар кўрилган бўлиб, шундан 7287 таси сайёр судларда кўриб чиқилган. Жами сайёр судларда кўрилган ишларнинг 1200 тасини транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш, ўғрилик, безорилик каби жиноят ишлари, 6087 тасини савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш, солиқ қонунчилиги, йўловчи ташиш фалияти билан лецензиясиз шуғулланиш каби маъмурий ишлар ташкил қилган. Бундан ташқари 844 та жиноят ишлари бўйича чиқарилган суд қарорлари билан боғлиқ материаллар сайёр судларда кўриб тамомланган.
Фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан эса ўтган 9 ойда 49.324 та иш кўрилган бўлиб, никоҳдан ажратиш, яраштириш, кредит, алимент қарздорликларини ундириш, мерос масалаларига оид ишларнинг 26.999 таси сайёр суд мажлисларида кўриб чиқилган. Сайёр судларда кўрилган ишлардан 3.270 таси тарафларнинг ўзаро келиштириш ҳамда яраштириш йўли билан ҳал этилган.
Иқтисодий судлар томонидан 2022 йилнинг 9 ойида жами 13.239 та иқтисодий ишлар мазмунан ҳал этилиб, шундан 7.078 та ишлар сайёр суд мажлисларида кўриб чиқилган.
Бу даврда сайёр судларда кўрилган 201 та ишлар оммавий ахборот воситаларида ёритилган.
Кўрилган сайёр судлар давомида 514 нафар шахс жиноят кодексининг 73-моддасига асосан жазони ўташдан муддатидан илгари шартли равишда озод қилинган, 299 нафар шахслар жиноят кодексининг 74-моддасига асосан жазони енгилроғи билан алмаштирилган.
Суд амалиётидан бир мисол. Маълумки, жиноят кодексининг 73-моддасида жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилиш нормаси, шу Кодекснинг 74-моддасида эса жазони енгилроғи билан алмаштириш нормаси қайд қилинган. Мазкур қонун талабларига кўра, жазодан озод қилиш ёки енгилроғи билан алмаштириш, ўрнатилган тартиб-қоида талабларини бажарган ва меҳнатга ҳалол муносабатда бўлган ҳамда жазонинг белгиланган қисмини ўтаган маҳкумга нисбатан қўлланилади. 2022 йилнинг 26 сентябрь куни жиноят ишлари бўйича Поп туман суди томонидан Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги жазони ижро этиш департаменти
2-минтақавий ҳудуд 6-сон жазони ижро этиш колониясида ўтказилган сайёр суд мажлисида ҳам суд томонидан тайинланган жазодан ўзига тегишли хулоса чиқариб, тузалиш йўлига ўтган 30 нафар маҳкумнинг иши кўриб чиқилди. Улардан 3 нафари Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 73-моддасига асосан муддатидан илгари шартли равишда озод қилинди.Шунингдек, сайёр суд мажлисида 5 нафар маҳкумларнинг ўталмай қолган жазоси Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 74-моддасига кўра енгилроқ жазо билан алмаштирилиб, жазони ижро этиш колониясидан озод қилинди. 22 нафар маҳкумларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят-ижроия кодексининг 113-моддасига асосан ўталмай қолган озодликдан маҳрум қилиш жазоси манзил колонияларда ўташи белгиланиб, инсонпарварлик тамойиллари қўлланилди.
Сайёр суд мажлиси – судлар фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини намоён қилиш билан бирга ишларни кўришда жамоатчилик иштирокини таъминлаш, қонунлар мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказиш, фуқароларни Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларга риоя қилиш руҳида тарбиялаш, қонун устуворлигини таъминлашининг самарали ва амалий шаклидир. Зеро, сайёр суд мажлисларида қонунни бузган шахсларни оммавий муҳокама қилиш орқали жамиятда қонун бузилиши ҳолатларига нисбатан муросасизлик маданияти шакллантирилади. Жамиятимизда шахсни тарбиялаш орқали соғлом муҳит яратиш вазифаси, нафақат судларнинг, балки кенг жамоатчилик, қолаверса, ҳар бир фуқаронинг бурчи эканини унутмаслик лозим. Ўтказилаётган сайёр суд мажлислари айни жиҳатдан ҳам аҳамиятлидир.
Абдурасул Эранов,
Наманган вилоят судининг раиси