Аввал босқинчилик ва гиёҳванд моддалар етиштириш билан айбланган фуқаро бу гал маст ҳолатда хотинини қасддан пичоқлаб ўлдирди. У суд ҳукми билан 13 йилга қамалди.
Суд ҳужжатларига кўра, Ғиждувон тумани, «Зарангари» МФЙ, Калон қишлоғида яшовчи 46 ёшли Зариф Рўзиев (исм-фамилияси ўзгартирилган) воқеадан бир кун илгари укасининг туғилган кунига бора олмагани учун тонг саҳарданоқ унинг хонадонида бўлган ва спиртли ичимлик истеъмол қилган.
Укасининг уйидан ўз уйига маст ҳолатда қайтган ва турмуш ўртоғи Вазира Рўзиева (исми фамилияси ўзгартирилган) билан ўзаро келишмовчилик сабабли жанжаллашиб қолган. Бу пайтда уларнинг жанжалига қаршилик кўрсатаётган ўғлига пўписа қилиб, уни томорқадаги экин ерини ағдаришга чиқариб юборган, Қизидан эса кўчадаги дўкондан сигарет келтириб беришини талаб қилган. Фарзандлари чиқиб кетишгач, у яна 0,5 литрли ароқни ичган. Хотинини уриб, тепиб, сўкиб, уйдан чиқиб кетишини талаб қилган. Уни ёқтирмаслигини, бирга яшаш истаги йўқлигини, агар чиқиб кетмаса, ўлдиришини айтган.
Эрининг важоҳатидан жаҳлланган аёл эрини сансираб, ҳеч қаерга кетмаслигини, унга хонадондан ўзи чиқиб кетишини айтган.
Кўзига қон тўлган Зариф «Икки марта қамалиб чиққанман. Сени ҳам ўлдираман ва сендан қутуламан. Узоғи билан 4-5 йил қамоқда ўтириб, яна қайтиб чиқаман», — деган ва хотинининг чап томон кўкраги юқори қисмидан бир маротаба тепадан-пастга йўналишда зарб билан урган. Аёл ерга йиқилиб, воқеа жойида вафот этган.
Айбдорнинг судда айтган сўзига кўра, у аввалига хотини ўлганини билмаган. Ҳаммаёқ қонга тўлгач, фарзандларини бақириб чақирган. Болалари етиб келгач, улардан зудлик билан тез ёрдам ва ички ишлар ходимларига қўнғироқ қилишларини сўраган.
Аниқланишича, 25 йилдан буён бирга умргузаронлик қилган эр-хотинлар доимий равишда жанжаллашиб келишган. Ҳеч қаерда ишламайдиган Зариф Рўзиев фақатгина ўзининг спиртли ичимлик истеъмол қилиши учунгина мардикорлик орқали пул топиб келган. Уй-рўзғори ва болалари ҳақида мутлақо қайғурмаган.
У 2002 йилда Жиноят кодексининг 164-моддаси (босқинчилик) 2-қисмининг “а” ва “б” бандлари билан 5 йил озодликдан маҳрум қилинган, 2016 йилда эса Жиноят кодексининг 270-моддаcи (тақиқланган экинларни етиштириш) 1-қисми билан 1 йилга ахлоқ тузатиш ишларига ҳукм қилинган.
«Охирги йилларда куёвимиз ҳатто мардикорлик ҳам қилмай қўйди. Бояқиш қизимнинг ўзи фарзандларини боқиб, уй-рўзғор тебратди, пул топиш учун эрининг қистови билан икки йил Россияда ишлаб келди. Соғлиғидан ажралиб қайтгач, қишлоғидаги тўйхонада хизматчи бўлиб ишлади. Идиш-товоқ ювиб, пол артиб, тирикчилик қилиб келди. Ўрталарида жуда кўп жанжал бўларди. Бир неча маротаба уриб, тан жароҳатлари ҳам етказди. Қизим шикоят қилганда, азбаройи, ўзбекчилик, «одамлар нима дейди», деган ўйда сабрга чақириб келдик. Эрининг хатти-ҳаракатларидан норози бўлиб, бирор маротаба бирор жойга мурожаат қилмаган», — деди марҳуманинг онаси судда.
Суд мажлисида марҳуманинг онаси куёви қизини қасддан ўлдирганини, унга қонуний жазо берилиши лозимлигини билдириб, кўрсатма берган. Айбдор қилмишига иқрор бўлиб, ҳар қандай жазога лойиқлигини билдирган.
Жиноят ишлари бўйича Вобкент туман суди ҳукмига кўра, айбланувчи Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 97-моддасининг (Қасддан одам ўлдириш. Айбланувчи ўн йилдан ўн беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади) 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли, деб топилган ва унга шу модда билан 13 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.