Тошкент шаҳридаги хусусий мактабларнинг бирида ўқитувчи ўқувчининг қўлини қайириб, қулоғидан тортди. Пойтахт ИИББ ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ўтказилаётганини маълум қилди. ХТВ матбуот котиби болаларни ҳеч қачон ва ҳеч қандай ҳолатда калтаклаш мумкин эмаслигини таъкидлади.
Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси матбуот хизмати ижтимоий тармоқларда тарқалган ўқув хонасида ўқитувчи томонидан ўқувчига куч ишлатилганлиги акс этган видео юзасидан муносабат билдирди.
Аниқланишича, 11 ноябрь куни Чилонзор туманида жойлашган хусусий мактаблардан бирида 5-синф ўқувчилари учун ўтилаётган дарс жараёнида ўқитувчи 1989 йилда туғилган А.Н. ўқувчиларга қўпол муомалада бўлган. Қўлини қайириб қулоғидан тортган.
Мазкур ҳолат юзасидан Чилонзор тумани ИИО ФМБ томонидан терговга қадар текширув ўтказилмоқда. Текширув якуни бўйича қонуний қарор қабул қилиниши таъминланади, дейилади хабарда.
«Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 21 февралдаги 80-сон қарори билан Нодавлат таълим соҳасида умумий лицензия талаблари ва шартлари тасдиқланган бўлиб, болаларни уриш ҳақорат қилиш ёки камситиш ушбу талабларни бузиш ҳисобланади. Таъкидлаш жоизки, Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси зўравонликнинг барча кўринишларини қоралайди», — деди «Газета.uz»га инспекция матбуот хизмати котиби Шавкат Хўжақулов.
Ҳолатга муносабат билдирган халқ таълими вазирлиги матбуот котиби Лайло Рустамова болаларни ҳеч қачон ва ҳеч қандай ҳолатда калтаклаш мумкин эмаслигини таъкидлади.
«Боланинг юзига тарсаки тортиш нафақат ўқитувчига балки ота-онага ҳам қатъиян тақиқланган хатти-ҳаракат! Бу йўл билан ҳеч қачон яхшиликка эришиб бўлмаслигини ҳам барчамиз яхши биламиз. Юзига тортилган тарсаки билан ҳеч бир боланинг ҳурматини қозонолмайсиз. Шу ўринда ота-оналардан ҳам ўқитувчи шаъни, қадр-қимматини ҳурмат қилишлари ва дарс жараёнларига аралашиб, педагогларни ҳақорат қилмасликлари сўралади», — деди вазирлик ходими.
Шунингдек, у «Умумий ўрта таълим муассасаларининг ички тартиб ва одоб-аҳлоқ қоидалари»га кўра, ўқитувчилар томонидан ўқувчиларни жазолаш мақсадида уларга нисбатан жисмоний куч ишлатиш ва руҳий тазйиқ ўтказишлари таъқиқланишини эслатиб ўтди.