Сўнги 7 кунда 2310 нафар бемор коронавирус билан касалланиб, карантинга олинди. Ихтисослашган шифохоналарда 539 нафар бемор қолмоқда. «Ҳозирда грипп ва ўткир респиратор инфекциялар коронавирус билан микс-инфекция касаллиги сифатида аниқланмоқда», — деди СЭС раҳбари ўринбосари Нурмат Отабеков.
Сўнги 7 кунликда коронавирус билан касалланиб, карантинга олинган беморлар сони 2310 нафарни ва карантиндан чиқарилганлар эса 1306 нафарни ташкил этди. Бу ҳақда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи ўринбосари Нурмат Отабеков АОКАда ўтказилган брифингда маълум қилди.
Қайд этилишича, 23 ноябрь ҳолатига коронавирус билан касалланганлар сони 245 665 нафарни ташкил этиб, улардан 243 234 нафари (99,1 фоиз) соғайган, 1637 нафари (0,6 фоиз) вафот этди. Сўнги 7 кунликда стационарга ётқизилган беморлар сони 482 нафарни, даволаниб чиққанлар сони 358 нафарни ташкил қилди.
«Сўнги 14 кунлик таҳлилда касалликнинг тарқалганлик даражаси 2,0 ни (ЖССТ экспертлари хулосасига кўра бу кўрсаткич 1,0 гача бўлса вазият барқарорлигини англатади) ташкил этмоқда. Ҳозирда COVID-19`ни даволашга ихтисослашган шифохоналарда 539 нафар беморлар қолмоқда, уй шароитида даволанаётганлар эса 187 нафар», — деди Нурмат Отабеков.