Шу кунларда юртимизда яна бир байрам руҳи кезмоқда. Наманган вилоят ҳамда туманлараро маъмурий судининг судья ва суд аппарати ходимлари ҳам Конституциямиз 30 йиллик байрамини кўтаринки кайфиятда қарши олмоқда.
Соҳа илғорларига “Ўзбекистон Конституциясининг 30 йиллиги” эсдалик нишонини топширишга бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
Тадбирда Наманган вилоят маъмурий судининг раиси Зарипахон Курбонова сўзга чиқиб, Конституция мамлакатимиз тараққиёти, жамиятнинг ривожи ҳамда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини, қонунийлик ва суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлашда алоҳида ўрин тутиши эътироф этилди.
Алоҳида таъкидланганидек, сўнгги йилларда демократик ҳуқуқий давлатнинг муҳим таркибий қисми бўлган суд-ҳуқуқ тизимини чуқур ислоҳ этиш ва инсон ҳуқуқларини таъминлаш давлат сиёсатининг устувор йўналиши сифатида белгиланиб, унинг қонунчилик асослари ҳам Конституциямиз тамойиллари ва қоидаларига мувофиқ ижтимоий адолат ва қонунийлик принципи, инсонпарварлик ғояларига таянган ҳолда тубдан такомиллаштирилди.
Президентимиз раҳбарлигида “Инсон қадри учун” тамойили асосида амалга оширилаётган давлат сиёсати ҳам Конституция ва халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган нормаларида мустаҳкамланган инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш, унинг ҳаёти, дахлсизлиги, қадр-қимматини ҳимоя қилишнинг самарали механизмларини шакллантиришга қаратилгани ҳам қайд этилди.
Шундан сўнг, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганига 30 йил тўлиши муносабати билан таъсис этилган эсдалик кўкрак нишонлари билан тақдирланган судья ва суд ходимларига эсдалик нишонлари тантанали равишда топширилди. Шунингдек, Наманган вилоят ҳамда туманлараро маъмурий судининг бир гуруҳ суд аппарати ходимлари фахрий ёрликлар билан тақдирланди.
Эслатиб ўтамиз, мазкур кўкрак нишони “Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги Президент Фармони асосида таъсис этилган.
Элёр Абдувохидов,
Наманган вилоят маъмурий суди архив мудири