Жорий йилнинг 2022 йил 20 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга ва Ўзбекистон ҳалқига мурожаатномаси бўлиб ўтди.
Мурожаатномада 2023 йилдаги олтита устивор йўналиш белгилаб ўтилган бўлиб, шундан учинчи устивор йўналиш сифатида инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш давлатнинг конституциявий мажбурияти сифатида белгиланиши лозимлиги қайд этилди.
Давлатимиз раҳбари қисқа вақт ичида ҳуқуқ-тарғибот идораларини янгича ишлашга ўргатадиган одил судловни сифатини оширадиган тизим яратилишини алоҳида таъкидлаб, бунда энг аввало фуқароларнинг судма-суд сарсон бўлишларига барҳам берилиши, вилоят судларининг одил судловни амалга ошириш борасидаги ваколатларини янада кенгайтирилишини таъкидлаб ўтди.
Шунингдек Президентимиз, терговни сифати пастлиги, суд қарорлари ижро этилмай қолаётгани, давлат ҳисобидан бепул таъминланадиган адвокатларни электрон танлаш тизими ишга тушмаганлигига эътибор қаратди.
Президентимиз тинтув ўтказиш, телефон сўзлашувини эшитиш ва мулкни хатлашга санкцияни прокурордан судга ўтказишни, тергов сифатини ошириш бўйича ҳам тизимли чоралар кўришни, тергов шахсни айблаш учун эмас, жиноятни фош этиш орқали ҳақиқатни аниқлаш учун ишлашини таъкидлади.
Бундан ташқари, Президентимиз маъмурий судлар фаолияти ҳақида ҳам тўхталиб, ҳоким қароридан норози бўлиб мурожаат қилинган тақдирда, ишларни экстерриториал тартибда, яъни бошқа ҳудудда ҳам кўриш амалиёти жорий қилиниши, мамлакатимизда мулк ва инвестициянинг ҳимоясини янада кучайтириш мақсадида “Халқаро тижорат суди”ни ташкил қилиш бўйича ҳам амалий ишлар бошланганини таъкидлаб ўтди.
Ўзбекистонда мулк ва инвестициянинг ҳимоячиси Конституция, қонун ва суд эканлиги яна бир бор эътироф этилди.
Бир сўз билан айтганда Президент мурожаатномасида белгилаб қўйилган суд-ҳуқуқ сохасида амалга оширилиши кутилаётган ислоҳотлар одамларнинг одил судловга бўлган ишончини янада оширишга хизмат қилади.
Фахриддин Мадрахимов,
Наманган вилоят маъмурий судининг судьяси