Ҳайдовчи аскарларнинг тўхташ ҳақидаги ишорасига бўйсунмасдан, улардан бирини уриб юборди.
Аввалроқ, ижтимоий тармоқларда номаълум шахс ҳарбий хизматчини автомашинада уриб юборганлиги ҳақидаги видеохабарлар тарқалди.
Фарғона вилояти прокуратурасининг хабар қилишича, И.М. Cobalt’ни бошқариб бориб, Тоштепа кўчасида жойлашган ҳарбий қисмга қарашли чегара қўриқлаш постига яқинлашган вақтида ушбу чегара постида хизмат олиб бораётган муддатли харбий хизматчи Д.Ў.нинг тўхташ ҳақидаги ишорасига бўйсунмасдан, ўтиб кетган.
Шундан сўнг, Д.Ў. дарҳол рация алоқа воситаси орқали ўзидан 200 метр узоқликда хизмат вазифасини олиб бораётган ҳарбий хизматчи оддий аскар А.Т. Cobalt автомашинаси унинг қонуний талабига бўйсунмасдан чегара постини бузиб ўтганлиги ҳақида хабар берган.
Оддий аскар А.Т. эса ушбу транспорт воситасини тўхтатиш учун унга тўхташ ишорасини берган вақтида, И.М. чегара постида ўз хизмат вазифасини бажараётган ҳокимият вакили ҳисобланган ҳарбий хизматчи А.Т.га қараб ҳаракатланиб бориб, машинанинг олд қисми билан уни қасддан уриб юбориб, ҳодиса жойидан қочиб яширинган.
Оддий аскар А.Т. олган тан жароҳатлари билан шифохонага ётқизилган.
Мазкур ҳолат бўйича И.М.га нисбатан ЖКнинг 219-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган ва унга нисбатан «қамоққа олиш» эҳтиёт чораси қўлланилган. Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.