Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномасини кенг жамоатчилик жуда катта қизиқиш ва хайрихоҳлик билан кутиб олди. Оммавий ахборот воситалари орқали кузатиб бораётганимиздек, ҳар куни давлат ва жамоат ташкилотларида, маърифат ва маънавият масканларида, ўқув юртларида, маҳаллаларда Мурожаатномада илгари сурилган муҳим ғоя ва ташаббуслар, ундан келиб чиқадиган вазифалар атрофлича муҳокама қилинмоқда. Аҳамиятлиси Мурожаатномада бугун ўз ечимини кутаётган долзарб муаммолар қаторида суд-ҳуқуқ тизимида одил судловни таъминлаш масалаларига ҳам эътибор қаратилди.
Фаолиятимдан келиб чиқиб айтадиган бўлсам, Мурожаатномада адвокатларни электрон танлаш тизимини тезроқ ишга тушириш зарурлиги таъкидланди. Боиси, мазкур масала бугунги кунда тизимдаги энг оғриқли нуқталардан биридир. Оддийроқ айтадиган бўлсам, ҳамманинг ҳам малакали юридик ёрдам олиш учун адвокат ёллашга молиявий жиҳатдан имконияти йўқ. Давлатимиз эса шундай тоифадаги шахсларга бепул юридик ёрдам беради. Лекин, амалиётда аксарият ҳолатларда, суриштирувчи ёки терговчи бепул юридик ёрдам олишга эҳтиёжи бор шахсларга ўзига маъқул бўлган ёки унга “халақит” бермайдиган адвокатларни жалб этади. Амалдаги тартибга кўра, давлат ҳисобидан адвокат жалб этишда инсон омили мавжуд эди. Бепул юридик ёрдам кўрсатадиган адвокатларни жалб этишнинг шаффоф механизми жорий этилмагани “чўнтак адвокатлари”, коррупциявий ҳолатлар ва бюджет маблағларининг мақсадсиз сарфланишига сабаб бўлаётгани жуда ачинарли. Айниқса, суд жараёнларида мана шундай инсонларнинг айбсиз айбдорга айланиб қолаётганини сезиб турсангиз-да, лекин барча далиллар унга қарши бўлиб турганлиги туфайли иш ё чўзилиб кетганидан ёки бегуноҳ инсон жабрланганидан гоҳида жуда қийналасиз.
Халқаро тажрибага таянадиган бўлсак, АҚШ, Буюк Британия, Франция, Германия ва бошқа давлатларда давлат ҳисобидан бепул юридик ёрдам кўрсатишда адвокатларни электрон тизим танлайди. Бу эса соҳада холислик ва шаффофликни таъминлаб беради. Юртимизда ҳам давлат ҳисобидан ҳуқуқий ёрдам кўрсатувчи адвокатни автоматик равишда танлаш бўйича махсус электрон тизимнинг ишга туширилиши билан юқорида тилга олинган салбий ҳолатларга чек қўйилади.
Бундан ташқари, кейинги йилдан одил судловни таъминлашда ҳимоячига берилган ҳуқуқлар ҳам қайта кўриб чиқилиб, етмайдиган ваколатлар берилади. Натижада судларга жиноят иши фақат айблов хулосаси билан эмас, балки ҳимоячининг фикри билан бирга қабул қилинади. Бугунги амалиётга кўра, тергов органи узундан-узоқ айблов хулосасини судга юборади. Суд эса жуда кам ҳолатларда айблов хулосаси билан келишмаслиги мумкин. Ёки нари борса, айблов ўша модданинг енгилроқ қисмига квалификация қилинади, холос.
Президентимиз шунингдек, одил судловни таъминлашда ҳимоячига берилган ҳуқуқлар ҳам қайта кўриб чиқилиб, етмайдиган ваколатлар берилиши, адвокатга жиноят иши қўзғатиш ва тугатиш ҳақидаги қарордан нусха берилиши лозимлиги ҳақидаги масалани ҳам кўтарди. Айтиш жоизки, бу борада ҳам жуда қийноқли муаммолар мавжуд. Хусусан, амалдаги тартибга кўра, судья аввалдан, терговчи ва прокурор томонидан тайёрланган иш материалларини ўқиб танишади ва судьяда суд мажлиси бошлангунга қадар иш бўйича айбловга мойил қарашлар шаклланади. Бу эса судьянинг холислигига таъсир қилади. Бундай шароитда тенглик ҳақида гапириб бўлмайди. Энди, судларга жиноят иши фақат айблов хулосаси билан эмас, балки ҳимоячи фикри билан бирга қабул қилиниши борасидаги талабнинг йўлга қўйилиши билан судьянинг холислиги таъминланади.
Тизимдаги ислоҳотлар, инсон омилининг камайтирилиши халқ манфаатларини таъминлаш, адолат ўрнатишда жуда муҳимдир.
Одилжон Турдиев,
Наманган вилоят маъмурий суди судьяси.