МУНОСАБАТ
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўлланган Мурожаатнома сермазмун фикр ҳамда мулоҳазаларга бой бўлди.
Мурожаатнома давомида Президент коррупция масаласига алоҳида тўхталиб ўтди ва «Халқимиз биздан коррупцияни йўқ қилишни кутмоқда», дея таъкидлади.
Дарҳақиқат, коррупция давлат тузумини ичидан емирадиган, ижтимоий барқарорлик кушандасидир. Бунда коррупция ва бюрократиянинг ҳар қандай кўриниши, маҳаллийчилик ва гуруҳбозлик иллатларига қарши кескин курашиш зарур.
Албатта, бугун биронта соҳада коррупция йўқ, деб айта олмаймиз. Баъзи вазирлик ва идоралар «бизда коррупция йўқ, унга барҳам бердик» дейишади. Аслида бундай эмас. Афсуски, оддий фуқародан сўрасангиз, «коррупция йўқ жойнинг ўзи кам», дейди.
Таъкидлаш жоизки, коррупцияга қарши курашишнинг энг асосий йўли давлат органлари фаолияти ва иш жараёнлари шаффофлигини ошириш, ишга қабул қилиш, давлат харидлари, рухсатнома ва лицензиялар бериш каби жараёнларда очиқ-ошкораликни таъминлашдир. Албатта, буларни амалга ошириш осон бўлмайди. Лекин ўтган олти йил давомида бу борада катта тажриба тўпланди. Ушбу иллатга барҳам беришда энг самарали восита иллатнинг ўзи билан эмас, балки сабаби билан курашиш эканини кўрсатди.
Коррупциянинг олдини олишда комплекс ёндашув зарур, сабаби, бусиз ушбу иллатни енгиб бўлмайди. Дуч келган битта соҳани танлаб, курашадиган бўлсак, коррупция занжирини асло узиб бўлмайди.
Шу боис, Мурожаатномада давлатимиз раҳбари Парламент аъзолари ва маҳаллий Кенгашлар депутатларини ҳам бонг уриб, аниқ соҳаларни таҳлил қилиб, коррупцияни бартараф этиш бўйича фаол бўлишга чақирди, бунинг учун уларда етарли ваколат ҳам, шижоат ҳам борлигини таъкидлади.
Шунингдек, Президент томонидан сунъий монополия, ёпиқ схемалар, умуман, коррупцияга имкон берувчи барча бўшлиқларга барҳам берилиши лозимлиги эътироф этилди. Сабаби, ушбу иллатлар жамиятда адолатсизлик, тенгсизлик ва аҳолининг норозилигига сабаб бўлмоқда. Бу, ўз навбатида ислоҳотларнинг натижасига салбий таъсир кўрсатади.
Умуман олганда, фуқароларимизда ушбу иллатга қарши курашишда ҳуқуқий онг ҳамда ҳуқуқий маданиятнинг етарли даражада эмаслиги жамиятда адолат мезонининг бузилишини кўпайтиради. Шунингдек, «Жамиятда порахўрлик иллатини енгиб бўлмайди», деган фикрни ёшлар онгида шаклланиб қолгани катта камчилигимиздир.
Бу борада силжиш қилинмаса, ушбу иллат ортимиздан соядек эргашиб юраверади. Токи, оила, боғча, мактабда ўғил-қизларимиз онгига тамагирлик, порахўрлик ёмон иллатгина эмас, балки у жамият таназзули эканлиги ҳақида кўпроқ тарбиявий ва тарғибот ишларини олиб бормас эканмиз, мақсадга эриша олишимиз қийин кечади.
Шунингдек, коррупцияга қарши курашишда аҳолининг барча қатламлари, мутахассисларни жалб қилиб, жамиятимизнинг барча аъзолари «ҳалоллик вакцинаси» билан эмланмас экан, ўз олдимизга қўйган юксак марраларга эриша олмаймиз. Хулоса қилиб айтганда, Мурожаатномада таъкидлаб ўтилган коррупциядек иллатга барҳам беришга қарши кураш мамлакатимизнинг яқин ва узоқ йиллар учун белгилаб олинган Тараққиёт стратегиясини тўлиқ амалга оширишга хизмат қилади.
Сойибжон Рахимов,
Наманган туманлараро маъмурий судининг судьяси