Президент Шавкат Мирзиёев 8 февраль куни Тошкент метрополитенидаги бунёдкорлик ишлари билан танишди. Инсон учун ўз меҳнатлари самарасини кўриш, одамларга қувонч улашиш – катта бахт. Мамлакатимизда халқнинг мушкулини осон, узоғини яқин қилишга қаратилган бундай хайрли ишлар жуда кўп.
Биргина транспорт соҳасини олганда, сўнгги йилларда улкан лойиҳалар амалга оширилди. 2020 йил августда Тошкент ерусти метросининг биринчи босқичи ишга туширилган эди. Ўша йил декабрда Сергели йўналиши очилди. Бугунги кундаги йўловчилар оқимидан билиш мумкинки, бу лойиҳалар ўзини тўла оқлади.
Бу ишлар изчил давом эттирилиб, мазкур икки йўналишни боғловчи Қўйлиқдан Сергелигача бўлган метрополитен барпо этилмоқда. Қарийб 12 километрлик бу қисмда 7 та бекат бўлади. Айни кунларда унинг Қурувчилар даҳасигача борган 5 та бекати қуриб битказилди.
Давлатимиз раҳбари ушбу транспорт иншоотини бориб кўрди. Нуронийлар ва фаоллар билан суҳбатда лойиҳанинг аҳамияти ҳақида сўз борди.
— Охирги йилларда бу борада ҳам тажриба тўпладик. Қўйлиқ йўналишида 7 та, Сергелида 5 бекатли ерусти метролари қурилди. Олдин Тошкент метрополитенидан 240 минг йўловчи фойдаланган бўлса, бугунги кунда 600 мингдан ошди. Режамиз — 1 миллион йўловчи. Агар ўз вақтида буни бошламаганимизда, шаҳар транспортида коллапс бўлиши мумкин эди. Энди муқобил энергетикани ҳам ўрганмасак бўлмайди, — деди Шавкат Мирзиёев.
Президентимиз жамоатчилик вакиллари билан бирга метрода юрди.