Республикамизда давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш учун адвокат фақат жиноят ишлари бўйича суриштирувчи, терговчи, прокурор ёки суд томонидан жалб этилар эди. Ўзбекистон Республикасининг 2023 йил 16 июнда қабул қилиниб, расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач кучга кирган «Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисида»ги Қонунига биноан, энди фуқаролик ва маъмурий ишлар бўйича ҳам бепул адвокатлар қатнашиши жорий этилди.

Мазкур Қонуннинг 9-моддасига кўра, эндиликда фуқаролик ишлари бўйича даъвогар ёки жавобгар, маъмурий ишлар бўйича аризачи бўлган жисмоний шахслар давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш ҳуқуқига эга эканлиги белгиланди. Қонуннинг 11-моддасида эса фуқаролик ва маъмурий ишлар бўйича давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиладиган ишлар тоифаси қайд этилди.

Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатадиган адвокатларни электрон, яъни инсон омилисиз «Юридик ёрдам» ахборот тизими орқали тасодифий танлаш имконияти яратилган. 

Мазкур тизимда давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатган адвокатлар ҳақидаги маълумотлар очиқ ва шаффоф ҳолда эълон қилинади.

Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш ҳақидаги сўров ваколатли органлар (мансабдор шахслар) томонидан «Юридик ёрдам» ахборот тизими орқали, шу жумладан фуқаролик ишлари бўйича даъвогар ёки жавобгарнинг илтимоси асосида суд томонидан юборилади. Сўровни юборишда ваколатли орган (мансабдор шахс) ўша жисмоний шахснинг «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизимида ҳисобда турганлигини текширади. Агар давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиладиган жисмоний шахс «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизимида ҳисобда турмаган бўлса, давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш ҳақидаги сўров «Юридик ёрдам» ахборот тизимида рўйхатга олинмайди.

Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги ариза ёки сўров юқоридаги қонун талабларига мувофиқ бўлмаса, жисмоний шахснинг вакили тегишли ҳужжатларни тақдим этмай ариза берса, психиатрия ёрдами кўрсатувчи тиббиёт муассасасининг маълумотномаси, ёинки хотин-қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқлилиги бузилганлиги билан боғлиқ иш судда кўриб чиқиллаётганлиги тўғрисидаги маълумотномалар мавжуд бўлмаса, жисмоний шахс (унинг вакили) ўз ҳужжатларида ёлғон ёхуд нотўғри ахборот тақдим этган бўлса, жисмоний шахсга илгари айнан шу фуқаролик ёки маъмурий иш бўйича ҳамда айни ўша предмет ва асослар бўйича давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатилган бўлса (бундан янги очилган ҳолатлар бўйича қонуний кучга кирган суд ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш ҳоллари мустасно), давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш рад этилади.

Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш рад этилган тақдирда, махсус ваколатли давлат органи жисмоний шахсни ёки сўров юборган ваколатли органни (мансабдор шахсни) рад этиш сабабларини кўрсатган ҳолда хабардор қилади. Бунинг учун юқори турувчи органга ёки судга шикоят қилиниши мумкин.

Қонунга кўра, давлат ҳисобидан юридик ёрдамни молиялаштириш давлат бюджети ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади. Агар фуқаролик ишлари бўйича суднинг ҳал қилув қарори давлат ҳисобидан юридик ёрдам олган жисмоний шахснинг фойдасига қабул қилинса, суд иккинчи тарафдан адвокат хизмати харажатларини белгиланган миқдорда давлат бюджети фойдасига ундириб олади (бундан иккала тараф ушбу Қонунга мувофиқ давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш ҳуқуқига эга бўлган шахслар деб эътироф этилган ҳоллар мустасно).

Бордию, жисмоний шахс ўзининг давлат ҳисобидан юридик ёрдам олувчи тоифалардан бирига киритилиши учун ёлғон ёки чалғитувчи маълумотлар тақдим этганлиги факти аниқланган тақдирда, барча харажатлар унинг ҳисобидан қопланади. Бир сўз билан айтганда, бепул юридик ёрдам кўрсатиш имкониятларини кенгайтирилиши ва шаффофлаштирилиши одил судловга эришиш даражасини оширишга хизмат қилади.

Дониёржон Мадаминов,

Наманган вилоят маъмурий суди судьяси

Хусанбой Нематжонов,

судья катта ёрдамчиси

от Admin