Замондош шоир ва ёзувчилар, адабиёт дарғалари республикамиз бўйлаб “Маърифат улашиб” дастури доирасида барча олий ва умумтаълим даргоҳларида ёшлар билан учрашмоқдалар. Маърифат карвони Наманган муҳандислик-технология институтига етиб келди. Институт раҳбарияти, профессор ўқитувчилар ва талабалар Нурбой Жабборов, Ахтамқул Каримов ҳамда Наби Жалолиддин каби адабиётимиз дарғаларини кўтаринкилик билан кутиб олишди.
Ректор Одилжон Маматкаримов ижодкорларни кун давомида режалаштирилган мазмунли учрашувлар, тадбирлар дастури билан яқиндан таништирди. Шундан сўнг меҳмонлар институт фаолиайти, талабалар учун яратилган шароитларни кўздан кечирдилар. Талабалар турар жойида яратилган шароитлар, хусусан, замонавий компютер хоналари, чеварчилик ва арт дизайн тўгараклари ижодкорларда илиқ таассурот қолдирди. Шундан сўнг меҳмонлар институт ҳудудидаги “Адиблар хиёбонида” бўлишди.
Табиат қўйнида ўтказилган ижодкорлар ва ёшлар учрашуви адабиёт ихлосмандларига манзур бўлди.
Анъана ва қадриятларимиз, миллийлигимизга хос бўлган либосларда мушоира даврасига жам бўлган талабалар меҳмонларнинг ижодига янада илҳом бағишлади. Шоир ва ёзувчилар Ватанни, наманганлик тарихий адабиёт вакилларини мадҳ этувчи шеърлар, ғазаллар ўқидилар. Шу ўринда иқтидорли талабалар ҳам ўзлари қоралаган шеърларни тақдим этдилар. Ижодий учрашув, бадиий кеча ёшларга манзур бўлди.
Ерга ниҳол – кўчат экиш халқимизда узоқ йиллар давомида инсонларга эзгулик улашиш каби фазилатлардан далолат беради. Ташриф чоғида меҳмонлар институтда ташкил этилган «Адиблар боғи»га янги ниҳол экиб, институт учун кўп йиллар хизмат қила оладиган эсдалик қолдирди.
Институт ректори ҳамда устоз ва мураббийлар уларга ҳамроҳлик қилдилар. “Адиблар боғи” яна бир нечта мевали ва манзаларали кўчатлар билан бойиди. Ушбу кўчатларга ижодкорларнинг номлари берилди.
Шундан сўнг меҳмонлар институт 3-биносида ташкил этилган “Китобхонлик ҳафталиги” тадбирида иштирок этдилар. Маърифат кўргазмасида бадиий адабиётлар, илмий қўлланмаларнинг кўплиги меҳмонларнинг диққат эътиборида бўлди.
“Маърифат улашиб” дастури доирасида инситут фаоллар залида ижодкорлар билан учрашув ташкил этилди. Тадбирни институт ректори Одилжон Маматкаримов очиб берди. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолари Нурбой Жабборов, Ахтамқул Каримов ҳамда Наби Жалолиддин сўзга чиқиб, талабаларга ўз ҳаёт ва ижод йўллари ҳақида ҳикоя қилди, шеърларидан намуналар ўқиди. Шунингдек, тарихимизда ўчмас из қолдирган шеърият дарғалари ҳаёти ва ижоди, юртимизда уларнинг номини абадийлаштириш мақсадида олиб борилаётган ислоҳотлар хақида сўз юритдилар. Тадбир давомида ижодкорлар томонидан талабаларга китоблар улашилди. Интерактив тарзда ўтказилган савол-жавоблар талабаларга манзур бўлди. Учрашув давомида ижодкорларнинг шеърларига басталанган қўшиқлар янгради, уларга эсдалик совғалари топширилди.
Маърифат куни Косонсой тумани Қўқунбой маҳалласи 53-мактабда давом этди. Ушбу масканнинг меҳмони шоир Нурбой Жабборов бўлди. Мактаб жамоаси ва ўқувчилар меҳмонларни кўргазмали чиқишлар билан, кўтаринки кайфиятда кутиб олдилар. Бадиий кечани Наманган муҳандислик-технология институти ректори Одилжон Маматкаримов очиб берди. Маҳалла ва мактаб жамоаси билан ўтказилган учрашувда турли бадиий чиқишлар, шеърхонлик, ҳамда шоир билан дўстона савол-жавоб тарзида ташкил этилди. Атоқли шоир Нурбой Жабборов ёшларга ўз муаллифлигида чоп этилган “Маърифат надир”, “Адабиёт ва миллий маънавият” китоблари ҳақида сўзлаб, ўз ижод наъмуналаридан парчалар ўқиб берди. ъз ўрнида ижодкор ёшлар ҳам Навоий ғазалларидан наъмуналар ўқиб эшиттирдилар. Кўтаринки руҳда ўтган тадбир якунида ўқувчиларнинг саволларига ижодкор Нурбой Жабборов батафсил жавоб берди.
Наманган муҳандислик-технология институти вакиллари ҳамда шоир ва ёзувчи Наби Жалолиддин Наманган шаҳридаги 50-мактабда ҳам бўлдилар. Маҳалла ва мактаб жамоаси билан ўтказилган учрашувда турли бадиий чиқишлар, шеърхонлик, ҳамда шоир билан дўстона савол-жавоб тарзида ташкил этилди. Мактаб ўқувчилари томонидан тайёрланган мусиқали чиқишлар тадбир иштирокчиларига манзур бўлди. Шоир Наби Жалолиддин ёшларга ўз муаллифлигида чоп этилган китоблар ҳақида сўзлаб, ижод наъмуналаридан парчалар ўқиб берди.
“Маърифат улашиб” карвони сарбонлари — ўзларининг дунёқараши, босиб ўтган ҳаёт йўли, эришган ютуқлари ва чуқур маънога эга бўлган ижод наъмуналари билан Наманган муҳандислик-технология институти ёшлари қалбида ўчмас из қолдира олди. Институтда бу каби тадбирлар давом этмоқда.