Ўзбекистон Республикаси Конституциясида ҳар кимнинг ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органларининг ҳамда бошқа ташкилотларнинг, улар мансабдор шахсларининг қонунга хилоф қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланган.

Мазкур конституцион ҳуқуқларнинг амалда таъминланиши учун аввало, маъмурий судларга мурожаат қилиш имкониятларини янада кенгайтириш, шунингдек давлат органларининг ҳамда бошқа ташкилотларнинг, улар мансабдор шахсларининг қонунга хилоф қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан шикоят қилиш тартиб-таомилларини соддалаштириш лозим бўлади.

Бу борада амалга оширилаётган ишларга яна бир мисол сифатида Ўзбекистон Республикасининг 2024 йил 16 январдаги Қонуни билан “Давлат божи тўғрисида”ги Қонунга киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларни кўрсатиш мумкин.

Мазкур Қонунга мувофиқ, жисмоний шахслар — ўз ҳуқуқларини ва қонуний манфаатларини бузаётган маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг, республика ижро этувчи ҳокимият органларининг, маъмурий-ҳуқуқий фаолиятни амалга оширишга ваколатли бўлган бошқа органларнинг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг, улар мансабдор шахсларининг қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан судга мурожаат қилганда давлат божини олдиндан тўлашдан озод қилиндилар ва мазкур ариза бўйича базавий ҳисоблаш миқдорининг 70 фоизи миқдоридаги давлат божи ишни кўриб чиқиш натижалари бўйича айбдор тарафдан ундирилиши белгиланди. Албатта, мазкур Қонун фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари суд тартибида ҳимоя қилинишини таъминлашга, уларнинг одил судловдан фойдаланиш ҳамда давлат органларининг ва бошқа ташкилотларнинг, улар мансабдор шахсларининг қонунга хилоф қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан маъмурий судларга мурожаат қилиш имкониятини кенгайтиришга хизмат қилади.

А.Дадабаев ва О.Турдиев,

Наманган вилоят маъмурий судининг судьялари

от Admin