Ҳар бир соҳанинг етук мутахассислари, фидойилари бўлади. Уларнинг йиллар давомидаги фаолияти ва тўплаган тажрибаси ёш касбдошлари учун ҳам ўрнак, ҳам намуна мактабидир. Наманган вилояти суд идоралари тизимида ҳам ана шундай суд фахрийлари, Устозлар кўпчиликни ташкил этади.
Суд-ҳуқуқ соҳаси фахрийларига ҳурмат-эҳтиром кўрсатиб, уларнинг тажрибасини ёш судьяларга етказиш мақсадида Наманган вилоят маъмурий суди томонидан ўтказилган учрашув уч авлод вакилларини бир жойда бирлаштирди.
Тадбирда вилоятдаги суд идораларида кўп йиллар фаолият олиб бориб, бугунги кунда кексалик гаштини сураётган Ғозихон Яҳёхўжаев иштирок этиб, ўз тажрибалари, меҳнат фаолиятидаги эсда қоларли ва ибратли воқеаларни сўзлаб берди. Шу билан бирга судьяликнинг масъулияти, ўзига яраша машаққатларига тўхталиб ўтди. Ҳар бир соҳада ҳам самарали фаолият олиб бориш ҳалоллик, фидойилик, доимий малака ошириш ва одоб-ахлоқ сингари мезонлар билан узвий боғлиқ эканлигини таъкидланди.
Тадбирда шунингдек, мамлакатимизда судлар фаолияти учун яратилаётган шароитлар, судьяларнинг мустақиллигини таъминлаш борасида қилинган ишлар ва тизимдаги бошқа ислоҳотлар ҳақида сўз юритилди.
Уч авлод учрашувида ёш судья ва судьяликка номзод кадрларга соҳанинг ана шундай устозлар амалиётидан ўрин олган ўгитлари тушунтирилди.
Тадбир якунида суд-ҳуқуқ тизими фахрийсига вилоят маъмурий суди томонидан махсус эсдалик совғаси топширилди.
Қодиржон Тажиматов,
Наманган вилоят маъмурий суди судьяси