Ўзбекистон Республикаси Конституцияси янги таҳрирда қабул қилиниб, конституциявий қонун 2023 йилнинг 1 май санасидан кучга кирди. Айтиш жоизки, янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг қабул қилиниши халқимизнинг фаровонлигини янада ошириш, инсон ҳуқуқлари ва манфаатларини сўзсиз таъминлаш имконини беради. Айниқса, янгиланган бош Қомусимизда ўқитувчи-педагогларга алоҳида эътибор қаратилгани, уларнинг ҳуқуқлари тўла-тўкис кафолатлангани таълим соҳасига қаратилаётган эътиборнинг ёрқин ифодасидир.
Хусусан, Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясига жамиятимизда ўқитувчининг мақоми ва ўрнини белгиловчи алоҳида моддалар киритилгани соҳа эгаларининг вазифаси нақадар масъулиятли ва эртанги келажак учун муҳим эканидан дарак беради.
Янгиланган бош Қомусимизнинг 52-моддасига кўра, Ўзбекистон Республикасида ўқитувчининг меҳнати жамият ва давлатни ривожлантириш, соғлом, баркамол авлодни шакллантириш ҳамда тарбиялаш, халқнинг маънавий ва маданий салоҳиятини сақлаш ҳамда бойитишнинг асоси сифатида эътироф этилади.
Давлат ўқитувчиларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий ва моддий фаровонлиги, касбий жиҳатдан ўсиши тўғрисида ғамхўрлик қилади.
Дарҳақиқат, мазкур норма жамиятда ўқитувчининг обрў-эътиборини белгилаш билан бирга, унинг шаъни, қадр-қиммати давлат ҳимоясида эканлигини англатади. Бу шундан дарак берадики, эндиликда ўқитувчилар аввалги дарвлардагидек, мажбурий меҳнатга жалб қилинмайди. Уларни камситиш, таҳқирлашга йўл қўйилмайди. Уларнинг фаолиятига ҳар қандай аралашишлар қонун билан таъқиқланади.
Буларнинг барчаси Янги Ўзбекистонда ўқитувчи-педагогларга кўрсатилаётган эътибор ва эҳтиромнинг амалий тасдиғидир.
Дилноза Мўминова,
Наманган туманидаги 22-ДИУМ ўқитувчиси