Республика Маънавият ва маърифат маркази фаоллари ва бир гуруҳ маърифат тарғиботчилари томонидан Ўзбекистон халқига Мурожаат йўлланган эди. Унда халқимиз маънавиятини янада юксалтириш, давлатимиз томонидан маънавий қадрият ва анъаналаримизга берилаётган эътиборни кенг жамоатчиликка етказиш, ёш авлодни миллий руҳда тарбиялаш ҳақида сўз юритилган. Жойларда ушбу Мурожаатни халқимизга етказиш бўйича учрашувлар ташкил этилмоқда.
Бугун Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги Наманган вилоят бошқармаси ҳамда Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими билан ҳамкорликда «Миллий қадрият ва анъаналаримизни ОАВда кенг тарғиб этиш» мавзусида ўқув-семинари бўлиб ўтди. Унда вилоятимизда фаолият юритаётган матбуот котиблари ва ОАВ вакиллари иштирок этди.
Ўқув-семинарини Наманган вилоят Ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси бошлиғи Алибек Эргашев очди ва олиб борди. Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими раҳбари Мусахон Аппақов, бўлим етакчиси Собитхон Мелибоевлар томонидан Мурожаатноманинг асл моҳияти, бугунги кунда миллий қадриятларимизнинг кучи, халқимиз онги ва қалбига ёт ғояларни сингдиришга бўлаётган кураш, ёшларга миллий ғоя асосида таълим-тарбия бериш ва бунда ОАВнинг кучидан фойдаланиш мавзусида фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.
«Орзу ва ҳаёт» ижтимоий лойиҳаси раҳбари ҳамда Норин-Сирдарё Ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси Ахборот хизмати раҳбари Илҳомжон Қосимов, вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси матбуот котиби Саидолим Абдурахмонов, Косонсой туман ҳокимлиги Ахборот хизмати раҳбари Рустамхон Темировлар Мурожаат ўз вақтида йўллангани ҳақида тўхтаталиб, ўқув-семинар доирасидаги таклифларини билдирдилар.
Муҳими, ОАВ бирликда, жипсликда халқимиз маънавий қадрият ва анъаналарини тиклашда фаолият юритиши лозимлиги алоҳида таъкидланди.
Наманган вилоят Ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси