Биламизки, ҳар бир давлат пайдо бўлиши билан бирга ўзининг суд-ҳуқуқ тизимини ҳам биргаликда шакллантириб боради. Шундай экан бизнинг давлатчилигимиздаги суд-ҳуқуқ тизими ҳам жуда қадимдан ривожланиб, такомиллашиб бормоқда. Бизнинг Ўзбекистон Республикамиз мустақилликка эришганига унча кўп бўлмаган бўлса-да, Ўзбекистон ҳудудидаги судлар узоқ тарихга эга десак бўлади. 2024 йилда Ўзбекистонда суд ташкил этилганига 100 йил тўлади. Албатта, бу ўтган 100 йил ичида бу соҳанинг ривожига жуда кўплаб шахслар ўз ҳиссаларини қўшган. Судларнинг 100 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Олий Суд раисининг тегишли фармойиши қабул қилиниб, бу 100 йиллик юбилейни тантанали равишда нишонлаш мақсадида бир қатор ишлар олиб борилмоқда.
Тарихга назар соладиган бўлсак, қадим Мовароуннаҳр заминидан етишиб чиққан Нажмиддин Абу Ҳафс Умар ибн Муҳаммад Насафий (461-537) ҳанафий мазҳабининг йирик намояндаларидан бири, фиқҳ, усулул-фиқҳ, тафсир, ҳадис, калом, араб тили ва адабиёти бўйича салоҳиятли ва иқтидорли олим бўлган. У фиқҳ илмини машҳур ҳанафий фақиҳ ҳисобланган Абул-Юср Муҳаммад ибн Муҳаммад Паздавийдан олган. Ўғли Абул-Лайс Аҳмад Насафийни фақиҳ даражасига етказиб тарбиялаган.
Шу ўринда бир қизиқарли маълумотни келтириб ўтсам. Ҳозирги кунда судьяликка тайинланиш учун бир қатор талаблар мавжуд, худди шундай Бухоро амирлигида ҳам қозиликка бир неча талаблар мавжуд бўлган. Унга кўра, мусулмон еркак киши бўлмоқлиги; эркин, вояга етган, оилали, жисмоний камчилиги бўлмаган; фиқҳ илмини мукаммал биладиган, ҳаётий тажрибага эга бўлган, бадном фуқаро бўлмаслиги шарт бўлган. Машҳур аллома Садриддин Айнийнинг фикрига кўра, бундай талабларга фақатгина Бухоро мадрасаларида 19 йил давомида билим олган талабаларгина жавоб беришлари мумкин бўлган.
Халқимизнинг қадимий китобларидан бири “Авесто” китобидаги маълумотларга кўра, қадимда судьялар тайинлаш тартибида эмас, балки оқсоқоллар кенгаши томонидан сайланиш орқали бу вазифани амалга оширган. Демак, бугунги кундаги давлатимиздаги судьяларни сайлаш тартиби тарихий миллий тажрибага асосланганлигини кўрсатади. Бундан келиб чиқадики, ўша даврларда ҳам судьялар турли хил таъсирлардан мустақил бўлганлиги ҳақида хулоса қилиш мумкин.
“Қози” тушунчаси, дастлаб, Муҳаммад (с.а.в) даврида муомалага киритилган ва кенг қўлланила бошлаган категория ҳисобланади. Атамашунослик нуқтаи назаридан “қози” ва “судья” сўзлари ўзаро чамбарчас боғлиқ синоним тушунчалар сирасига киради. Шунинг учун, кўплаб ҳуқуқшунос ва тарихчи олимлар “қози” тушунчасини турлича талқин этганлар. Қомусий манбаларда эса, “Қози – мусулмон давлатларида ҳукмдор томонидан тайинланиб, шариат асосида суд вазифаларини бажарувчи, судья, шаръий маҳкама раиси”, деб қайд этилган.
Ўрта Осиё ҳукмронликлари даврида қозилар ҳозирги суд, прокурор, нотариус вазифасини бажарганлар, яъни фиқҳ асосида фуқаролик ишлари, жиноий ишларни кўриб чиққанлар, ҳар қандай битим, шартнома, васиятномаларни тасдиқлаганлар.
Тарихимизда муҳим ўрин тутадиган қозилар кўплаб учрайди. Масалан, Туркистон жадидларининг йўлбошчиси, ўзбек миллий театрининг асосчиси, маърифатпарвар Махмудхўжа Беҳбудий дастлаб Самарқанд шаҳри қозиси бўлган.
Юртимизда судлар ташкил этилганлигининг 100 йиллигига атаб мамлакатимизда яшаб ўтган бу соҳага ўз ҳиссасини қўшган алломаларимизнинг ҳаёт йўлларини ўрганилиши натижасида судларимизнинг тарихи турли хил манбалар билан бойишига хизмат қилади.
Озодбек Зиявитдинов,
Наманган туманлараро маъмурий суди раиси
Бибихон Акбарова,
Наманган туманлараро маъмурий суди судьяси