Ўзбекистонда мавжуд соҳалар, шу жумладан суд тизими ўзбек давлатчилиги каби узоқ йиллик тарихга эга. Ўзбекистон ҳудудида ҳукм сурган ҳар бир давлат ўзига хос суд тизими ва қонун-қоидаларига эга бўлган. Соҳибқирон Амир Темур даврида тузилган “Темур тузуклари”да шундай дейилган: Лашкар учун махсус қози ва раият учун алоҳида қози тайинладим. Турли мамлакатлардаги садрлар ва қозиларга шариатнинг асосий талаблари қандай бажарилаётганлиги хусусида менга хабар бериб туришларини буюрдим”. Бундан кўринадики, ҳозирги кунда мавжуд замонавий суд тизимининг асосий механизмлари давлатчилигимизнинг қадим тарихида мавжуд бўлган ва асрлар давомида яшаб келган.
Шу билан бирга ўзбек давлатчилиги асрлар давомида ўзи хос судьяларига эга бўлганлиги ҳеч кимга сир эмас. Хусусан, Наманган вилоятида ҳам қозилар адолат пешволари сифатида фаолият юритган.
Ана шундай судья, яъни қозилардан бири Носирхон Тўра Саид Камолхон тўра ўғли ҳисобланади. У 1873 йилда Қўқон хонлигининг йирик маданий марказларидан бири бўлган Наманган яқинидаги Косон қишлоғида мударрис оиласида туғилган. Дастлаб Наманган ва Бухоро шаҳарларида, кейинчалик Кобул, Деҳли, Боғдод ва Хижоз шаҳарларида таҳсил олган. 1912 йилда Наманган шаҳрига қози этиб тайинланган ва Мавлавий ва Мулла Қирғиз мадрасаларида мударрислик қилган. Фаолияти давомида одил қози сифатида эл ичида обрў-эътибор қозонган.
Юқорида айтиб ўтилган номларни жуда кўплаб давом эттириш мумкин ва улар томонидан амалга оширилган эзгу ишлар ҳозирги кунда ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган. Уларнинг фаолияти мустақил Ўзбекистон Республикаси суд тизими ривожлантириш учун ҳам беқиёс манба бўлиб хизмат қилишда давом этаверади
Ўзбекистон ССР 1924 йилда ташкил этилиши билан Ўзбекистон ҳудудида анъанавий суд тизимидан замонавий суд тизимига ўтилган. Шунга кўра, келгуси йили Ўзбекистон судлари ташкил этилганига 100 йил тўлади. Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Олий суд раисининг тегишли фармойиши қабул қилиниб, Ўзбекистон суд тизимининг ўзи хос юбилейини нишонлаш, Ўзбекистон суд тизими ривожига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшган шахсларнинг фаолиятини ўрганиш ва оммалаштириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Зарипахон Курбонова,
Наманган вилоят маъмурий
суди раиси