Сўнги йилларда мамалакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислохатлар, юз бераётган ўзгаришлар миллий ривожланишимизнинг ёрқин келажагига мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилмоқда. Ҳаётимизнинг барча жабҳаларида ҳалқ манфаатини ҳамма нарсадан устун қўйиш ва инсон қадрини юксалтиришга қаратилган саъй-ҳаракатларнинг тизимли равишда олиб борилаётгани ва энг асосийси, мазкур масалаларга давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилаётгани судьяларни кўпроқ ғайрат ва шижоат билан меҳнат қилишга ундайди.
Янги Ўзбекистон бунёд этилаётган, Учиничи Ренессанс пойдевори мустаҳкамланаётган янги давр судьялардан нафақат қонунни ва уни қўллашни яхши билиш, балки юксак маънавиятга эга инсон бўлишни ҳам талаб этади. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев сўзлари билан айтганда, “Судьянинг онгида – адолат, тилида – ҳақиқат, дилида – поклик устувор бўлиши лозим”. Зеро, маънавиятли инсонгина масъулятни чуқур ҳис этади. Судья иш юзасидан ҳукм ёки қарор чиқарар экан, қабул қилаятган суд хужжати инсон тақдири билан боғлиқ эканлигини доимо ёдда тутиб, ўз ишига масъулиятни чуқур ҳис этган ҳолда ёндашсагина, ўша жойда қонунийлик таъминланади, ҳақикат қарор топади.
Зотан, одил судловнинг бош мақсади – инсонпарварликдир. Инсонпарварликнинг замирида юксак маданият мужассам. Судьялар – юксак маданятли инсонлар сифатида – ўз қасамёдига ҳамиша содиқ қолиши, виждонан иш тутиши, сабр-тоқатли ва мустаҳкам ирода эгаси бўлиши даркор. Халқ ва ватанга садоқатини, ўзининг фидоийлигини ўзгаларга муносабатида намоён этиши зарур.
Судья нафақат муайян суд ишини ҳал қилиш ваколатига эга бўлган мутлақ ҳуқуқли процессуал шахс, балки у, аввало, жамиятдаги энг обрўли инсон, юксак инсоний фазилатлар соҳиби сифатида гавдаланганидагина жамоатчиликда унга ва у орқали одил-судловга ишонч шаклланади. Шундан келиб чиқиб, судьялик маданиятини судьянинг касбий маҳорати билан ахлоқий сифатларининг ўзаро уйғунлашуви деб баҳолаш мумкин. Судьялик касб, лавозимгина бўлмай, у, энг аввало, инсонийликдир. Дарҳақиқат, судья инсонларнинг инсони бўлмоғи керак.
Шойрахон Ахмеджанова,
Наманган туманлараро маъмурий суди судьяси