Коррупцияга қарши курашиш Ўзбекистонда давлат сиёсатининг энг устувор йўналишига айланиб улгурди. Буни сўнгги йилларда соҳага оид қабул қилинган концептуал аҳамиятга эга норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, коррупцияни олдини олишга қаратилган маъмурий ислоҳотлар мисолида ҳам кўриш мумкин.
Энг аввало, шуни таъкидлаш ўтиш жоизки, коррупцияга қарши курашнинг сифат ва сон жиҳатдан мутлақо янги даражага кўтарилиши Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг сиёсий иродаси маҳсулидир. Жумладан, давлат раҳбарининг жамиятни «ҳалоллик вакцинаси билан эмлаш» зарурияти ҳақидаги фикрлари бу борадаги ишларга қўйилган тамал тоши десак, асло муболаға бўлмайди. Соҳада норматив-ҳуқуқий базани тизимли равишда такомиллаштириб бориш чоралари кўрилмоқда. Фикримизнинг исботи ўлароқ, коррупцияга қарши кураш борасидаги қонуннинг кучга киргани, шунингдек турли қонуности ҳужжатларининг қабул қилинганини келтириш мумкин. Хусусан, 2017 йил 3 январда Президентимиз «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги қонунни имзолади. Ушбу Қонуннинг мақсади коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат бўлиб, унда «коррупция», «коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик», «манфаатлар тўқнашуви» каби асосий тушунчаларга изоҳ бериш билан бир қаторда, коррупцияга қарши курашишнинг асосий принциплари ҳам қайд этилган. Шунингдек, қонун билан коррупцияга қарши курашиш борасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари, ваколатли органлар тизими, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари ва фуқароларнинг мазкур соҳадаги иштироки, коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирлар, жазо муқаррарлигини таъминлаш ва бу борада халқаро ҳамкорликни таъминлаш каби чоралар мустаҳкамлаб қўйилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикасида Коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармони қабул қилинди. Фармонга мувофиқ, коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш соҳасидаги давлат сиёсатини, шунингдек, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларнинг тизимли сабаб ва шарт-шароитларини бартараф этиш ҳамда коррупцияга қарши курашиш чораларининг самарадорлигини оширишга қаратилган давлат ва бошқа дастурларни шакллантириш ва амалга ошириш мақсадида Коррупцияга қарши кураш Агентлиги ташкил этилди. Агентлик фаолиятининг ҳуқуқий асослари, вазифа ва функциялари, ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгилашда халқаро нормаларни илгари сурган ҳолда хорижий тажриба атрофлича ўрганилди. Унинг энг мақбул жиҳатлари Президентнинг мазкур фармонида тўлақонли акс эттирилди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси коррупцияга қарши курашиш Миллий кенгаши ва унинг ҳудудий кенгашлари ташкил этилди. Ушбу ислоҳотлардан кўзланган асосий мақсад, бу – коррупция иллатларига барҳам беришдан иборат.
Бехзодбек Умаржонов,
Наманган туманлараро маъмурий суди архив мудири.
Шахбозбек Исмоилов,
судья ёрдамчиси.