Демократик қадриятлар қарор топиб бораётган бир вақтда давлат хизматчилари томонидан порахўрлик, мансаб мавқеини суиистеъмол қилиш билан боғлиқ жиноятларни содир этилиши ҳокимиятнинг обрўсизланишига, давлатнинг сиёсий, иқтисодий, ҳуқуқий тизимига путур етишига, натижада амалдаги ҳокимиятга нисбатан норозиликка сабаб бўлади.
Коррупциянинг маълум бир мамлакатда ривожланиши эса ўша давлатнинг таназзулига олиб келади.
Коррупция бу – мансаб мавқеидан шахсий мақсадларда фойдаланиш билан боғлиқ бўлган жиноят тури ҳисобланади. Коррупция фаолияти хуфёна иқтисодиётнинг асосий турларидан биридир. Аксарият ҳолларда коррупция деганда давлат хизматчилари томонидан шахсий манфаатларни кўзлаб, бойлик орттириш мақсадида халқдан пора олиш, қонунга хилоф пул даромадларини қўлга киритиш тушунилади. Аммо, умуман олганда, давлат амалдорларигина эмас, балки, давлат ташкилотида ишламайдиган фуқаролар ҳам коррупцияга доир муносабатларнинг иштирокчилари бўлиши, пора пул эмас, балки бошқа нарса эвазига маълум хизматни амалга оширишлари мумкин.
Этимологик жиҳатдан «коррупция” атамаси «бузиш, пора эвазига оғдириш” деган маънони англатадиган лотинча «corruptio” сўзидан келиб чиққан. Юридик энциклопедия муаллифларининг таъкидлашича, «коррупция – мансабдор шахслар томонидан уларга берилган ҳуқуқлар ва ҳокимият имкониятларидан шахсий бойлик орттириш учун фойдаланишда ифодаланувчи сиёсат ёки давлат бошқаруви соҳасидаги жиноий фаолиятдир.
Дарҳақиқат, коррупция – илдизлари давлат хизматини ташкил этишдаги нуқсонларга ва давлат хизматчиларининг ўзига хос психологиясига бориб тақаладиган ижтимоий ҳодиса. Бу коррупцияга қарши аввало маъмурий-ҳуқуқий ва ташкилий-бошқарув чора-тадбирлари кўрилиши зарурлигидан дарак беради.
Коррупция фуқаронинг давлат вакили билан маъмурий муносабатлари маъно-моҳиятини ўзгартиради ва жамият учун ҳам, давлат учун ҳам салбий оқибатларни келтириб чиқаради. «Коррупция – давлат органлари ходимлари моддий ёки мулкий йўсинда ғайриқонуний шахсий наф кўриш мақсадида ўз хизмат мавқеидан фойдаланишида ифодаланадиган ижтимоий ҳодисадир.
Бугунги кунда республикамизда жиноятчиликнинг сабабларини аниқлаш чоралари кўрилмоқда, фош этилган коррупциячилар қаттиқ жазоланмоқда. Мамлакат ичидаги жиноятчилик доимо давлат томонидан қаттиқ назорат қилиб борилади. Жиноятчилик кенг авж олиб кетишига ва коррупциячилар домига илинган амалдорларнинг бебошлигига йўл қўймаслик мақсадида бир қатор узоқ муддатли чора-тадбирлар ишга солинган. Улар жиноятчиликка қарши кураш стратегиямизни белгилаб беради.
Жиноятни жазолашдан кўра, уни олдини олиш сингари профилактик тадбирларнинг йўлга қўйилиши қай даражада оқилоналиги аллақачон исботланган. Зеро, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 2-моддасида жиноятларнинг олдини олиш жиноят қонунининг асосий вазифаларидан бири сифатида бежиз белгилаб қўйилмаган.
Бугунги кунда коррупцияга қарши кураш мақсадларига фақат жиноят-ҳуқуқий воситалар билан эришиб бўлмаслигини ҳаётнинг ўзи кўрсатмоқда. Ўйлаймизки, бундай маънавий бузилиш ҳолатга қарши курашда нафақат давлат органлари, балки, жамият ва умуман барча фуқароларимиз масъулдирлар. Шундай экан, давлат ва жамият, шу билан бирга нодавлат нотижорат ташкилотлари бундай иллатни олдини олиш ва унга қарши курашда биргаликдаги ҳаракатигина самарали натижаларга эришишнинг энг мақбул йўли бўлиб ҳисобланади.
Озодбек Зиявитдинов,
Наманган туманлараро маъмурий судининг раиси
Бобур Хусанбоев, судья ёрдамчиси