Ўзбекистонда тазйиқ ва зўравонликдан жабр кўрган хотин-қизларга ҳимоя ордери бериб келинмоқда. Афсуски, бу зўравонликларнинг 87 фоизи оилаларда содир этилмоқда.
Зўравонликка учраган аёлларнинг жуда кам қисми тегишли жойга мурожаат қилиши, уларнинг аксарияти қўрқув ва бошқа сабаблар билан тазйиқларга тоқат қилишга мажбур эканини инобатга олсак, ҳақиқий рақамлар юқорилигини англаш мумкин. Бир йилда тахминан 40 мингга яқин аёл зўравонлик ва тазйиққа учраб ҳимоя ордери олишга мажбур бўляпти, уларнинг 87 фоизи ўз яқинлари жабридан паноҳ сўраган.
Аслида, ҳар ой ёки бир-икки ойда бир неча марта ижтимоий тармоқларда ўғил туғмагани, кўп овқат егани ёки бошқа сабаблар билан эзилган аёллар ҳикоялари тарқалади, омма эса икки томонга ажралиб муҳокамаларга тушиб кетади.
Аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва зўравонликка қарши курашиш бўйича ҳукумат томонидан бир неча қонун ҳужжатлари қабул қилинди.
Хусусан, Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 8 январдаги 2-сон қарорига илова қилинган “Хотин-қизлар муаммоларини «Аёллар дафтари»ни юритиш орқали тизимли равишда ҳал этиш ва уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича” Вақтинчалик тартибга мувофиқ, Ҳар бир сектор кесимида маҳаллабай «Аёллар дафтари»га 30 ёшдан ошган қуйидаги тоифадаги хотин-қизлар киритилади:
ижтимоий ҳимояга муҳтож ишсиз хотин-қизлар (бандлиги таъминланмаган, ишлаш истагида бўлган, даромад манбаига эга бўлмаган, шу жумладан, меҳнат қилиш қобилиятини қисман йўқотган, бироқ ишлаш иштиёқи бўлган хотин-қизлар);
боқувчисини йўқотган эҳтиёжманд хотин-қизлар (боқувчиси бўлмаган, қўшимча моддий ёрдамга муҳтожлар);
ижтимоий ёрдамга муҳтож I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган хотин-қизлар (меҳнатга қобилиятсиз, ўзгалар парваришига муҳтожлар);
уй-жойини таъмирлашга муҳтож I гуруҳ ногиронлиги бўлган хотин-қизлар (меҳнат қилиш қобилиятини бутунлай йўқотган, ёлғиз яшайдиган, уй-жойини таъмирлаш имконияти бўлмаганлар);
нотурар жойларда истиқомат қилаётган, ўзининг ёки биргаликда яшовчи оила аъзоларининг номида турар жой мавжуд бўлмаган хотин-қизлар (маъмурий бинолар, ертўлалар ва истиқомат қилиш мақсадларига мўлжалланмаган бошқа биноларда ёлғиз ёки оила аъзолари билан биргаликда яшаётган, шунингдек, доимий яшаш учун турар жойи бўлмаган ҳолда уй-жой шароитини яхшилашга муҳтожлар);
қарамоғида бир ва ундан ортиқ I ёки II гуруҳ ногиронлиги бўлган болалари мавжуд ёлғиз аёллар;
тиббий ҳимояга муҳтож эҳтиёжманд хотин-қизлар (ўзи ва биргаликда яшовчи оила аъзолари оғир ижтимоий вазиятда бўлган, сурункали ёки оғир ногиронликка олиб келувчи касалликка чалинган, ногиронлик гуруҳи белгиланмаган, етарли даромад манбаига эга бўлмаганлар);
ҳуқуқий ёрдам олишга муҳтож хотин-қизлар (ҳуқуқий маслаҳат олиш истагида бўлган, ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилганлиги тўғрисида мурожаат қилганлар);
психологик маслаҳатга муҳтож хотин-қизлар (тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган, ижтимоий муаммолари мавжуд хотин-қизлар).
Психологик маслаҳатга муҳтож хотин-қизларга «Аёллар маслаҳат кенгаши», Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларни реабилитация қилиш ва мослаштириш ҳамда ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш маркази, Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази ҳузуридаги «Хотин-қизлар ҳуқуқий, психологик маслаҳатхонаси», таълим муассасаларининг малакали психологлари томонидан психологик маслаҳатлар бериб борилади.
Доимий ва вақтинча яшаш учун республиканинг бошқа ҳудудига кўчиб ўтганда, доимий яшаш ва вақтинча турар жойи бўйича рўйхатга олинган кундан бошлаб 15 кундан кечиктирмасдан «Аёллар дафтари»га тегишли ўзгартиришлар киритилади.
Ҳар бир ўзбек, ўзбекистонлик ўзи яшаб турган озод ва мустақил Ватани билан фахрланади, кўксида шундай гўзал, жаннатмакон мамлакатнинг фуқароси бўлишдек ғурурни туйиб, обод ҳамда фаровон ҳаёт кечириш, буюк давлат барпо этиш йўлида фидокорона меҳнат қилади. Шундай экан, бугун давлатимиз раҳбари томонидан аёлларга қаратилаётган эътибор ҳам бежизга эмас.
Жамиятда аёллар ролини ошириш ҳамда бандлигини таъминлаш чора-тадбирлари юзасидан бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Ҳар бир ҳудудда “Аёллар дафтари” шакллантирилиб, унга қўллаб-қувватлашга муҳтож ишсизлар киритилиши ва манзилли иш йўлга қўйилиб келмоқда.
Шунингдек, бу масъулиятли ишга Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Ўзбекистон ёшлар ишлари агентлиги каби қатор ҳамкор ташкилотларнинг бириктирилгани ҳеч бир аёл-қиз давлат эътиборидан четда қолиб кетмаслигини исботлайди.
Хатлов ишларига жалб қилинган мутахассислар уйма-уй юриш орқали аёллар билан бирма-бир мулоқот қилиб, уларнинг эҳтиёжи, қизиқишларини аниқлаган ҳолда анкета сўровномаларини қайд этиб боради. “Аёллар дафтари”га ҳар бир ҳудудда истиқомат қилаётган, 30 ёшдан ошган ижтимоий, ҳуқуқий, психологик қўллаб-қувватлашга, билим ва касб ўрганишга эҳтиёжи ҳамда иштиёқи бор, шунингдек, бандлиги таъминланиши керак бўлган хотин-қизлар киритилади.
Анкета сўровномаси билан танишар эканмиз, у аёлларнинг барча эҳтиёжи, ўй-хаёли, орзу-умиди ҳамда муаммоларидан келиб чиққан ҳолда тузилганига амин бўласан, киши. Шу ўринда бир савол туғилади.
“Аёллар дафтари” ни тузиш нима учун зарур бўлиб қолди?
Донишмандларнинг “Дунёдаги барча фахр-ифтихор аёл туфайли бунёд бўлади. Қуёшсиз гуллар очилмагани, муҳаббатсиз бахтга эришиб бўлмагани каби, аёл бўлмас экан, шоир ҳам туғилмайди, қаҳрамон ҳам”, деган пурмаъно ҳикматлари ҳамон ўз қимматини йўқотганича йўқ.
Шу онда бу дафтар орқали қанчадан қанча олис ҳудудларда ўз ташвиш-ўйларига ўралашиб, дардини айтолмай юрган аёллар кўз ўнгимизда гавдаланади. Боқувчисини йўқотиб, жўжабирдай жон бўлган болаларининг кўзига термилиб, ғойибдан умидвор бўлиб турган оналар, узоқ муддат чет элда бўлиб, сарсо-ну саргардонлик кўчаларида қолиб, қийинчиликларнинг чегарасидан ўтолмай, не-не машаққатлар билан юртимизга келиб, қай ишга бош суқишини билмай турган аёллар жонланади хаёлимизда.
Одам савдоси қурбони бўлган, оилавий зўравонликлардан эзилган опа-сингилларимиз ёдга тушади. Ажрим ёқасига келиб қолган, боласига “Сен энди етим бўлиб қолдинг”, деёлмай турган опа-сингилларимизнинг кўзлари кўз ўнгимизда намоён бўлади. Муаммоларнинг ечим топиш вақти келди.
Бугун давлатимиз раҳбари томонидан “Аёллар дафтари” дея бошлаб берилган хайрли иш барча ҳудудда тизимли давом этмоқда. Хусусан, Хатирчи туманида ташкил этилган ишчи гуруҳ вакиллари ҳам уйма-уй юриб, ҳар бир фуқаро билан суҳбат қуриб, улар иштирокида сўровномаларни тўлдиришмоқда. 30 ёшдан юқори бўлиб, ижтимоий, ҳуқуқий, психологик қўллаб-қувватлашга, бандлигини таъминлашга эҳтиёжи бўлган аёллар “Аёллар дафтари”дан жой олишмоқда.
Ш.Ахмеджанова ва Б.Акбарова,
Наманган туманлараро маъмурий судининг судьяялари