Конституция ва бошқа қонунларимизда эркак ва аёлларнинг тенг ҳуқуқлилиги алоҳида аҳамиятга эга ва аёлларга бўлган тазйиқ ва зўравонликка қонун олдида жавобгарликлар бор. Бугунги кунда халқимиз орасида ҳимоя ордери деган тушунча кўп учрамоқда.
Хўш ҳимоя ордери ўзи нима экан?
Ҳимоя ордери — тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчига давлат ҳимоясини тақдим этувчи, хотин-қизларга тазйиқ ўтказаётган ёки уларга нисбатан зўравонлик содир этган шахсга ёхуд бир гуруҳ шахсларга нисбатан ушбу Қонунда белгиланган таъсир кўрсатиш чоралари қўлланилишига сабаб бўладиган ҳужжатдир.
Ўзбекистон Республикасининг Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунида шундай жабрланувчиларнинг ҳуқуқлари алоҳида эътиборга олинган бўлиб, унга кўра тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчининг қўйидаги ҳуқуқлари белгиланган:
— ўзига нисбатан тазйиқ ва зўравонлик содир этилганлиги ёки уларни содир этиш таҳдиди тўғрисидаги ариза билан тегишли ваколатли органларга ҳамда ташкилотларга ёхуд судга мурожаат этиш;
— махсус марказларда, шунингдек бепул телефон линияси орқали текин ҳуқуқий маслаҳат, иқтисодий, ижтимоий, психологик, тиббий ёрдам олиш;
— ички ишлар органлари ҳимоя ордери бериш тўғрисидаги талаб билан мурожаат қилиш, ҳимоя ордери шартлари бузилган тақдирда эса, уларни бу ҳақида хабардор қилиш;
— содир этилган тазйиқ ва зўравонлик натижасида ўзига етказилган моддий зарарнинг ўрни қопланиши ҳамда маънавий зиёни компенсация қилиниши тўғрисидаги талаб билан судга мурожаат этиш;
— тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчи етказилган моддий зарарнинг ўрнини қоплаш ҳамда маънавий зиённи компенсация қилиш тўғрисидаги ариза билан судга мурожаат этганда давлат божи тўлашдан озод қилинади.
Бундан ташқари ушбу қонунда хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликлардан ҳимоя қилиш соҳасидаги ваколатлари, Ички ишлар органларининг хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш соҳасидаги ваколатлари, Давлат соғлиқни сақлаш тизимини бошқариш органларининг ҳамда соғлиқни сақлаш муассасаларининг хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш соҳасидаги ваколатлари ҳақида билиб олишимиз мумкин.
Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари қуйидагилардан иборат:
— хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш соҳасидаги гендер сиёсатини, давлат дастурларини ҳамда стратегияларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;
— жамиятда хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликка доир муросасизлик муҳитини яратиш;
— хотин-қизларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатлари тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилинишини таъминлаш;
— жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, қонунийликни мустаҳкамлаш;
— хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олиш, уларни аниқлаш, уларга чек қўйиш учун самарали ташкилий-ҳуқуқий механизмларни яратиш;
— хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик содир этилишига олиб келадиган сабаблар ҳамда шарт-шароитларни бартараф этиш чораларини кўриш;
— тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олиш мақсадида Давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари ҳамкорлигини таъминлаш.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликлардан ҳимоя қилиш соҳасидаги ваколатлари:
— хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш соҳасидаги ягона давлат сиёсати амалга оширилишини таъминлайди;
— хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш соҳасидаги давлат дастурларини ва стратегияларни тасдиқлайди;
— тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчиларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг хавфсизлигини, жисмоний ва руҳий реабилитациянинг ҳамда мослашувини таъминлаш бўйича тузилмаларни ташкил этади;
— хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилишни амалга оширувчи ваколатли органларнинг ҳамкорлигини мувофиқлаштиради;
Ички ишлар органларининг хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш соҳасидаги ваколатлари:
— хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш соҳасидаги давлат дастурларини, ҳудудий дастурларни ҳамда қонунчилик ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда иштирок этади;
— тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олиш, шу жумладан уларнинг сабабларини ҳамда шарт-шароитларини аниқлаш ва бартараф этиш чораларини кўради, хотин-қизларга тазйиқ ўтказаётган ва уларга нисбатан зўравонлик содир этган шахслар билан мунтазам асосда профилактика ишларини олиб боради;
— хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик содир этилганлиги ёки содир этилиши таҳдиди мавжудлиги тўғрисидаги мурожаатларни кўриб чиқади;
— тазйиқ ёки зўравонлик содир этишга мойил бўлган шахсга расмий огоҳлантириш беради;
— ҳимоя ордерини беради;
— зўравонлик содир этган шахсларни жавобгарликка тортиш юзасидан ўз ваколатлари доирасида чоралар кўради;
— хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилишни амалга оширувчи тегишли ваколатли органлар ҳамда ташкилотлар билан ҳамкорлик қилади.
Давлат соғлиқни сақлаш тизимини бошқариш органларининг ҳамда соғлиқни сақлаш муассасаларининг хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш соҳасидаги ваколатлари:
— хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш соҳасидаги давлат дастурларини, ҳудудий дастурларни ва қонунчилик ҳужжатларини ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишда иштирок этади;
— тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчиларга ҳамда уларнинг болаларига, шу жумладан аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш марказларига келтирилган тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчиларга ҳамда уларнинг болаларига бирламчи тиббий ёрдам кўрсатиш, уларни тиббий кўрикдан ўтказиш, шунингдек тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчиларни бепул даволаш чора-тадбирларини амалга оширади;
— тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчиларга тиббий ва руҳий ёрдам кўрсатиш юзасидан услубий тавсиялар ишлаб чиқади ҳамда уларни соғлиқни сақлаш муассасаларининг иш амалиётига жорий этади;
— ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларни хотин-қизларнинг ҳаётига ёки соғлиғига хавф солувчи фактлар ва аниқланган сабаблар тўғрисида хабардор қилади;
— хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилишни амалга оширувчи тегишли ваколатли органлар ҳамда ташкилотлар билан ҳамкорлик қилади.
Шуни таъкидлаш лозимки биз ҳимоя ордерини олиш учун албатта асосларимиз бўлиши лозим. Асослар нимадан иборат бўлиши лозим?
Қуйидагилар ҳимоя ордерини бериш учун асос ҳисобланади:
— тазйиқ ва зўравонлик қурбонининг мурожаати;
— жисмоний ёки юридик шахсларнинг хабарлари, шу жумладан, оммавий ахборот воситалари ва (ёки) ижтимоий тармоқлар орқали тарқалган хабарлар;
— тазйиқ ёки зўравонлик содир этиш ёхуд уларни содир этишга уриниш ҳолатларининг ваколатли органлар ва ташкилотлар ходимлари томонидан бевосита аниқланиши;
— давлат органларидан ва бошқа ташкилотлардан олинган материаллар.
Яна шуни билишимиз керакки ҳимоя ордери ўзи кимларга берилиши лозим?
Ҳимоя ордерини бериш ва унинг узайтириш.
Ҳимоя ордери тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчига берилади. Тазйиқ ўтказган ва зўравонлик содир этган ёхуд шуларни содир этишга мойил бўлган шахсга ҳимоя ордерининг нусхаси берилади. Ҳимоя ордерини берган ички ишлар органининг мансабдор шахси тазйиқ ўтказган ва зўравонлик содир этган шахсни ҳимоя ордерининг шартлари ҳамда уни бажармаслик оқибатлари ва зўравонлик хулқ-атворини ўзгартириш бўйича тузатиш дастурларидан ўтиш зарурлиги тўғрисида хабардор қилади. Шахс ҳимоя ордерини олиш тўғрисидаги тегишли ҳужжатни имзолашни рад этган тақдирда, ҳимоя ордерини топшираётган ички ишлар органининг мансабдор шахси томонидан холислар иштирокида далолатнома тузилади. Тегишли ҳудудда тазйиқ ва зўравонликнинг якка тартибдаги профилактикасининг амалга ошириш учун масъул бўлган ички ишлар органининг мансабдор шахси тазйиқ ва зўравонлик факти ёки уларни содир этиш хавфи аниқланган пайтдан эътиборан 24 соат ичида ҳимоя ордерини ўттиз кун муддатгача беради ва ушбу ордер расмийлаштирилган пайтдан эътиборан кучга киради. Агар хавф ҳали бартараф этилмаган бўлса, ҳимоя ордерининг амал қилиш муддати тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчиларнинг аризасига кўра, кўпи билан ўттиз кунгача узайтирилиши мумкин. Ҳимоя ордерини бериш, узайтириш ёки ҳимоя ордерини беришни ёхуд узайтиришни рад этиш томонидан амалга оширилади. Ҳимоя ордерининг шакли ва уни бериш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан амалга оширилади.
Ўзбекистон Республикасининг Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунида ҳимоя ордерида назарда тутилган чекловлар ҳам баён этиб ўтилган ва улар қуйидагилардан иборат.
-Тазйиқ ўтказишни ва зўравонлик содир этишни тақиқлаш;
-Тазйиқ ўтказган ёки зўравонлик содир этган шахснинг тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчилар билан алоқасини тақиқлаш (иш жойларида ва таълим муассасаларида тазйиқ ва зўравонлик содир этган шахс билан билвосита алоқасига йўл қўйилади).
— Тазйиқ ўтказилган ва зўравонлик содир этилган тақдирда тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчининг ҳамда тазйиқ ўтказган ва зўравонлик содир этган шахснинг бир хонада бирга бўлиши тақиқланади;
— Тазйиқ ўтказган ва зўравонлик содир этган шахснинг зиммасига тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчини даволаш, унга маслаҳат бериш, уни тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчиларга ёрдам кўрсатиш бўйича махсус марказга жойлаштириш учун харажатларнинг, етказилган моддий зарарнинг ўрнини қоплаш, шунингдек маънавий зиённи компенсация қилиш мажбуриятини юклатиш;
— Тазйиқ ўтказган ва зўравонлик содир этган шахснинг қуролини (бунда хизмат қуроли мустасно) сақлаш ва олиб юриш ҳуқуқини ҳимоя ордерининг амал қилиши ёки унда кўрсатилган муддат даврида чеклаш ёхуд тақиқлаш, шунингдек қурол сотиб олиш учун рухсатнома олишга доир ҳуқуқни тақиқлаш.
Агар ҳимоя ордерини бериш тўғрисидаги масалани кўриб чиқиш чоғида Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексида назарда тутилган жиноят белгилари аниқланса, ҳимоя ордерини бериш тўғрисидаги масалани кўриб чиқиш билан бир вақтда иш материаллари жиноий жавобгарликка тортиш масаласини ҳал қилиш учун тегишли ҳуқуқини муҳофаза қилувчи органга юборилади.
Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчига ёрдам кўрсатган шахсларга маълум бўлиб қолган барча шахсга доир маълумотлар шахсга доир маълумотлар тўғрисидаги қонунчилик билан қўриқланади. Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчиларнинг шахсига доир маълумотлари ишониб топширилган ҳамда касбий, хизмат ёки меҳнат мажбуриятларини бажариши муносабати билан бу маълумотлар ўзига маълум бўлиб қолган, ушбу маълумотларни ошкор этишга йўл қўйган шахслар қонунда назарда тутилган жавобгарликка тортилади ва булар қонунда асослантириб қуйилган. Бизга бу ҳимоя ордерини беришдан мақсад аёлларимизни бундай зўравонлик тазйиқлардан ҳимоя қилиш албатта бизнинг юртимизда азалдан аёлларга бўлган ҳурмат эътиборга алоҳида аҳамият бериб уларни қадрлаб келинган. Агарда шундай тазйиқ ва зўравонликка дуч келсангиз тегишли органларга мурожаат қилган холда ҳимоя ордерини олишингиз зарур. Инсон қадр-қиммати шаъни унинг номуси доим қонун ҳимоясидадир.
Умида Нишонова,
Наманган вилоят маъмурий судининг судьяси
Муҳаммадсодиқ Раҳимов,
вилоят маъмурий судининг судья катта ёрдамчиси