Сўнгги ўн йилликда дунёда таълим барқарор ривожланишнинг бош омили ва калити эканлиги ҳукуматлар, сиёсий элита ва аҳоли тарафидан чуқур англаб етилганини кузатиш мумкин. Дарҳақиқат, эркин фуқаролик, ҳуқуқий демократик жамият қуришда таълим-тарбия ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Янгиланаётган Бош ҳужжатнинг мукаммал ишлай бошлаши халқимиз турмуш-тарзини янада яхшилайди. Ўзбекистон Республикаси янги таҳрирдаги Конституцияси 2023 йилнинг 30 апрелида Умумхалқ референдуми асосида қабул қилиниши мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида қатта аҳамият касб этмоқда. Хусусан унда ёшлар таълими, жамиятда инсон капиталини ривожлантириш, аҳоли турмуш даражасини юксалтириш ҳамда ижтимоий давлатнинг барча мазмун моҳияти акс эттирилган. Масалан эски таҳрирдаги конституциянинг 41-моддасида: “Ҳар ким билим олиш ҳуқуқига эга. Бепул умумий таълим олиш давлат томонидан кафолатланади. Мактаб ишлари давлат назоратидадир” деган модда амалдаги Янги Конституциянинг 50-моддасида “Ҳар ким таълим олиш ҳуқуқига эга. Давлат узлуксиз таълим тизими, унинг ҳар хил турлари ва шакллари, давлат ва нодавлат таълим ташкилотлари ривожланишини таъминлайди. Давлат мактабгача таълим ва тарбияни ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратади. Давлат бепул умумий ўрта таълим ва бошланғич профессионал таълим олишни кафолатлайди. Умумий ўрта таълим мажбурийдир. Мактабгача таълим ва тарбия, умумий ўрта таълим давлат назоратидадир. Таълим ташкилотларида алоҳида таълим эҳтиёжларига эга бўлган болалар учун инклюзив таълим ва тарбия таъминланади.” деб тўлдирилди.
Шунингдек, яна бир қанча ўзгартишлар уларда инсон капиталини ривожлантиришга хизмат қилади. Инсон капитали орқали эса Янги Ўзбекистонда юқори ижтимоий-иқтисодий ўсиш динамикасини таъминлашга эришилади. Ҳар қандай жамият тамаддунининг етакчи мақсади аҳоли турмуш даражасини оширишга қаратилган бўлади. Ижтимоий барқарорлик, иқтисодий юксалиш, тинчликни таъминлаш, инсон соғлом ва фаровон умр кечириши учун давлат кучли ижтимоий сиёсат олиб боради.
Жамиятимиз ҳар бир аъзоси тарихий даврда яшаяпти. 2023 йилда республикамиз сиёсий ҳаётида ўзига хос бурилиш йили бўлди ва бунда фуқаролар фаол қатнашмоқда. Янги Конституция чинакам халқпарвар давлатчилик негизини яратиши, аҳоли фаровонлигини ошириши, инсон ҳуқуқ ва манфаатлари, қадр-қимматини янада юксалтириши, барча соҳаларни либераллаштиришда муҳим ва мустаҳкам пойдевордир. Янги Ўзбекистонда фаоллик, яратувчанлик, ижодкорлик руҳида яшаш одамлар учун ижобий муҳит тақозоси, ижтимоий заруратга айланди. Конституция халқчилик, инсонпарварлик, бағрикенглик ва эзгулик ғоялари билан ижтимоий, сиёсий, иқтисодий жараёнларни баҳолаш ва ёндашишда миллий, умуминсоний қадриятлар уйғунлигининг устуворлигига таянмоқда.
Инновацион тараққиёт шиддати инсон капитали ривожига йўл очиш билан бирга фикрлаш тарзини, ижтимоий ва маънавий-ахлоқий қарашларни ўзгартиришни талаб қилади. Пировардида бутун жамиятнинг модернизацияси ва янги сифат ҳолати трансформациясига олиб келади. Инсон капиталини амалга оширишдаги яна бир омил – бу “фуқаролик” компоненти саналади. Ўз диёри фуқароси сифатида бурч ва масъулиятга оид ролларни бажариш, шахсий позициясини намоён этиш учун доимий тайёргарлик ҳамда маъмурий, ҳуқуқий ҳамда сиёсий муносабатлардаги фаоллик инсон капитали формуласидир. Шахсдан ватан манфаатларини муҳофазалаш, хавфсизликни таъминлаш, белгиланган ахлоқ қоидаларига риоя этиш, истиқомат қилаётган жойидаги ижтимоий, иқтисодий, маънавий масала-муаммоларда дахлдорлик ва бурч сўралади. Инсон капитали билим, тажрибалар, стратегик режалар, кишиларнинг интеллектуал-маънавий камолоти, шунингдек, муайян мақсадлари, қизиқиш ва лаёқати тарзида ҳам миллий захира ҳисобланади.
Таълим тизими глобаллашув ва ахборот асрида энг самарали социал капитал деб эътироф этилади. Унга сарфланган ҳар қанча молиявий харажат узоқ муддат куттирса-да, натижалар эса тўла-тўкис ўзини оқлаши аниқ бўлди. Умуман, дунёнинг илғор республикаларида сўнгги ўн йилликда таълим – атом ва электроника, билим ва технологиялар замонида барқарор ривожланишнинг бош омили ва калити эканлигини ҳукуматлар, сиёсий элита ва аҳоли тарафидан чуқур англаб етилгани кузатилади.
Б.Мамадалиев ва Б.Умаржонов,
Наманган туманлараро маъмурий судининг бўлим мудирлари