Жорий йилнинг сентябрь ойида давлатимиз раҳбарининг махсус фармони билан “Ўзбекистон –2030” стратегияси тасдиқланди. Мазкур стратегиядан кўзланган асосий мақсад – ислоҳотлар самарадорлигини ошириш, давлат ва жамиятнинг жадал ривожланиши учун зарур шарт-шароитлар яратиш, аҳоли фаровонлигига эришишдир.
Президентимизнинг махсус фармони билан “Ўзбекистон – 2030” стратегияси тасдиқланди. Мазкур стратегияда 5 та асосий устувор йўналиш белгилаб берилган. Шулардан бири – Қонун устуворлигини таъминлаш, халқ хизматидаги давлат бошқарувини ташкил этиш йўналиши. Мана шу йўналишнинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти хусусида сўзлаб берсангиз.
– Бугунги кунда мамлакатимизда қонун устуворлигини таъминлаш, очиқлик ва ошкоралик тамойилларининг таъсирчан шаклларини жорий этиш, давлат ҳокимияти органлари фаолияти устидан самарали жамоатчилик назоратини ўрнатиш бўйича самарали ишлар йўлга қўйилган. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, стратегияни ишлаб чиқишда янги таҳрирдаги Конституциямиз асос вазифасини бажарди. Айнан янги таҳрирдаги Конституцияда давлат органлари фаолиятининг асосий мезони бу – инсон ҳуқуқлари, инсон эркинликлари экани кўрсатилган.
Эътиборли жиҳати, эндиликда давлат бошқаруви рақамли ҳукумат тизимига босқичма-босқич ўтилмоқда. Бевосита бу система қуйидан бошлаб юқорига қараб амалга оширилади. Қуйи деганим, маҳаллаларда электрон давлат нуқталарини шакллантириб бориш назарда тутилмоқда. Чунки маҳалла фуқаролар учун энг яқин нуқта ва бу ерда ўша айтилаётган хизматлар амалга оширилади. Биламизки, янги таҳрирдаги Конституцияда ҳокимлар Халқ депутатлари Кенгашига раислик қилмаслиги ҳақида алоҳида норма белгиланди ва мана шу норманинг амалдаги ижросини таъминлаш учун ҳам мазкур стратегияда аниқ чора-тадбирлар белгилаб берилган.
“Ўзбекистон – 2030” стратегиясидаги яна бир асосий мавзулардан бири бу суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар билан боғлиқ. Суд-ҳуқуқ соҳаси ислоҳотларини бевосита 3 та йўналишга бўлиш мумкин.
Биринчиси, суд-ҳуқуқ системасини рақамлаштириш йўналиши. Бу ерда биринчи навбатда фуқаролар судларга мурожаат қилган пайтда ҳар бир босқичнинг рақамлаштирилишига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Яъни, ортиқча оворагарчиликларнинг олдини олиш ва фуқаролар суд билан тезкор боғланишини таъминлаш учун ҳам бу йўналиш муҳим ҳисобланади. Масалан, фуқарога жиноий иш қўзғатилган пайтда судлардаги жараённи кузатишга ва мавжуд вазият билан танишишга эҳтиёж бор эди. Шу нуқтаи назардан келиб чиқиб, суд жараёнини тўлиқ электронлаштириш ва вазиятни доимий кузатиб туриш тизими шаклланади.
Иккинчи йўналиш сифатида коррупциянинг олдини олишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Яъни 2030 йилга қадар бутун қонунчилик коррупциядан ҳоли бўлади. Бу ҳам давлат олдида турган энг муҳим вазифалардан бири ҳисобланади. Дейлик, давлат харидлари билан боғлиқ соҳаларда ёки манфаатлар тўқнашуви муносабатларида коррупцион ҳолатларнинг олдини олиш ва бу соҳани ҳам рақамлаштириш асосий мақсад сифатида қаралмоқда.
Учинчи йўналиш сифатида Конституцияда белгиланган актлар, “Миранда қоидаси” каби нормаларни амалдаги қонунчиликка сингдиришни ҳам стратегиянинг асосий мақсадларидан бири сифатида қарашимиз мумкин. Умуман олганда, бу йўналишлардан асосий мақсад, судларни, умуман, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларни халққа янада яқинлаштириш, халқ билан ўзаро узвий боғлиқликни шакллантириш ҳисобланади.
– Ҳар бир фуқаро қонунларни ҳурмат қилиши ва унга тўлиқ риоя қилиши шарт. Лекин айрим фуқароларимиз ўз ҳақ-ҳуқуқини билмаслиги оқибатида уларда ижтимоий ҳаётга нисбатан норозилик кайфияти шаклланиб қолади. Бу борада фикрларингиз қандай?
– Аслида бу жараённи табиий қабул қилиш керак. Сабаби ҳар қандай ривожланган мамлакатларда ҳам бу нормал ҳолат сифатида қаралади. Дунё сиёсий тажрибаларидан қарасак, кўпгина давлатларда қонун ҳужжатларини билмаслик, ҳуқуқий онг ривожланмаганлик ҳолатлари учраб туради. Президентимиз ҳам кўпгина чиқишларида кўпроқ бу юк давлат органларида бўлиши керак деб таъкидлаб келади. Сабаби давлат органлари очиқ ва шаффоф бўлса ижтимоий норозиликлар камаяди. Янги таҳрирдаги Конституциямизда ҳам инсон ҳуқуқлари асосий ўринда эканлиги мустаҳкамлаб қўйилди.
Масалан, “Снос” муаммоси фуқароларимизни анча оворагарчиликларга сабабчи қилган эди. Эътиборли жиҳати, мана шу нарса Конституция даражасигача олиб чиқилди. Эндиликда уй-жойи суд қарорисиз олиб қўйилмаслигини фуқароларимиз тушуниб етмоқда.
Яна бир мисол сифатида мамлакатда эркин ҳаракатланиш ҳуқуқини олайлик. Авваллари “прописка” деган тушунча бор эди. Бу муаммо ҳам маълум маънода аҳолининг эътирозларига сабаб бўлиб келаётган эди. Бу нарса Конституцияга алоҳида киритилдики, ҳар ким Ўзбекистон ҳудудида эркин ҳаракатланиш ҳуқуқига эга эканлиги қонун ҳужжатлари асосида белгилаб берилди.
Ҳуқуқий онгни ривожлантиришда биринчи навбатда давлат органларидан фаоллик талаб этилади, ва, ўз навбатида, фуқаролар ҳам маълум масалада ҳуқуқий муносабатга киришганда ички ҳиссиётга берилмаслиги керак деб ўйлайман. Чунки ҳуқуқий муносабатларда ҳиссиётларга ўрин йўқ. Бу жараёнда уларнинг қонунчилик доирасида муносабатга киришгани мақсадга мувофиқ. Мавжуд қонунчиликлардан хабари бор одам, албатта, ўз ҳуқуқининг таъминланишига эришади.
Зарипахон Курбонова,
Наманган вилоят маъмурий судининг раиси