Ўзбекистон Республикасининг Судлар тўғрисидаги Қонуни Конституцияга мувофилаштирилди

Барчамизга маълумки, сўнгги йилларда мамлакатимизда суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлашга, суд ишларини юритишни такомиллаштиришга, шунингдек фуқароларнинг ва тадбиркорлик фаолияти субъектларининг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини суд орқали ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтиришга қаратилган ислоҳотлар амалга ошириб келинмоқда.
Шу билан бирга янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясида Ўзбекистон Республикаси Олий судига ҳамда унинг ваколатларига тааллуқли янги нормалар белгиланганлиги Ўзбекистон Республикаси Олий суди фаолиятини ягона ёндашув асосида ислоҳ қилиш зарурати вужудга келган эди.
Мазкур ислоҳотларнинг мантиқий давоми сифатида 2025 йил 9 июнда “Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига судлар фаолиятининг ҳамда фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларининг кафолатларини кучайтиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг
1067-сонли Қонуни қабул қилинди.
Мазкур Қонун билан судлар фаолиятига доир айрим қонунчилик ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритилди. Шу жумладан Ўзбекистон Республикасининг “Судлар тўғрисида”ги Қонунига ҳам.
Жумладан, киритилган қўшимча ва ўзгартиришлар янги тахрирдаги Конституциянинг нормаларига мувофиқлаштирилиб, унга кўра, Ўзбекистон Республикасида суд ҳокимияти қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимиятдан, сиёсий партиялардан, фуқаролик жамиятининг бошқа институтларидан мустақил ҳолда иш юритиши, Ўзбекистон Республикасида одил судлов фақат суд томонидан амалга оширилиши, ҳеч қайси бошқа органлар ва шахслар суд ҳокимияти ваколатларини ўзлаштириб олишга ҳақли эмаслиги, Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий суди ўз ваколатлари жумласига киритилган масалалар бўйича қонун лойиҳасини Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига киритиш орқали амалга ошириладиган қонунчилик ташаббуси ҳуқуқига эгалиги, судьяларнинг мустақил эканлиги, улар фақат Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига бўйсунишлари, судьяларнинг одил судловни амалга оширишга доир фаолиятига ҳар қандай тарзда аралашишга йўл қўйилмаслиги ва бундай аралашиш қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлиши, судьялар муайян ишлар бўйича ҳисобдор бўлмаслиги, судьяни муайян ишнинг муҳокамасидан четлаштиришга ёки унинг ваколатларини тўхтатиб туришга, бошқа лавозимга ўтказишга фақат қонунда белгиланган тартибда ва асосларга кўра йўл қўйилиши, суднинг қайта ташкил этилиши ёки тугатилиши судьяни лавозимидан озод этиш учун асос бўлиб хизмат қилиши мумкин эмаслиги, судларнинг фаолиятини молиялаштириш, уларнинг биноларини қўриқлаш ва сақлаб туриш Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилиши ҳамда одил судловни тўлиқ ва мустақил равишда амалга ошириш имкониятини таъминлаши кераклиги белгиланди.
Шунингдек, Қонуннинг 14-16-моддалари янги тахрида қабул қилинди.
Унга кўра, Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар давлат органларининг ҳамда бошқа ташкилотларнинг, улар мансабдор шахсларининг қонунга хилоф қарорларидан, ҳаракатлари ва ҳаракатсизлигидан, шу жумладан уларнинг қариндошлари судланганлиги ва бундан келиб чиқадиган ҳуқуқий оқибатлар муносабати билан ҳуқуқларининг чекланишидан, шунингдек ҳаёти ва соғлиғи, шаъни ҳамда қадр-қиммати, шахсий эркинлиги ва мол-мулки, бошқа ҳуқуқ ва эркинликларига тажовузлардан суд ҳимоясида бўлиш ҳуқуқига эгалиги, юридик шахслар ҳам суд ҳимоясида бўлиш ҳуқуқига эгалиги, одил судловни амалга оширишда ҳар бир кишига малакали юридик ёрдам олиш ҳуқуқи кафолатланиши, гумон қилинувчига, айбланувчига, судланувчига суд ишларини юритишнинг ҳар қандай босқичида ҳимояланиш ҳуқуқи ва ўзини ҳимоя қилиш учун барча имкониятлар таъминланиши, қонунда назарда тутилган ҳолларда давлат ҳисобидан малакали юридик ёрдам кўрсатилиши таъминланиши, жиноят содир этганликда айбланаётган шахс унинг айби қонунда назарда тутилган тартибда ошкора суд муҳокамаси йўли билан исботланмагунча ва суднинг қонуний кучга кирган ҳукми билан аниқланмагунча айбсиз деб ҳисобланиши, айбдорликка оид барча шубҳалар, агар уларни бартараф этиш имкониятлари тугаган бўлса, гумон қилинувчининг, айбланувчининг, судланувчининг ёки маҳкумнинг фойдасига ҳал қилиниши кераклиги, гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи ўзининг айбсизлигини исботлаши шарт эмас ва исталган вақтда сукут сақлаш ҳуқуқидан фойдаланиши мумкинлиги, агар шахснинг ўз айбини тан олганлиги унга қарши ягона далил бўлса, у айбдор деб топилиши ёки жазога тортилиши мумкин эмаслиги, ҳеч ким қонунга асосланмаган ҳолда ҳибсга олиниши, ушлаб турилиши, қамоққа олиниши, қамоқда сақланиши ёки унинг озодлиги бошқача тарзда чекланиши мумкин эмаслиги, ҳибсга олишга, қамоққа олишга ва қамоқда сақлашга фақат суднинг қарорига кўра йўл қўйилиши, шахс суднинг қарорисиз қирқ саккиз соатдан ортиқ муддат ушлаб турилиши мумкин эмаслиги, ҳеч ким қийноққа солиниши, зўравонликка, бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки инсон қадр-қимматини камситувчи муомалага ёхуд жазога дучор этилиши мумкин эмаслиги белгиланди.
Наманган вилоят маъмурий судининг судьяси У.Нишонова
Наманган туманлараро маъмурий суди раиси Ф.Мадрахимов