МАКТАБГАЧА ВА МАКТАБ ТАЪЛИМ ВАЗИРЛИГИ: НИМАЛАР ЎЗГАРДИ?

Ҳилола Умарова даврида Президент топшириқлари асосида таълим тизимини коррупциясиз соҳага айлантириш мақсадида рақамлаштиришга катта эътибор қаратилди.
Хусусан, педагогларнинг малака тоифа синов (аттестация) жараёнларини шаффоф ўтказилишини таъминлаш мақсадида FaceID (юзни таниш) ҳамда Blockchain (маълумотни ўзгармас шаклда сақлаш) технологиясидан фойдаланиш йўлга қўйилди. Шу кунга қадар 516960 педагог билим ва маҳорати мазкур тизим асосида синовдан ўтказилди.
Шунингдек, 1-синфга қабул жараёнлари онлайн шаклда амалга ошириладиган туман (шаҳар)лар сони 64 тага етказилди. Бир мактабдан бошқа мактабга кўчириш, шаҳодатнома бериш, экстернат тартибида имтиҳонларда қатнашиш, хорижий давлатда умумий ўрта таълим олган фуқаронинг хужжатлари нострификация қилиш каби жараёнлари тўлиқ рақамлаштирилди.
“Рақамли кутубхона” тизими орқали буюртма бериш, дарсликларни мактабларга етказиш бўйича модул (lib.uzedu.uz) яратилди.
Педагог кадрларни тайёрловчи давлат олий таълим муасасалари мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги тасарруфига ўтказилиб, “боғча – мактаб – олий таълим – малака ошриш” яхлит тизими яратилди.
Педагог ходимлар малакасини ошириш тизими тубдан трансформация қилинди. Абдулла Авлоний номидаги педагогик маҳорат миллий институти ва ҳудудий педагогик маҳорат марказлари ташкил этилди. Ривожланган хорижий таълим ташкилотлар ва олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда малака ошириш курсларининг ўқув дастурлари ва контент материаллари ишлаб чиқилди.
Педагог ва мутахассис кадрлар касбий ривожланишининг узлуксизлигини таъминлаш мақсадида умумий ўрта таълим ўқитувчилари учун “Касбий ривожланиш соати” ва “Касбий ривожланиш куни” тадбирлари босқичма-босқич жорий этилиб, жами 277 минг нафардан ортиқ педагог ходимлар қамраб олинди.
Биринчи марта ишга қабул қилинган педагоглар учун касбий сертификатлаш тизими яратилди. 2025 йилнинг биринчи ярмида назорат синовида 4 836 нафар стажёр-ўқитувчи иштирок этди.
14 та Президент мактаби, 9 та ижод мактаби, Баҳодир Жалолов ва Оксана Чусовитина номидаги 2 та спорт мактаби, 204 та ихтисослаштирилган мактаб, Педагогик маҳорат ва халқаро баҳолаш маркази, Фан олимпиадалари маркази, “Янги Ўзбекистон” университети, Исҳоқхон Ибрат номидаги Наманган давлат чет тиллари институти, Aл-Хоразмий университети, “Ренессанс” болалар оромгоҳи фаолияти йўлга қўйилди.
Президент ва ихтисослашган мактаблардаги янги сумматив ва форматив баҳолаш тизими босқичма-босқич умумтаълим мактабларига жорий этила бошланди.
Умумий ўрта таълим муассасалари директорлари ҳамда директорликка номзодларни менежерлик курсларига ўқитиш тизими яратилди ҳамда Директорлар кенгашлари тузилди. Ҳозирга қадар “Менежерлик ўқув курси”да амалдаги 2300 нафар директорлар ҳамда 2782 нафар директорликка номзодлар ўқитилди, номзодларнинг 695 нафари Директорлар кенгаши суҳбатидан ўтиб, директорлик лавозимига тайинланди.
Худди шундай “Менежерлик ўқув курси” тизими мактабгача таълим ташкилотлари директорлари учун ҳам жорий этилди.
Мактабгача таълим билан қамров даражаси 77 фоизга, 6 ёшли болалар қамрови 96 фоизга етказилди.
Шунингдек, давлат боғчаларида иш фаолиятини рақамлаштириш ва электрон давоматни юритиш учун 9 303 та замонавий планшет билан таъминланди.
Ҳудудлардаги 12 045 та боғчанинг 128 702 нафар раҳбар ва педагог ходими психологик диагностикадан ўтказилди.
16 946 та нодавлат МТТлар фаолияти “nodavlat-bogcha.uz” платформаси орқали мониторинг қилиниб, шундан 1 032 тасига далолатнома расмийлаштирилди.
Ўқувчиларимизнинг халқаро фан олимпиадаларида ютуқлари кескин ошди. Халқаро фан олимпиадаларида 2019 йилда 29 та медал олинган бўлса, 2024 йилда 128 та медал қўлга киритилди. 2025 йилнинг дастлабки
6 ойида юртимиз ўқувчилари 17 та халқаро олимпиадада 170 та медалга сазовор бўлди.
“PISA – 2025” халқаро тадқиқотининг асосий синовларида 233 та мактабининг 8 655 нафар ўқувчиси муносиб иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг соврини учун “Хорижий тилларни ўқитиш бўйича энг яхши мактаб” танловида 14-16 ёшдаги 150 мингга яқин ўқувчилар иштирок этиб, юқори натижа қайд этган 70 нафар республика босқичи иштирокчилари ва 14 нафар уларнинг педагоглари Буюк Британия ва Германияга таълим саёҳатига юборилди.
Хорижий тил билиш даражаси ошириш юзасидан олиб борилаётган ишлар натижасида сертификатга эга мактаб ўқувчилари сони 2025 йилда
40 983 нафарни (май ойи ҳолатига) ташкил этди. Бу 2021 йилга (10 960 нафар) нисбатан 3,7 каррага кўп. Миллий ва халқаро тан олинган сертификатларга эга педагоглар 33 345 нафарга етди. 2021 йилда 1 944 нафар бўлган. Давлат умумтаълим мактабларига 2023-2024-ўқув йилида буён 500 нафардан ортиқ хорижлик мутахассислар жалб этилмоқда.
Ўқувчилар ўртасида ташкил этилган “Турон мактаб театри” танловида 45 288 та жамоа онлайн рўйхатдан ўтиб, 362 304 нафар ўғил-қизлар қатнашди. “Иқтидор мактаб ансамбли” республика танловида 8 890 та жамоа таркибида 71 120 нафар ўқувчи иштирок этди.
Янги ташкил этилаётган “Йил ўқитувчиси” танловининг биринчи босқичи малака тоифа синовлари билан интеграция қилинди, ғолиб устозларга уй совға қилиниши белгиланди.