Давлат ОТМларига ҳужжат топшириш якунланди. Абитуриентлар сони сўнгги 7 йилдаги энг кам миқдорда бўлди

Ўзбекистонда давлат олий таълим муассасалари кириш имтиҳонларида қатнашиш учун 732 минг 411 нафар абитуриент ҳужжат топширди. Бу сўнгги 7 йилдаги энг паст кўрсаткич.
2025 йил Ўзбекистонда давлат олий таълим муассасалари бакалавриатга кириш имтиҳонларида қатнашиш учун 732 минг 411 нафар абитуриент ҳужжат топширди. Бу ҳақда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги хабар қилди.
Абитуриентларнинг 346 минг 299 нафари эркаклар бўлса, 386 минг 112 нафари аёллар.
Абитуриентларнинг таълим тили бўйича тақсимоти:
• Ўзбек тили — 644 минг 27 нафар;
• Рус тили — 71 минг 476 нафар;
• Қорақалпоқ тили — 14 минг 959 нафар;
• бошқа тиллар — 1 минг 949 нафар.
Рўйхатдан ўтган абитуриентлар тест синови учун тўловни 26 июнь куни соат 23:59 га қадар амалга оширишлари керак, тўлов қилмаганлар абитуриентлар рўйхатидан чиқарилади.
Маълумот ўрнида, бу йил ОТМларга ҳужжат топширган абитуриентлар сони сўнгги 7 йилдаги энг паст кўрсаткич бўлди.
Хусусан:
2019 йил — 1 млн 66 минг 925 нафар;
2020 йил — 1 млн 484 минг 85 нафар;
2021 йил — 948 минг 211 нафар;
2022 йил — 1 млн 214 минг 232 нафар;
2023 йил — 1 млн 18 минг 7 нафар;
2024 йил — 894 минг 279 нафар;
2025 йил — 732 минг 411 нафар абитуриент ҳужжат топширди.
Тўлов қилмайдиган абитуриентлар ҳисобга олинса, бу кўрсаткич яна ҳам тушиши мумкин.