Судлар фаолиятига оид қонунчилик нормалари Конституцияга мувофиқлаштирилмоқда

Янги тахрирда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида судлар фаолиятига доир янги нормалар белгилаб берилганлиги муносабати билан амалдаги Ўзбекистон Республикасининг “Судлар тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши тўғрисида”ги қонунлари ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексининг айрим нормаларини асосий қонунга мувофиқлаштириш зарурати юзага келган эди.
Бу борада 2025 йил 9 июнда Конституциянингсўзсиз ва тўлиқ амалга оширилишини, одил судловни амалга оширишда конституцион нормаларнинг тўғридан-тўғри қўлланилишини таъминлашга ҳамда давлат органларининг фаолиятини янгича конституциявий-ҳуқуқий шароитларда йўлга қўйишга хизмат қиладиган Ўзбекистон Республикасининг 1067-сонли Қонуниқабул қилинди.
Мазкур Қонун билан жиноят-процессуал қонунчилигига тегишли қўшимча ва ўзгартиришлар киритилиб, айбдорликка оид барча шубҳалар, агар уларни бартараф этиш имкониятлари тугаган бўлса, гумон қилинувчининг, айбланувчининг, судланувчининг ёки маҳкумнинг фойдасига ҳал қилиниши кераклиги, шунингдек қонун қўлланилаётганда келиб чиқадиган шубҳалар ҳам гумон қилинувчининг, айбланувчининг, мазкур шахслар ўзининг айбсизлигини исботлаши шарт эмаслиги ва исталган вақтда сукут сақлаш ҳуқуқидан фойдаланиши мумкинлиги, агар шахснинг ўз айбини тан олганлиги унга қарши ягона далил бўлса, у айбдор деб топилиши ёки жазога тортилиши мумкин эмаслиги, гумон қилинувчи, айбланувчи ва судланувчи ҳимояланиш ҳуқуқига эга бўлиб, уларга ўзини ҳимоя қилиш учун барча имкониятлар таъминланиши, шахс нафақат ўзига, балки яқин қариндошларига ҳам қарши кўрсатув бермаслик ҳуқуқига эгалиги белгилаб берилди.
Шунингдек, Қонун қабул қилингунга қадар Судьялар олий кенгаши раиси Президент тақдимига биноан Олий Мажлис Сенати томонидан, раис ўринбосари эса Президент томонидан тайинланар эди. Кенгаш аъзолари Кенгаш раисининг тақдимига биноан Президент томонидан судьялар орасидан тасдиқланар эди. Мазкур Қонун билан Судьялар олий кенгашитаркибини шакллантиришнинг тартиби ҳам ўзгартирилди.
Хусусан, “Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши тўғрисида”ги қонуни 5-моддасининг иккинчи-бешинчи қисмлари янги тахрирда қабул қилиниб, унга кўра, Кенгаш таркиби Президент тақдимига биноан Олий Мажлис Сенати томонидан сайланиши, айни бир шахс сурункасига икки муддатдан ортиқ Кенгаш раиси, раис ўринбосари этиб сайланиши мумкин эмаслиги, Кенгашнинг ўн бир нафар аъзоси судьялар орасидан сайланиши, ушбу аъзолардан бир нафари Қорақалпоғистон Республикаси судларининг судьялари орасидан сайланиши, Кенгашнинг котиби ва етти нафар аъзоси эса фуқаролик жамияти институтлари вакиллари ҳамда ҳуқуқ соҳасидаги юқори малакали мутахассислар орасидан сайланиши белгиланди.
Бундан ташқари, мазкур қонун билан Ўзбекистон Республикаси “Судлар тўғрисида”гиҚонунининг жами 12 та моддасига судларнинг мустақиллиги ва дахлсизлигини, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларининг кафолатларини кучайтиришга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритилди.
Наманган вилоят маъмурий судининг судьяси А.Дадабаев