Ёш оилаларга ота-оналар масъул

Ёш авлодда умуминсоний қадриятларни қарор топтириш, уларни ватанпарварлик, софдиллик ва ҳалоллик руҳида тарбиялаш, ижтимоий фойдали меҳнатга ўргатиш ота-оналарнинг асосий бурчларидан саналади. Бунинг учун эса ота-она фарзандига ўзи ибрат бўлиши лозим.
Аммо бугунги кунда ота-оналар ўртасидаги никоҳдан ажратишлар, вояга етмаганлар, ҳотин-қизлар ўртасида содир этилаётган жиноятлар борки, бу борада ҳамкорликда кўп ишлар қилиниши керак бўлади. Бу каби салбий иллатлар давом этаркан, оилавий ажримларни камайтириш, вояга етмаганларни назоратсиз қолдирмаслик борасидагичора-тадбирлар самарадорлигини оширишни чуқурўйлаб кўриш керак.
Фуқаролик ишлари бўйича Чирчиқ туманлараро судига жорий йилнинг ўтган 5 ойи давомида жами 695 та никоҳдан ажратиш ҳақида даъво аризалар келиб тушган. Шундан 612 та никоҳдан ажратиш тўғрисидаги фуқаролик ишлари кўриб тамомланган бўлиб, 317 та даъво аризаси қаноатлантирилган, 234 таси рад қилинган, 1 та иш бўйича даъвогар даъводан воз кечганлиги сабабли иш юритиш тугатилган ва 58 та иш бўйича аризалар кўрмасдан қолдирилган. Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, судга никоҳдан ажратиш ҳақида даъво аризасини беришда 289 та иш бўйича эркаклар, 326 та иш бўйича эса аёллар даъвогар бўлган. Ёшлар орасида ажримлар кўплиги айниқса кишини ташвишга солади. Жумладан, 18 ёшдан 30 ёшгача бўлганлар орасида 115 та, 30 ёшдан 40 ёшгача 110 та, 40 ёшдан 50 ёшгача 53 та ва 50 ёшдан юқори 39 тани ташкил этса, такрорий никоҳдаги шахслар томонидан берилган аризалар сони 21 та ва судга даъво берган вақтида шаърий никоҳ қурган тарафлар сони 49 тани ташкил этган.
Никоҳдан ажралиш бўйича судга даъво қўзғатишда асосан эр-хотин бир-бирларини тушуниб етмасликлари, оилавий муносабатларга қайнота-қайноналарнинг аралашиши, эр ёки хотининг узоқ йиллар хорижий мамлакатларга кетиб қолганлиги, баъзи ҳолларда эса хиёнат сабаб бўлмоқда. Суд томонидан никоҳдан ажратиш ҳақидаги ишларни кўришда ҳар битта оилани сақлаб қолиш чораларини кўриш мақсадида тарафларга ярашишлари учун муддат бериш ҳақида ажрим чиқарилиб, ушбу ажрим ижро қилиш учун туман маҳалла ва оилани қўллаб қувватлаш бўлими ҳамда тегишли маҳалла фуқаролар йиғинлари раисларига юборилади. Суд томонидан маҳаллаларда тушунтириш ишлари олиб борилганига қарамасдан, суднинг ажримлари номигагина муҳокама қилинаётганлиги, ушбу ажримлар ортида оила ва болаларнинг кейинги тақдири турса-да, улар бўйича асоссиз хулоса қилиш ва айрим ҳолларда умумий сўзлар билан судга жавоб қайтариш ҳолатлари ҳам учраб туради.Муваффақиятли оила пул, машина, тилла тақинчоқлару, ҳашаматли турмуш билан белгиланмайди.
Хиёнат ва ажралишлар кўпаяётган айни замонда беками кўст оила, эр-хотин ҳаловатда кун кечираётган, тарбияли фарзандларни камолга етказиш билан белгиланади.
Никоҳдан ажрашиш ҳақида ариза билан судга мурожаат этган ҳар бир оилани яраштириш ва уни сақлаб қолиш учун энг аввало уларнинг ота-оналари ҳамда маҳалла фаоллари ҳамкорликда иш олиб боришлари мақсадга мувофиқ.Зеро, халқимизда “Маслаҳатли тўй тарқамас” деган нақл бежиз айтилмаган.
Шахноза Суванова
ФИБ Чирчиқ туманлараро суди судьяси