Кўп йиллар мобайнида ишончли ва муҳим шерикчилик муносабатларига эга икки минтақа – Хитой ва Ўзбекистон давлатларининг ўзаро муносабатлари узоқ ўтмишга, яъни Буюк ипак йўли даврига бориб тақалади. Икки минтақа халқларининг ўртасида кўп томонлама дўстона ва ҳурматга асосланган муносабатларга гувоҳлик берувчи эътиборга молик воқеа ва маълумотлар тарихий манбаларда сақланиб қолган.
Маълумки, сўнгги бир неча йилларда Ўзбекистон ва Хитой ўртасида кўплаб йўналишлардаги ҳамкорлик муносабатлари тобора ривож топмоқда. Хусусан, таълим соҳасида ҳам янги тарихий саҳифалар яратилаётгани бунга яққол мисол бўла олади.
Хитойда илм-фаннинг ривожланиши, таълимга берилган эътибор, мазкур давлатнинг жаҳон миқёсида муносиб ўрин эгаллашига асосий омил бўлиб келмоқда. Шу ўринда сўнгги йилларда Ўзбекистон Республикасида олий таълим соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳам ўзининг юқори самарасини кўрсатмоқда. Пировардида, икки минтақанинг таълим йўналишида олиб бораётган амалий фаолияти бир мақсад йўлида муштарак эканлигини тасдиқлайди.
Сўнгги йилларда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан кўплаб соҳалар қатори икки минтақа университетлари билан изчил ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилмоқда. Биргина Наманган муҳандислик-технология институти томонидан Хитойнинг Вухан, Донхуа, Зежианг фан ва технологиялар университети, Ланжоу кимё-физика институти (CАS), Шинжиан кимё технологиялар институтлари билан изчил алоқалар ўрнатилган.
2019-йили институт делегацияси Хитойнинг Донхуа Ҳефеи, Шенжоу университетларига ташриф буюрган. Ҳамкорлик доирасида бугунги кунга қадар Хитой олий таълим муассасаларига 40 дан ортиқ талабалар ёзги мактабларга юборилди, 11 нафар бакалавр босқичидаги ёшлар халқаро талабаларнинг мобиллик дастури асосида талаба алмашинув дастурида иштирок этдилар. Наманган муҳандислик-технология институтининг 5 нафар илмий тадқиқтчилари халқаро – “Бир макон — бир йўл” лойиҳаси доирасида 1 йиллик стажировка дастурларига қатнашдилар.
Бундан ташқари институтимизнинг 4 нафар ёш профессор ўқитувчилари Хитойнинг Зежианг фан ва технологиялар университети, Донхуа университети, Хитой фан ва технологиялар университети (USTC), Ланжоу кимё-физика институти (CAS), Шинжиан кимё технологиялар институтларига Хитой ҳукуматининг ҳалқаро талабалар учун ажратилган “Ҳитой ҳукумати стипендияси” дастури асосида PhD ва DC босқичида таҳсил олиш учун юборилдилар ва улардан 2 нафари бугун ўз илмий тадқиқотларини муваффақиятли ҳимоя қилиб, институтга қайтдилар. Мазкур амалга оширилган саъй-ҳаракатлар талабаларнинг мукаммал билим олиши ва ўз фаолиятларини олиб боришда муҳим аҳамият касб этди.
Бугунги кунда Наманган муҳандислик-технология институти билан ҳамкорликда Хитой Халқ республикасининг Зежанг фан ва технологиялар университети ўртасида 2 йилга мўлжалланган «Мис таркибга асосланган нанозаррачаларнинг ўлчамлари ва уни антибактериал ўз-ўзидан хромогеп толали материалларга қўллаш» амалий лойиҳаси хамда Вухан университети билан хамкорликда “Хитин-Хитозан асосида термосенсорли полимерлар олиш технологияси” амалий лойиҳалари бажарилмоқда.
Томонлар ўрасидаги англашув меморандум доирасида, шу йилнинг 15-31 май кунлари Наманган муҳандислик-технология институтининг бир гуруҳ олимларидан иборат делегация Хитойнинг Zhejiang Sci-Tech университетига дастлабки лойиҳа ҳисоботларини муҳокама қилиш, келгуси режаларни белгилаш ва 3+1 қўшма дастурларни амалга ошириш муҳокамаларида қатнашиш ҳамда талабаларнинг ёзги амалиётини ташкил қилишда Хитойнинг ишлаб чиқариш корҳоналари билан келишувга эришиш масалаларида хизмат сафарига юборилиши кўзда тутилган.
Шу қаторда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпиннинг таклифига биноан 23-25 январь кунлари давлат ташрифи билан ушбу мамлакатда бўлиши, ташриф дастурига мувофиқ Пекин шаҳрида олий даражадаги музокаралар ҳамда қатор икки томонлама учрашувлар бўлиб ўтиши икки минақа олий таълим муассасалари учун ҳам катта имкониятлар эшикларини очиб беради.
Ташриф доирасида Биринчи Ўзбекистон-Хитой таълим форуми ўтказилиши ҳам фикримизнинг яққол далилидир. Шу йилнинг 22–23 январь кунлари Хитой пойтахти Пекин шаҳрида ўтадиган форумда икки мамлакат томонидан 100 дан ортиқ олий таълим муассасалари раҳбарлари, илм-фан вакиллари, вазирлик ва идоралар масъуллари иштирок этиши кўзда тутилмоқда. Мазкур халқаро форум икки давлат олий таълим, фан ва инновациялар соҳаларидаги ҳамкорлик алоқаларини ҳар томонлама кенгайтириш ва янги босқичга олиб чиқишда муҳим платформа вазифасини ўтайди.
Форумда Ўзбекистон-Хитой университетлари ўртасида олий таълим ва илм-фан йўналишидаги алоқаларни жадаллаштириш, ўзбекистонлик талабаларнинг хитой тилини чуқурроқ ўрганишлари учун имкониятларни кенгайтириш, таълимда сунъий интеллектни жорий этиш, муҳандислик, қишлоқ хўжалиги, энергетика, рақамлаштириш, кимё саноати йўналишларида кадрлар тайёрлаш, малака ошириш, стажировка ўташ, спин-офф корхоналарини ташкил этиш, технологиялар трансферини амалга ошириш, Хитой технологик парклари билан ўзаро алоқаларни йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилиниши режалаштирилган.
Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон ва Хитой ўртасида таълим йўналишида амалга оширилаётган ҳамкорлик – соҳани янада ривожлантириш билан боғлиқ кенг кўламли масалалар, томонларни қизиқтирган халқаро илмий тадқиқотлар юзасидан атрофлича фикр алмашиниши, имзоланган ҳужжатлар, эришилган келишувлар Ўзбекистон — Хитой муносабатларини янада ривожлантириш ва халқларимиз фаровонлигини юксалтиришига хизмат қилади.
Ишонч билан айтиш мумкинки, Хитой ва Ўзбекистон миллий тараққиёт ва юксалиш йўлида бундан кейин ҳам изчил ҳамкорликни давом эттиради. Бу эса мамлакатларимиз ўртасидаги дўстликнинг ёрқин ва янги саҳифаларини очаверади.
Одилжон Маматкаримов, Наманган муҳандислик-технология институти ректори