Коррупция ҳозирги кунда нафақат республикамизда, балки ер юзидаги барча мамлакатлар тараққиётига салбий таъсир этаётган, ҳаммани бирдек ташвишга солаётган муаммолар сирасига киради. Қонун ҳужжатларида коррупция тушунчасига қуйидагича таъриф берилган: “Коррупция – давлат органлари ходимлари моддий ёки мулкий йўсинда, ғайриқонуний шахсий наф кўриш мақсадида, ўз хизмат мавқеидан фойдаланишда ифодаланадиган ижтимоий ҳодисадир”. Яъни коррупция — сиёсат ва давлат бошқаруви соҳасидаги ижтимоий хавфли ҳодиса, давлат функцияларини бажариш ваколатига эга бўлган ёки уларга тенглаштирилган шаxсларнинг ноқонуний тарзда моддий ва бошқа бойликлар, имтиёзларни олишда ўз мақоми ва у билан боғлиқ имкониятлардан фойдаланиши, шунингдек, бу бойлик ва имтиёзларни жисмоний ёки юридик шахслар қонунга хилоф равишда эгаллашига имкон беришидир.
Коррупция ва порахўрлик давлатни ич-ичидан емириши жаҳондаги баъзи давлатлар тажрибасидан яҳши маълум.

Коррупциянинг ривожланиб кетишига давлат секторида иш ҳақининг хусусий секторга қараганда камлиги, давлат томонидан бозор иқтисодиётининг «тартибга солиниши», фуқароларнинг амалдорларга бўйсуниб қолиши, давлатнинг монополистик сиёсати, иқтисоднинг барқарор эмаслиги, иқтисодий ривожланишнинг пастлиги ҳам сабаб бўлиши мумкин.

Коррупция оқибатида етказиладиган зарар:

-давлат маблағларидан ва ресурсларидан унумли фойдаланилмайди;

-давлат бюджети катта миқдорда тушадиган солиқдан, тўловлардан маҳрум бўлади;

-бюрократик тўсиқлар туфайли давлат аппаратида унумли ишлаш анонси ва вақт йўқотилади;

-хусусий тадбиркорлар инқирозга учрайди;

-малакали ишчилар бошқа давлатларга кетиб қолади;

-чет эл инвестициясининг мамлакатга кириб келиши сустлашади ва иқтисодиётнинг ўсиши секинлашади;

-халқаро ташкилотлар томонидан берилаётган молиявий ёрдам ҳамда кредитлар мақсадсиз ишлатилади;

-ижтимоий тенгсизлик ўсиб кетади;

-уюшган жиноятчилик кучаяди;

-ҳукуматнинг сиёсий қарашларига путур етади;

-жамиятда ахлоқ қоидаларига риоя этиш сустлашади.

Республикамизда мазкур иллатнинг сабабларини аниқлаш ва бартараф этиш борасида кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда. Ушбу тоифадаги жиноятчиларга нисбатан қатъий чоралар кўрилмоқда. Давлат хизматчилари ва мансабдор шахсларнинг коррупция билан алоқадор жтноятларга аралашиб қолмасликларини таъминлаш мақсадида ҳукумат. томонидан узоқ муддатли чора-тадбирлар дастурлари ишлаб чиқилган бўлиб, уларнинг ижроси доимий назорат қилинмоқда.

Хулоса қилиб айтганда, айни пайтда мамлакатимизда жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашишнинг барча ҳуқуқий асослари яратилган. Фақат бу жараёнда юртдошларимиздан ҳушёрлик ва масъулият талаб этилади, холос. Шундагина мамлакатимиз бундан-да тараққий этиб, одамларимизнинг турмуши фаровонлашиб бораверади.

Рустамжон Эргашев,

Наманган вилоят маъмурий судининг судьяси

от Admin