Наманган вилоят ва туманлараро маъмурий судлари судьялари ҳамда Наманган вилояти ва туман(шаҳар) ҳокимликлари юристконсультантлари, Давлат кадастрлар палатаси Наманган вилоят бошқармаси ва ҳудудий филиаллари вакиллари иштирокида Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ 889-сонли Қонунининг мазмун моҳияти юзасидан ҳамда ўтган 2023 йил давомида маҳаллий ҳокимликларнинг қарорларини ҳақиқий эмас, кадастр органлари мансабдор шахсларининг хатти-ҳаракатларини қонунга хилоф деб топиш билан боғлиқ кўрилган ишларнинг таҳлили бўйича семинар машғулоти ўтказилди.

Семинар машғулотида дастлаб, Наманган вилоят маъмурий судининг раиси Зарипахон Курбонова семинар иштирокчиларига Ўзбекистон Республикаси Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексининг 2-моддасида, маъмурий суд ишларини юритиш вазифалари сифатида маъмурий органлар билан муносабатларда қонун устуворлигини, фуқаролар, шунингдек корхоналар, муассасалар, ташкилотларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш, маъмурий ва бошқа оммавий ҳуқуқий муносабатлар соҳасида фуқаролар ва юридик шахсларнинг бузилган ёки низолашаётган ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, маъмурий ва бошқа оммавий ҳуқуқий муносабатлар соҳасида қонунийликни мустаҳкамлаш ҳамда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга кўмаклашиш, қонунга ва судга нисбатан ҳурмат муносабатини шакллантириш белгиланганлигини таъкидлаб ўтди.

Семинар машғулотида дастлаб, Наманган вилоят маъмурий судининг маъмурий судьяси Алишер Дадабаев,  Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ 889-сонли Қонуни мавзусида маъруза қилди. Маърузада мазкур қонун билан туманлараро маъмурий судларида биринчи инстанция судида кўрилган ишлар вилоят судларида ва уларга тенглаштирилган судларда апелляция ёки кассация тартибида, вилоят судлари ва уларга тенглаштирилган судлар томонидан апелляция ёки кассация тартибида кўрилган ишлар мазкур судларда тафтиш тартибида, вилоят судлари ва уларга тенглаштирилган судлар томонидан тафтиш тартибида кўрилган ишлар Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъатида тафтиш тартибида қайта кўрилишини, Олий суднинг судлов ҳайъати томонидан кўрилган ишлар Олий суднинг Раёсатида тафтиш тартибида қайта кўрилишини назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилганлигини айтиб ўтди.

Шундан сўнг вилоят суди судьяси Умида Нишонова сўзга чиқиб, Наманган вилоят ва туманлараро маъмурий судлари томонидан 2023 йил давомида маҳаллий ҳокимликларнинг қарорларини ҳақиқий эмас ва улар мансабдор шахсларининг ҳаракат (ҳаракатсизлиги)ни қонунга хилоф деб топиш билан боғлиқ 383 та оммавий низолар кўрилганлиги, ўтган 2022 йилга нисбатан ушбу тоифадаги низолар кўпайганлиги, чунки, маҳаллий ҳокимликлар томонидан қарорлар қабул қилишда Ўзбекистон Республикаси Ер кодексига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармон ва қарорларига ҳар доим ҳам риоя қилинмаётганлиги, натижада суд томонидан 114 та ариза ёки умумий аризаларнинг 27,9 фоизи қаноатлантирилганлигини айтиб ўтди.

Шундан сўнг, туманлараро маъмурий судининг раиси Озодбек Зиявитдинов сўзга чиқиб, Кадастр агентлигининг давлат кадастрлари палатасининг қарорлари ва улар мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизликлари) юзасидан низолашиш билан боғлиқ кўрилган ишлар сони 2022 йил давомида 82 тани ташкил этган бўлса, жорий йил давомида 102 тани ташкил этиб, ушбу тоифадаги ишлар сони ўтган йилга нисбатан 24,4 фоизга кўпайганлиги, шундан 32 та ариза қаноатлантирилиб, аризачиларнинг ҳуқуқлари тикланганлиги, кадастр органи ходимлари ўз фаолиятлари давомида қонун ва қонуности ҳужжатларига ҳар доим ҳам амал қилмаётганликлари, натижада жисмоний ва юридик шахслар ўз ҳуқуқларини суд орқали тиклашга мажбур бўлаётганликлари ҳақида таъкидлаб ўтди.

Семинар машғулоти якунида барча иштирокчилар юзага келаётган муаммолар ва уларнинг ечимлари юзасидан саволларга жавоб олишди.

Очиқ ва самимий руҳда ўтказилган семинарда барча иштирокчилар ўзлари учун керакли бўлган назарий, амалий ва услубий билим-кўникмаларга эга бўлдилар.

Озодбек Зиявитдинов,

Наманган туманлараро маъмурий

судининг раиси

от Admin