Самарқанд шаҳрида туғилганига 4−5 соат бўлган қиз чақалоқ чиқиндихона яқинига ташлаб кетилди. Уни Ободонлаштириш бошқармаси ходими ўлик, қўл ва оёқлари жароҳатланган ҳолда топган. Болани ким қолдириб кетгани ҳозирча номаълум.
Самарқанд шаҳри Қоравус даҳасида янги туғилган чақалоқ чиқиндихона яқинига ташлаб кетилди. Бу ҳақда Севимли телеканалида xabar berildi.
Бола Ободонлаштириш бошқармаси ходими Матлуба Жўрақулова томонидан 7-январ куни соат 07:30 атрофида “Обод маскан” маҳалласи биноси орқасидаги чиқиндихона ёнида ўлик ҳолда топилган. Унинг айтишича, чақалоқнинг бош ва оёқ қисмида жароҳатлар бўлган.
“Ким бўлса ҳам, уни кечаси ташлаб кетган. Ҳамма жойни тозалаб юрганимда шу чақалоқни кўриб қолдим. Боши ва қўли тилинган эди. Ит ёки бирор нима [тилганми], тушунмадим. Кийми йўқ эди, оёқлари ҳожатхона қоғозига уралганди”, — деди ходим.
Воқеа содир бўлган ҳудудда кузатув камералари ўрнатилмаган. Бироқ маҳалла яқинлиги сабабли бу жой одамлар серқатнов жой ҳисобланади, дейилади хабарда.
13-оилавий поликлиника акушер гинекологи Азиза Бердиеванинг сўзларига кўра, чақалоқ 22 ҳафталик ва киндиги кесилмаган ҳомилага ос келади.
“Менинг фикримча, у 4−5 соат оралиғида туғилган бўлиши мумкин. Давлат туғуруқхоналарига мурожаат қилмай, уйда қилинган туғруққа ўхшади. Ривожланиши нормал, қўл-оёқлари бутун, тирноқлари шаклланган, 500 грамм атрофидаги қиз жинсли чақалоқ эди”, — деди шифокор.
“Ҳудуддаги 500 нафар ҳомиладорнинг барчаси билан боғланиб чиқдик. Бу ҳолат бошқа жойдан келганлар билан содир бўлган бўлиши мумкин. Чунки у ерда ижарада яшайдиганлар кўп”, — дея қўшимча қилди у.
Ҳозирда ҳолат юзасидан Самарқанд шаҳар ИИБ томонидан суриштирув ишлари бошланган.
Ҳудди шу манзилда — шаҳарнинг Қорасув даҳасидаги кўп қаватли уйнинг кириш йўлагига бир йил аввал ҳам туғилганига 4−5 кун бўлган икки чақалоқ qoldirib ketilgandi.