Effect.uz раҳбари Акмал Эшонхонов 11 млн 250 минг сўм жаримага тортилди!

Судьялар олий кенгаши раиси ва Effect.uz нашри ўртасидаги суд ишида сайт раҳбари Акмал Эшонхонов ёлғон ахборот тарқатишда айбдор деб топилди. Унга 11 млн 250 минг сўм жарима белгиланди.
Судьялар олий кенгаши томонидан вакиллар иштирок этмади. Судья суд мажлисини очиқ деб эълон қилди, аммо жараёндан фото, видео олиш ҳамда аудио ёзиб олиш тақиқланди.
Судланувчининг адвокати Зебо Комилова судья Жаҳонгир Саидовга бир қанча масалалар юзасидан ёзма илтимоснома киритди. Унда қайд этилишича, Судьялар олий кенгаши раиси Холмўмин Ёдгоров томонидан Бош прокуратурага киритилган тақдимномада қайси судьянинг дахлсизлиги бузилганлиги аниқ ифодалаб берилмаган, маъмурий ҳуқуқбузарликка оид ишда айнан қайси шахснинг обрўсига путур етказилганлиги аниқламаган ва бу иш ҳужжатларида кўрсатилмаган. Шунингдек, иш ҳолатларида Судьялар олий кенгаши ҳам, Бош прокуратура ҳам, ички ишлар органлари ҳам Effect.uz нашри томонидан ёлғон ахборот тарқатганлик ҳолатларини исботлаб бера олмаган.
Адвокат Судьялар олий кенгаши раиси Холмўмин Ёдгоров ёки унинг ишончли вакили суд мажлисида иштирок этиши бўйича ҳам оғзаки тақдимнома киритди. Бироқ, унинг ҳар икки илтимосномаси судья томонидан рад этилди.
Адвокатлар судья Жаҳонгир Саидовнинг илтимосномаларни кетма-кет рад этиши уларда ишни холис ва шаффоф кўриб чиқишига шубҳа уйғотганини таъкидлаб, судьяни алмаштириш юзасидан раддия киритди. Лекин судья адвокатларнинг раддиясини рад этди.
Судланувчи Акмал Эшонхонов адвокатларнинг барча илтимосномаларини қўллаб-қувватларкан, иш шаффоф кўрилмаётганига эътироз билдирди.
«Суд қандай қарор чиқаришидан қатъий назар, биз унда белгиланган жаримани албатта, тўлаймиз. Жаримага тортилганимиздан хафа эмасмиз, аксинча, хурсандмиз. Чунки нашримизда чоп этилган судьялар фаолиятига оид танқидий материаллар ёпиқ эшиклар ортида муҳокама бўляпти, суд тизимидаги раҳбарларга эса бу ёқмаяпти ва бизни суд орқали жазолашга уринишяпти. Демак, раҳбарлар бизни ўқияпти. Аммо кўтарилган муаммолар билан эмас, уни ёритганларга қарши курашиляпти. Бу жуда ачинарли ҳолат», — деди у.