Popular Posts

Аёллар ва болалар ҳуқуқини ҳимоя қилиш устувор вазифа

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 3 мартдаги “Аёллар ва болалар ҳуқуқларининг ҳимоясини кучайтириш ҳамда уларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш бўйича қўшимча ташкилий-ҳуқуқий чоралар тўғрисида”ги ПФ-33-сонли фармони қабул қилинди. 

Бизга маълумки, Мамлакатимизда аёллар ва болалар ҳуқуқларини ишончли таъминлаш, уларни ҳар қандай тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш ҳамда жамиятда бундай ҳолатларга нисбатан муросасизлик муҳитини шакллантириш, шунингдек, давлат органлари ва ташкилотларининг мазкур йўналишдаги фаолиятини мувофиқлаштирилган ҳолда самарали йўлга қўйиб келинмоқда.

1. Мазкур Фармоннинг мақсади:

1. Никоҳ ёшига етмаган шахс билан ҳақиқатда никоҳ муносабатларига киришиш ҳолатларининг (эрта никоҳ) олдини олишга эришиш, ота-оналарнинг ўз вояга етмаган фарзандлари учун масъулиятини янада ошириш;

2. Молиявий мустақилликка эришган ва оила қуришга ҳар томонлама тайёр бўлган ёшлар ўртасида никоҳ тузишни рағбатлантириш;

3. Аёллар ва болаларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш тизимини такомиллаштириш орқали уларнинг сонини кескин қисқартириш, шунингдек, бундай ҳолатга учраган шахсларни қўллаб-қувватлаш тизимини жорий этиш;

4. Оила ва хотин-қизлар масканларида никоҳланувчиларни “маиший зўравонликсиз бахтли оилавий ҳаётга тайёрлаш” махсус курсларида бепул ўқитиш билан қамраб олиш даражасини 2026 йилда 50 фоизга, 
2027 йилда 60 фоизга ва 2030 йилда 100 фоизга етказиш ҳамда ушбу курслар сифати ва таъсирчанлигини тубдан ошириш.

2. Эрта турмуш қуриш ҳолатларининг олдини олиш

1. Ёшларнинг ўз ҳаёт йўлини онгли равишда белгилашига кўмаклашиш, шунингдек, никоҳ шартномаси тузилишини рағбатлантириш мақсадида қуйидагилар белгиланди:

(а) 2027 йилдан бошлаб ҳар иккала тараф камида 21 ёшга тўлганда биринчи маротаба никоҳ тузган ёш оилалар учун:

(i) давлат томонидан қўшимча имтиёз ва бошқа шаклдаги қўллаб-қувватлаш чоралари тақдим этилади;

(ii) ушбу оилалар Ижтимоий реестрга киритилган тақдирда, оилалар аъзоларига уларнинг фаолиятини қўллаб-қувватлаш, ривожлантириш, даромадларини ошириш ёки мураккаб вазиятдан чиқариш учун тақдим этиладиган молиявий кўмаклар (субсидия, ссуда, грантлар) қонунчилик ҳужжатларида белгиланган миқдорлардан 1,5 бараварга оширилган ҳолда берилади;

(б) никоҳ шартномасини тузган никоҳланувчиларни никоҳни қайд этиш учун белгиланган давлат божидан озод этиш тартиби қўлланади.

2. Ҳомиладор талаба-қизларга ёки 3 ёшгача бўлган фарзанд тарбияси билан шуғулланувчи талабаларга олий таълим олиш учун «иккинчи имконият» яратиш мақсадида 2026/2027 ўқув йилидан бошлаб:

(а) курсдан курсга қолган ёхуд талабалар сафидан чиқарилган шахсларга, истисно тариқасида, фанлар фарқини қайта ўзлаштириш шарти билан таълимни давом эттириш имкони яратилади;

(б) талабалар фанлар фарқини мустақил ўзлаштириши учун қўшимча муддат берилсин ва бошқа зарур шарт-шароитлар ташкил этилади.

3. Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги уч ой муддатда қуйидагилар юзасидан таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритиш вазифаси қўйилдаи:

(а) ҳомиладор талаба-қизлар ёки 3 ёшгача бўлган фарзанд тарбияси билан шуғулланувчи талабаларга академик таътил даврида, уларнинг хоҳишига кўра, масофавий таълим шаклида ўқишни давом эттириш имкониятини яратиш;

(б) масофавий таълим шаклида кадрлар тайёрлаш бўйича таълим йўналишлари ва қабул кўрсаткичларини ошириш орқали ҳомиладор талаба-қизлар ёки 3 ёшгача бўлган фарзанд тарбияси билан шуғулланувчи талабаларга таълимни давом эттириш учун қўшимча шарт-шароитлар яратиш;

(в) академик таътилга чиққан, курсдан курсга қолган ва талабалар сафидан чиқарилган ҳомиладор талаба-қизлар ёки 3 ёшгача бўлган фарзанд тарбияси билан шуғулланувчи талабалар юзасидан алоҳида статистик маълумотларни юритиш.

4. Адлия вазирлиги, Олий Мажлиснинг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили, Оила ва хотин-қизлар қўмитасининг вояга етмаган шахслар билан никоҳ тузишга даъват этганлик (қизиқтирганлик) ва уни тарғиб қилганлик учун маъмурий жавобгарликни белгилаш тўғрисидаги таклифи маъқулланди.

6. 2026 йил 1 сентябрдан бошлаб никоҳ ёши тўғрисидаги қонунчилик ёки никоҳ тузиш тартибини бузишга оид ҳуқуқбузарликлар учун ундирилган жарима суммасининг 15 фоизини бундай ҳолат ҳақида хабар берган шахсларни рағбатлантиришга йўналтириш тартиби жорий этилади.

3. Тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларига қарши курашиш

1. 2026 йил 1 апрелдан бошлаб шундай тартиб ўрнатиладики, унга кўра ҳимоя ордери берилган жабрланувчи хотин-қизларнинг алоқа воситаларига (телефон, планшет ва бошқа қурилмалар) Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг тазйиқ ва зўравонлик ҳолатлари тўғрисида зудлик билан хабар бериш имконини берувчи («SOS» чақирув) «my.ihma.uz» мобил иловаси уларнинг розилиги билан ўрнатилади.

2. Ички ишлар вазирлиги Бош прокуратура ва бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда уч ой муддатда зўравонлик ҳолатини содир этган шахснинг руҳиятида бузилиш мавжуд деб тахмин қилишга асослар бўлган тақдирда, ички ишлар органлари томонидан унинг мажбурий амбулатор психиатр кўригидан ўтказилишини ташкил этиш, руҳиятида бузилиш аниқланганда белгиланган тартибда тиббий муассасага жойлаштиришни назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини киритсин.

3. 2026 йил 1 ноябрдан бошлаб:

(а) Жиноят кодексининг 118 (номусга тегиш), 119 (жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондириш), 121 (шахсни жинсий алоқа қилишга мажбур этиш), 128 (ўн олти ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилиш), 1281 (ўн олти ёшдан ўн саккиз ёшгача бўлган шахс билан моддий қимматликлар бериш ёки мулкий ёхуд бошқача тарзда манфаатдор этиш орқали жинсий алоқа қилиш), 129 (ўн олти ёшга тўлмаган шахсга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар қилиш) моддаларида назарда тутилган жиноятлар бўйича терговга қадар текширув ва дастлабки терговни фақат прокуратура органлари томонидан амалга ошириш;

(б) вояга етмаган шахсга нисбатан содир этилган шаҳвоний шилқимлик бўйича маъмурий ҳуқуқбузарликка оид иш ҳужжатларини қилмишда жиноят аломатлари мавжуд эмаслиги ҳақида прокурор томонидан қарор қабул қилинганидан сўнг судга юбориш тартиби жорий этилди.

4. Кенг жамоатчилик, эксперт ва фаолларнинг жиноят-ижроия қонунчилигини такомиллаштиришга қаратилган қуйидаги таклифлари маъқулланди:

Хусусан, (а) Жиноят кодексининг 118 ва 119-моддаларида назарда тутилган жиноятларни вояга етмаган шахсларга нисбатан содир этганлик учун судланган шахсларни манзил-колонияларга ўтказилмайдиган маҳкумлар тоифасига киритиш;

(б) мазкур банднинг «а» кичик бандиданазарда тутилган жиноятлар учун жазони ўтаётган маҳкумларни психологик тузатиш дастуридан ўтмасдан, сақлаш шароитларини енгиллаштириш амалиётига чек қўйиш.

5. 2027 йил 1 январдан бошлаб аёллар ва болаларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик билан боғлиқ жиноятлар, қоида тариқасида, махсус тайёргарликдан ўтган терговчилар ва судьялар томонидан тергов қилиниши ва кўриб чиқилиши белгиланди.

6. Бош прокуратура, Судьялар олий кенгаши, Олий суд ва Ички ишлар вазирлиги:

(а) 2026 йил якунига қадар ҳар бир ҳудуддаги иш ҳажмидан келиб чиққан ҳолда камида 1 нафар терговчи ва судья халқаро стандартларга асосланган дастур асосида махсус тайёргарликдан ўтказилиши ҳамда улар томонидан аёллар ва болаларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликка оид ишлар тергов қилиниши ва кўрилиши таъминади. Бунда қоида тариқасида махсус тайёргарликдан ўтказишда аёл терговчи ва судьяларга устуворлик берилишига эътибор қаратилиши лозим;

(б) 2026 йил 1 сентябрдан бошлаб Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси, Ички ишлар вазирлиги академияси ва Одил судлов академиясида халқаро ва миллий экспертларни жалб қилган ҳолда терговчи ва судьялар учун «Жиноятдан жабрланган аёллар ва болалар билан ишлашнинг ўзига хос процессуал жиҳатлари» махсус ўқув дастури ташкил этилади.

7. Ички ишлар вазирлиги Бош прокуратура, Олий суд, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ва Адлия вазирлиги билан биргаликда уч ой муддатда қуйидагиларни назарда тутувчи қонун лойиҳасини киритиш кўлсатилди:

(а) Жиноят кодексида вояга етмаганларга нисбатан жинсий эркинликка қарши жиноятлар ҳамда улар билан жинсий алоқа қилиш ва уятсиз-бузуқ ҳаракатларни содир этиш билан боғлиқ жиноятлар учун муқаддам судланган шахслар қуйидаги жиноятларни содир этганда уларга тегишинча умрбод озодликдан маҳрум қилиш ёки узоқ муддатли озодликдан маҳрум қилиш жазосини белгилаш:

(i) ўн тўрт ёшга тўлмаган шахснинг номусига тегиш;

(ii) ўн тўрт ёшга тўлмаган шахсга нисбатан жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондириш;

(б) ўн олти ёшга тўлмаган шахсга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатларни бир гуруҳ шахслар томонидан содир этганлик учун оғирроқ жавобгарликни белгилаш, шунингдек, тергов ва суд амалиётидан келиб чиққан ҳолда Жиноят кодекси 129-моддаси диспозициясига аниқлик киритиш;

(в) Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда шаҳвоний шилқимлик ва никоҳ ёши тўғрисидаги қонунчиликни ёки никоҳ тузиш тартибини бузиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарлик учун жазо санкцияларини ошириш, шунингдек, жиноят ишини қўзғатиш рад этилган бўлиб, маъмурий ҳуқуқбузарлик аломатлари аниқланган ҳолларда жавобгарликка тортиш тартибини такомиллаштириш.

8. Барча кўринишдаги тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларидан ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш мақсадида уч ой муддатда қуйидагилар юзасидан асослантирилган таклифлар киритиш белгиланди:

(а) Адлия вазирлиги Бош прокуратура, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, Ички ишлар вазирлиги, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ҳамда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) билан биргаликда — аёллар ва болаларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича халқаро стандартлар ва илғор хорижий амалиётни ўрганган ҳолда хотин-қизларни айнан жинси сабабли қасддан ўлдириш (фемицид), оила аъзоларини қасддан ўлдириш (фамилицид), шахсни унинг эркига қарши равишда ноқонуний таъқиб қилиш (сталкинг), Интернет ёки ижтимоий тармоқларда содир этиладиган зўравонлик (киберзўравонлик), вояга етмаган шахслардан жинсий фойдаланиш ҳамда шу мақсадда Интернет орқали вояга етмаган шахснинг ишончини қозониш (онлайн груминг) учун қонунчиликда жавобгарлик белгилаш;

(б) Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, Ички ишлар вазирлиги ҳамда Адлия вазирлиги — зўравонлик ҳолатларини содир этган шахслар (агрессор) билан ишлаш тизимини такомиллаштириш, шу жумладан, бу жараёнда оила ва хотин-қизлар масканлари имкониятларидан фойдаланишни кенгайтириш.

 

Наманган вилоят маъмурий

судининг судьяси Ш.Ахмеджанова