Мамлакатимиз тарихидаги муҳим воқеа бўлган Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисига ва Ўзбекистон ҳалқига мурожаатномасида ўз якунига етаётган йилнинг асосий кўрсаткичлари, эришилган ютуқлар ҳамда олдинга қўйилган мақсад ва вазифалар белгилаб олинди.
Ҳусусан, давлатимиз раҳбари мурожаатномада янги йилда олтита йўналишда амалга оширилиши лозим бўлган ислохотларга тўхталиб ўтди. Жумладан, учинчи йўналиш бўйича инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш давлатнинг конституциявий мажбурияти сифатида белгиланиши лозимлигини таъкидлаб, суд ҳуқуқ соҳасида амалга оширилиши керак бўлган мухим вазифаларни белгилаб берди.
Президентимиз “Аввал – инсон, кейин – жамият ва давлат” деган ғояни Конституциямиз ва қонунларимизга ҳам, кундалик ҳаётимизга ҳам чуқур сингдиришимиз кераклигини таъкидлагани ҳолда, суд ҳуқуқ соҳасида амалга оширилган ислохотларга, эришилган натижаларга ва шу билан бирга соҳада амалга оширилиши лозим бўлган вазифаларга ҳам тўхталиб ўтди.
Сўнги йилларда олиб борилган ислоҳотлар натижасига кўра, маъмурий органлар билан муносабатларда қонун устуворлигини, фуқаролар, шунингдек корхоналар, муассасалар, ташкилотларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, қонуний манфаатларини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикасида маъмурий судлар ташкил этилиб, беш йилдирки маъмурий судлар фуқаро ва юридик шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиб келмоқда.
Мурожатномада ҳам маъмурий судлар фаолиятига яна бир бор тўхталиб ўтилиб, ҳоким қароридан норози бўлиб мурожаат қилинган тақдирда, ишларни экстерриториал тартибда, яъни бошқа ҳудудда ҳам кўриш амалиёти жорий қилиниши таклифи берилди.
Мазкур таклиф судловга тегишлиликка оид бўлиб, амалдаги судловга тегишлиликка оид қонунчилик талабига кўра, фуқаронинг ёки юридик шахснинг аризаси (шикояти) қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан шикоят қилинаётган маъмурий орган жойлашган ер ёхуд мансабдор шахснинг иш жойи бўйича судга тақдим этилади.
Мазкур норма ҳудудий тегишлилик – маъмурий судга тааллуқли бўлган низони муайян ҳудудда жойлашган маъмурий судда кўрилишини қонунда белгиланганлиги. Бунда жавобгарнинг жойлашган манзили мазкур тегишлиликнинг турини белгилашда асос бўлиб ҳизмат қилади.
Маъмурий суд ишларини юритишда судловга таллукдилик қоидалари билан бирга тегишлилик қоидалари ҳам ўз аҳамиятига эга бўлиб, судга тегишлилик суд ишини юритишда алоҳида институт ҳисобланади ва тааллуқлилик, судга тааллуқлилик таркибий қисмидан келиб чиққан ҳуқуқий нормаларни ўз ичига олади.
Тегишлиликни белгилашда низонинг предмети, жавобгарнинг жойлашган манзили, тарафлар ва уларнинг муносабатларининг ҳусусияти асос бўлади.
Ўзбекистон Республикаси Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексида судловга тегишлилик қоидалари ўз аксини топган бўлиб, судловга тегишлиликнинг умумий қоидаларига кўра, судга тааллуқли ишлар туман (шаҳар) маъмурий судлари томонидан кўрилади, бундан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар маъмурий суди ва Ўзбекистон Республикаси Олий суди судловига тегишли ишлар мустасно деган қоида белгиланган. Шунингдек, 29-моддада тегишлилик қоидасига янада аниқлик киритилади ва Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар маъмурий суди судловига тегишли ишларга урғу берилади: Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар маъмурий суди биринчи инстанция суди сифатида давлат сири билан боғлиқ бўлган ишларни кўради. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар маъмурий суди алоҳида ҳолатларга қараб, ҳар қандай ишни туман (шаҳар) судидан олиб қўйишга ва уни биринчи инстанция бўйича ўзининг иш юритувига қабул қилишга, ишни бир суддан бошқасига ўтказишга ҳақли.
Маъмурий суд ишларини юритишда тегишлиликнинг бир нечта кўринишини кузатиш мумкин:
1). Турдош, яъни предмет бўйича тегишлилик – низо предметидан келиб чиқиб маъмурий суд бўғимлари ўртасида ишни кўриб чиқиш ваколатларини чегараланиши. Турдош тегишлилик туманлараро маъмурий судининг вилоят судлари, Тошкент шаҳар, Қорақолпоғистон Республикаси маъмурий судларидан, бу судларнинг ваколатлариини Ўзбекистон Республикаси Олий суди ваколатларидан ажратиб оламиз. Тегишлиликни ҳал этишнинг мазкур турида низо ва унинг предмети асос бўлади.
2) Маъмурий ишларнинг Олий суд ва харбий судлар судловига тегишлилиги ҳам алоҳида моддалар асосида белгилаб қўйилган:
Ўзбекистон Республикаси Олий суди биринчи инстанция суди сифатида қуйидаги маъмурий ишларни тегишлилик қоидаси бўйича кўриб чиқади ( МСИЮтК 30-модда) :
- идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар юзасидан низолашиш тўғрисидаги;
- Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси хатти- ҳаракатлари (қарорлари) юзасидан низолашиш ҳақидаги ишларни кўриб чиқади.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди қонун билан ўз ваколатларига киритилган бошқа ишларни ҳам биринчи инстанция суди сифатида кўриши мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди алоҳида ҳолатларга қараб, ҳар қандай ишни исталган маъмурий суддан олиб қўйишга ва уни биринчи инстанция бўйича ўзининг иш юритувига қабул қилишга, ишни бир суддан бошқасига ўтказишга ҳуқуқига эга.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Раёсати томонидан ҳал қилув қарори, қарор бекор қилиниб, иш янгидан кўриш учун биринчи инстанция судига юборилган тақдирда, Ўзбекистон Республикаси Олий суди ишни биринчи инстанция суди сифатида ўзининг иш юритувига қабул қилишга ҳақли.
Юқорида қайд этилаганлардан ташқари аризачининг ҳоҳишига ёки танловига кўра ҳам судловга тегишлилик белгиланиши мумкин, яъни — турли ерларда жойлашган бир нечта жавобгарга нисбатан ариза (шикоят) аризачининг танлови бўйича жавобгарлардан бири жойлашган ердаги судга тақдим этилиши мумкин.
Тегишлилик қоидасининг бир қисми сифатида маъмурий ишларни кўришда судлар ишни бир суддан бошқасига ўтказиш ҳуқуқига эга бўлиб кодексда бунга аниқлик киритилади. Суд томонидан судловга тегишлилик қоидаларига риоя этилган ҳолда қабул қилиб олинган иш, гарчи кейинчалик бошқа маъмурий суднинг судловига тегишли бўлиб қолса ҳам, илгариги суд томонидан мазмунан кўрилиши керак. Ишни бир маъмурий суддан бошқа маъмурий судга ўтказиш қуйидаги ҳолларда амалга оширилади: (МСИЮтК 34-модда):
Суд ишни қуйидаги ҳолларда бошқа маъмурий судга ўтказади, агар:
- иш судловга тегишлилик қоидасини бузган ҳолда қабул
қилинганлиги ишни шу судда кўриш вақтида маълум бўлса;
- бир ёки бир нечта судья рад қилинганидан кейин уларни мазкур судда алмаштириш мумкин бўлмай қолса, шунингдек ишни ушбу судда кўриш мумкин бўлмай қолган бошқа ҳолларда.
Ишни кўриш бошқа маъмурий судга ўтказилганда, иш бошқа судга тўғрисида ажрим чиқарилиши билан расмийлаштирилади. Бир суддан бошқа судга юборилган иш у юборилган судда кўриш учун белгиланган процессуал тартибларга амал қилган ҳолда қабул қилиб олиниши керак.
Маъмурий судлар ўртасида судловга тегишлилик бўйича низолар юзага келиши мумкин. Маъмурий судларнинг судловга тегишлилик юзасидан муоммолар асосан ҳудудларнинг чегаралари ўзгарганида юзага келиши мумкин, яъни бирор-бир вилоят, туман, шаҳарларнинг ҳудудларига ўзгартиришлар киритилганида. Ҳозирги кунда Ўзбекистон Республикаси Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекси ҳамда ушбу кодекс нормаларига шарҳ сифатида Олий суд Пленумининг қарорлари, шу жумладан Олий суд Пленумининг 2019 йил 24 декабрдаги «Маъмурий органлар ва улар мансабдор шахсларининг қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан шикоят қилиш тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш бўйича суд амалиёти ҳақида»ги қарор билан янада аниқлик киритиб ўтилган ва бу пленум қарори амалиётда судловга тегишлилик ва таллуқлилик бўйича тушунмовчиликлар юзага келишини олдини олишга қаратилган.
Миллий қонунчилигимизда маъмурий судлар фаолиятидаги тегишлилик институтини янада такомиллаштириш низоларни адолатли, қонуний ва ўз вактида кўриб, хал қилинишида муҳим омиллардан бири бўлиб хизмат қилади.
Бир сўз билан айтганда давлат рахбарининг ўз ҳалқига мурожаатнома йўллаши, мазкур мурожаатномада Ўзбекистоннинг истиқболи йўлида ва ислоҳотларнинг узвийлигини таъминловчи вазифаларни белгилаб бериши халқимизнинг фаровонлигини янада ошириш, тадбиркорликни жадал ривожлантириш, инсон ҳуқуқлари ва манфаатларини сўзсиз таъминлашга қаратилган.
Зарипахон Курбонова,
Наманган вилоят маъмурий судининг раиси