Бизга маълумки 2023 йил сиёсий жараёнларга бой йил бўлди, ушбу сиёсий жараёнлардан бири жорий йилнинг 30 апрель куни Референдум ўтказилди. Ўзбекистон Республикаси референдумида умумхалқ овоз бериш орқали конституциянинг янги таҳрири қабул қилинди.
Янги таҳрирдаги Конституциямиз илгари амал қилиб келган “давлат – жамият – инсон” тамойилини “инсон – жамият – давлат” деб ўзгартириш, яъни энг аввало инсон манфаатини ҳар нарсадан устун қўйишни мақсад қилган.
Хусусан, унда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш – давлатнинг олий мажбурияти этиб белгиланган ва шу муносабат билан инсон ҳуқуқлари кафолатлари жиддий равишда кучайтирилган.
Конституцияда инсоннинг шаъни ва қадр-қиммати дахлсиздир, ҳеч нарса уларни камситиш учун асос бўлиши мумкин эмас. Инсонннинг ҳуқуқ ва эркинликлари бевосита амал қилади ҳамда қонунлар, давлат органлари ва мансабдор шахслар фаолиятининг мазмун-моҳиятини белгилаб беради.
Инсон ва давлат органлари ўртасидаги юзага келган ноаниқликлар инсон фойдасига талқин қилиниши, ҳуқуқий таъсир чоралари мақсадга эришиш учун етарли ва мутаносиб бўлиши кераклиги белгиланмоқда. Бу нормалар ҳуқуқни қўллаш фаолиятида инсон манфаатлари устувор бўлишини амалда таъминлашга хизмат қилади.
Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси муқаддимаси янада ривожлантирилиб, инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни ва
қадр-қиммати олий қадрият сифатида қайд этилди, инсонпарвар демократик давлат, очиқ ва адолатли жамият барпо этиш масъулияти акс эттирилди. Инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш давлатнинг олий мақсади этиб белгиланди.
Шу билан биргаликда Инсон ва фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликлари кенгайтирилди.
Хусусан, амалдаги Конституциянинг IX боби Иқтисодий, ижтимоий, маданий ва экологик ҳуқуқлар деб номланиб, 41-моддадан 53-моддаларни ўз ичига жамлаган. Ушбу боб эски тахрирдаги конституциядан фарқи шундан иборатки, бобнинг номи “Иқтисодий ва ижтимоий ҳуқуқлар” деб номланиб, 36-моддадан 42-моддалардан иборат бўлган.
Яъни, янги тахрирдаги Конституцияда ушбу фуқароларнинг маданий ва экологик ҳуқуқлари ҳам назарда тутилган.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев 2022 йил 20 июнда Конституциявий комиссия аъзолари билан учрашувда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича амалдаги тизимнинг самарасини ошириш мақсадида Конституциямизда болалар меҳнатига йўл қўймасликка алоҳида эътибор қаратган эди. Ўзбекистон Республикаси 2008 йилда Халқаро меҳнат ташкилотининг Болалар меҳнатининг оғир шаклларини тақиқлаш ва йўқ қилишга доир шошилинч чоралар тўғрисидаги Конвенцияни ратификация қилган.
Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ва Жиноят кодексларида вояга етмаган шахсларнинг меҳнатидан фойдаланишга йўл қўйилмаслиги тўғрисидаги талабларни бузиш, яъни вояга етмаган шахс меҳнатидан унинг соғлиғига, хавфсизлигига ёки ахлоқ- одобига зиён етказиши мумкин бўлган ишларда фойдаланиш учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик чоралари белгиланган.
Конституциямизнинг 44-моддасида “Болалар меҳнатининг боланинг соғлиғига, хавфсизлигига, ахлоқига, ақлий ва жисмоний ривожланишига хавф солувчи, шу жумладан унинг таълим олишига тўсқинлик қилувчи ҳар қандай шакллари тақиқланади”, деган қатъий норма мустаҳкамланмоқда.
Пахта далаларида ёки бошқа қишлоқ хўжалиги ишларида, умуман, бошқа соҳаларда ҳам болалар меҳнатидан фойдаланиш, айниқса, уларни жалб қилишнинг олдини олиш ва унга қарши курашиш бўйича тизимли ва қатъий ислоҳотлар натижасида Ўзбекистонда болаларнинг мажбурий меҳнати тўлиқ барҳам топди. 2 миллионга яқин болалар мажбурий меҳнатдан озод қилинди. Эндиликда бу борадаги давлат сиёсатини конституциявий даражада мустаҳкамлашга қаратилган муҳим қадамлар
ташланмоқда.
Конституциямизга илк маротаба киритилаётган мазкур норма мамлакатимизда ушбу соҳада эришилган ютуқларни қатъий мустаҳкамлайди ҳамда болалар соғлом ва баркамол бўлиб вояга етишлари учун муҳим ҳуқуқий кафолат бўлиб хизмат қилади. Айни пайтда, ушбу конституциявий норма болаларнинг соғлиги, хавфсизлиги, тўлиқ жисмоний, ақлий ва маънавий ривожланишига таҳдид солмайдиган, таълим олиш жараёнини бузмайдиган тарзда меҳнат қилишларига тўсқинлик қилмайди.
Хусусан, амалдаги Меҳнат кодексига мувофиқ меҳнатга тайёрлаш учун умумтаълим мактаблари, ўрта махсус, касб-ҳунар ўқув юртларининг ўқувчиларини уларнинг соғлиги, хавфсизлиги, тўлиқ жисмоний, ақлий ва маънавий ривожланишига таҳдид солмайдиган, таълим олиш жараёнини бузмайдиган енгил ишни ўқишдан бўш вақтида бажариши учун – улар ўн беш ёшга тўлганидан кейин ота-онасидан бирининг ёки ота-онасининг ўрнини босувчи шахслардан бирининг ёзма розилиги билан ишга қабул қилишга йўл қўйилади.
Ш.Ахмеджанова ва Б.Акбарова,
Наманган туманлараро маъмурий суди судьялари