2023 йил 11 сентябрда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон — 2030» стратегияси тўғрисида»ги 158-сон Фармони қабул қилинди.
Фармон билан Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясини амалга ошириш жараёнида орттирилган тажриба ва жамоатчилик муҳокамаси натижалари асосида ишлаб чиқилган «Ўзбекистон – 2030» стратегияси тасдиқланди. Ҳужжатда қуйидаги асосий ғоялар акс эттирилган:
барқарор иқтисодий ўсиш орқали даромади ўртачадан юқори бўлган давлатлар қаторидан ўрин олиш;
аҳоли талабларига ва халқаро стандартларга тўлиқ жавоб берадиган таълим, тиббиёт ва ижтимоий ҳимоя тизимини ташкил қилиш;
аҳоли учун қулай экологик шароитларни яратиш;
халқ хизматидаги адолатли ва замонавий давлатни барпо этиш;
мамлакатнинг суверенитети ва хавфсизлигини кафолатли таъминлаш.
«Ўзбекистон – 2030» стратегияси доирасида ўз долзарблигини йўқотмаган барча мақсадларга эришиш, шунингдек, Янги Ўзбекистонни ривожлантириш стратегиясида белгиланган вазифаларни амалга ошириш таъминланади.
Ҳужжат билан «Ўзбекистон – 2030» стратегиясини амалга ошириш бўйича Республика комиссияси таркиби тасдиқланди.
«Тараққиёт стратегияси» маркази Рақамли технологиялар вазирлиги билан биргаликда стратегия ижросини баҳолаш имкониятини яратувчи онлайн портални ишга тушириши белгиланган.
Стратегияда 5 та йўналиш бўйича 100 та мақсад танлаб олинган.
Стратегия 4-йўналишнинг 2-банди “Қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотлар”га бағишланган бўлиб, унда бир қатор устувор вазифалар белгиланган. Жумладан, 84-мақсад “Конституция ва қонунларнинг устуворлигини таъминлаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимоя қилинишини таъминлашни суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг бош мезонига айлантириш”, деб номланган. Унда озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлаш амалиётини 30 фоиздан 20 фоизга тушириш, судлар ҳамда тергов органлари фаолиятида айрим процессуал ҳаракатларни масофадан туриб амалга ошириш имкониятларини камида 2 баробарга ошириш назарда тутилган. Бундан ташқари, давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг фаолияти устидан самарали суд назоратини ўрнатиш ҳамда маъмурий адлия тизимини янада ривожлантириш, суд ҳокимиятининг мустақиллигини кучайтириш ва унинг фаолиятида очиқликни таъминлаш каби устувор вазифалар ҳам белгиланганки, бу мақсадларнинг ҳаётга тадбиқ этилиши аҳолида одил судловга бўлган ишончнинг янада ошишига хизмат қилади.
Албатта, судларга бевосита мурожаат қилишга тўсқинлик қилаётган омилларни тўлиқ бартараф этиш, судга қадар босқичда низоларни ҳал қилиш самарадорлигини ошириш, маъмурий ҳуқуқбузарликларга оид ишларни кўриб чиқиш натижалари устидан судларга юборилаётган шикоятларнинг электрон шаклда келиб тушишига эришиш, шунингдек, тадбиркорлик субъектларига нисбатан кўрилаётган жиноят ишларида ҳимоячи ёки жамоат ҳимоячиси иштирокини таъминлашга эришиш юртимизда инсон қадри тобора улуғланиб, инсон манфаатлари ҳар нарсадан устун эканлигининг бир исботидир.
Адвокатура институтини ўз-ўзини бошқариш тизимига ўтказиш ҳамда унинг давлат органлари ва бошқа тузилмалардан мустақиллигини таъминлаш ўта муҳим вазифадир. Қолаверса, адвокатлар малакасини оширишнинг замонавий ва халқаро стандартларга мос келувчи ва муқобиллик тамойилига асосланган тизимини жорий этиш, адвокатлар ҳамда судлар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ўртасида электрон ҳужжатлар алмашинувини йўлга қўйиш ҳам яратилаётган қулайликлардан биридир.
Зарипахон Курбонова,
Наманган вилоят маъмурий суди раиси