Жамоатчилик назорати: Фуқаролик жамияти институтларининг ишончи

Янги Ўзбекистонда демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш жараёнида айнан жамоатчилик назоратини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Янги таҳрирдаги Конституцияда “жамоатчилик назорати” фуқароларнинг бевосита ёки фуқаролик жамияти институтлари орқали давлат бошқарувида иштирок этиши, давлат органлари фаолиятининг очиқлигини, улар фаолиятининг жамият манфаатлари ва қонунийлигига мувофиқлигини таъминлаш мустаҳкамланди.
Шунингдек, конституциявий нормаларга қўшимча равишда, фуқаролар ва фуқаролик жамияти институтлари Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг шакллантирилиши ҳамда ижро этилиши устидан жамоатчилик назоратини амалга оширади. Фуқароларнинг ҳамда фуқаролик жамияти институтларининг бюджет жараёнида иштирок
этиши тартиби ва шакллари қонун билан кафолатланди (148-модда).
“Халқнинг қонунчилик ташаббуси” институтсифатида киритилди. Энди Конституция 98-моддасига асосан “Ўзбекистон Республикасининг сайлов ҳуқуқига эга бўлган, юз минг нафардан кам бўлмаган фуқаролари”, Олий Мажлис Сенати, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман), Марказий сайлов комиссияси қонунчилик таклифларини қонунчилик ташаббуси тартибида Олий Мажлиснинг Қонунчилик палатасига киритишга ҳақли.
Давлатларнинг шаклланиши ва ривожлаништарихи шуни кўрсатадики, халқ томонидан жамоатчилик назорати амалга оширилмаса, аҳолини қийнаб келаётган муаммоларни ўз вақтида ҳал этиш, давлат идоралари ва мансабдор шахслар билан ўзаро мулоқот ўрнатиш каби тўсиқларга сабаб бўлади.
Қайд этиш лозимки, айни пайтда Ўзбекистонда фуқаролик жамияти институтлари томонидан давлат органлари фаолияти устидан самарали жамоатчилик назоратини ўрнатишга қаратилган қатъий чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Фуқаролик жамияти институтлари жамоатчилик назоратини амалга оширишдаги асосий муаммолардан бири бу давлат органлари билан ўзаро алоқанинг йўқлиги. Мисол учун, жамоатчилик назорати натижалари бўйича давлат органларига тақдим этилган якуний ҳужжатларни мансабдор шахслар томонидан кўриб чиқишда пайсалга солиш ҳоллари учраб турибди.
“Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги Қонуннинг 26 моддасига мувофиқ, улар нафақат ўзларига юборилган, жамоатчилик назорати натижалари бўйича қабул қилинган якуний ҳужжатларни кўриб чиқишлари, балки уларда баён этилган фикр-мулоҳазалар ёки
таклифларга асослантирилган жавобни ҳам тегишли жамоатчилик назорати субъектларига юборишлари шарт.
Амалиётда ҳанузгача учраб турадиган бундай ҳолатлар жамоатчилик назорати сифатини сезиларли даражада тушишига, фуқароларнинг давлатга нисбатан ишончи пасайишига, бу фаолиятнинг шаффофлигига, жамият ва давлат ўртасидаги ўзаро алоқанинг узилишига олиб келмоқда.
Хорижий тажриба шуни кўрсатмоқдаки, бундай ҳолларда
ривожланган мамлакатларда маъмурий ва жиноий жавобгарлик чоралари кўзда тутилган. Соҳанинг етакчи мутахассислари фикрича, мазкур чора-тадбирлар жамоатчилик назорати самарадорлиги ҳамда давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахслари фаолияти сифатига ижобий таъсир кўрсатмоқда.
Жамоатчилик назорати институтларини ривожлантириш, жумладан, коррупциянинг олдини олишнинг асосий чора-тадбирларидан бири сифатида эътироф этилади.
Олий Мажлис қонунчилик палатасининг бир гуруҳ депутатлари томонидан айни кунларда муҳокамага тақдим этилаётган давлат органларига жамоатчилик назорати натижалари бўйича тақдим этилган якуний ҳужжатни белгиланган муддатда кўриб чиқилмаслик учун мансабдор шахсларга маъмурий жавобгарлик белгилаштаклифи соҳани такомиллаштиришда катта бурилишдир.
Жамоатчилик назорати жамият учун нима беради?
• фуқароларнинг давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахслари фаолиятига ишонч даражасини ошириш, бу фаолиятнинг шаффофлигини таъминлайди;
• жамоатчилик назорати натижалари ва самарадорлигини оширади;
• жамият ва давлат ўртасидаги алоқани мустаҳкамлайди;
• давлат қарорларини қабул қилиш ва давлат бошқарувида фуқаролик жамияти институтларининг роли ва аҳамиятини кучайтиради;
• давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахслари фаолияти самарадорлигини ошириш, улар томонидан фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига зид бўлган қарорларни қабул қилиш ва амалга ошириш хавфини камайтириш имконини яратади.
Мисол учун сўнгги йилларда жамоатчилик фикри асосида ижобий ҳал этилган дарахтлар ва бошқа ўсимликларга шикаст етказганлик, уларни қонунга хилоф равишда кесганлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик кучайтирилишига эришилди.
Шунингдек, фуқаролар томонидан маҳаллалардаги мавжуд ижтимоий аҳамиятга эга муаммоларни ҳал этишга қаратилган “Ташаббусли бюджет” орқали одамлар ўз муаммосини олиб чиқиб, овоз бериб, ўзи назорат қилиши, ёзда чанг, қишда лой кўчаларнинг обод ва ораста масканларга айланаётганлиги ҳам жамоатчилик назорати самарасидир.
Билдирилаётган ташаббусларга эътибор берсак, уларнинг учдан бир қисмини мактабларни таъмирлаш, жиҳозлаш каби лойиҳалар эгаллаган. Ҳар тўртинчи лойиҳа ички йўлларни ҳамда кейинги ўринларда мактабгача таълим ва соғлиқни сақлаш муассасаларини таъмирлаш турибди.
Натижада фуқаролар фаоллиги уйғониб, ошиб бораётганлигини, уларнинг овози жамиятда ниманидир ҳал қилишда муҳим ўринга эгалигини тобора англаб, ҳис қилаётганлигини намоён қилди. Қолаверса, бу лойиҳа ҳозирги кунда фуқароларни маҳаллий бюджетларни оқилона тақсимлашда иштироки кенгайиб бориши, охир оқибатда эса фуқароларнинг давлат бюджети ҳаражатлари устидан жамоатчилик назорати ўрнатилишига олиб келади.
Хулоса қилиб айтганда, таъсирчан жамоатчилик назоратини амалга оширишнинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш масаласи келгусида инсонларни рози қилиш, уларнинг дарду ташвишларини тезкор ўрганиш ва ҳал қилишнинг энг самарали усули – халқ билан очиқ мулоқотнинг ҳуқуқий ва амалий механизмларини янада такомиллаштириш, жамият ҳаётидаги, давлат бошқарувидаги муҳим қарорларни жамоатчилик фикрини инобатга олган ҳолда қабул қилиш амалиётини кенгайтириш учун хизмат қилади.
Абдурахим Мамаджанов, Барқарор ривожланиш маркази бўлим бошлиғи