Жамоат фондларининг шаффофлиги: МИЛЛИЙ ВА ХОРИЖИЙ ТАЖРИБА

Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашиш ва жамоат ташкилотларининг шаффофлигини таъминлаш борасидакенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Жумладан, нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш, уларнинг шаффоф ва самарали фаолият юритиши учун қулай муҳит яратишга қаратилган қонунлар қабул қилинмоқда.
Нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳуқуқий муҳофазасини кучайтириш учун қатор ташаббуслар амалга оширилмоқда. Жумладан, жамоат ташкилотларига давлат томонидан қўллаб-қувватлаш механизмлари жорий этилиши, давлат идоралари томонидан ноқонуний аралашувларнинг олдини олиш ва жамоатчилик назоратини кучайтириш чоралари кўрилмоқда. Бу ўзгаришлар мамлакатда фуқаролик жамиятини ривожлантириш ва давлат бошқарувида жамоат фондларининг ўрнини мустаҳкамлашга
қаратилган муҳим қадамлардир.
Бу борада хорижий мамлакатларда ҳам жамоат фондлари борасида бир қатор ислоҳотлар амалга оширилган. Жумладан:
АҚШда нодавлат нотижорат ташкилотларини бошқариш учун номзодлар молиявий ва ҳуқуқий текширувдан ўтказилади. Судланган шахслар, айниқса,молиявий жиноятлар содир этганлар, нодавлат ташкилотларда етакчи лавозимларда ишлаш ҳуқуқига эга эмас. 2015 йилда АҚШдаги йирик хайрия фондларидан бири – Wounded Warrior Project раҳбарияти хайрия маблағларини шахсий саёҳатлар ва ҳашаматли тадбирларга сарфлагани аниқланган. Бу можаро фонднинг ёпилиши ва янги шаффофлик стандартларининг жорий этилишига олиб келган. Ўзбекистон учун бу тажриба хайрия маблағларини шаффоф мониторинг қилиш тизимини яратиш зарурлигини кўрсатади.
Буюк Британияда хайрия ташкилотлари ва фондларини «Charity Commission» номли махсус орган назорат қилади. Коррупция ёки молиявий жиноятларда айбланган шахслар бундай ташкилотларни бошқариши тақиқланган.
Германияда жамоат фондлари давлат томонидан қаттиқ назорат қилинади. Фонд раҳбарияти ва таъсисчилари молиявий жиноятлар содир этмаганлиги ҳақида тасдиқловчи ҳужжат тақдим этиши лозим.
Шундай ҳужжатлардан бири яқинда муҳокамага қўйилган қонун лойиҳаси бўлиб, у жамоат фондларининг шаффофлиги ва молиявий интизомини кучайтиришга қаратилган.
Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг 2003 йил 29 августда қабул қилинган “Жамоат фондлари тўғрисида”ги қонунининг 10-моддасига қуйидаги мазмундаги иккинчи қисм билан тўлдириш киритиш таклиф этилмоқда:“ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш ёхуд фирибгарлик жиноятларини содир этганлиги учун судланганлик ҳолати тугалланмаган ёки олиб ташланмаган шахслар жамоат фондлари таъсисчиси ёки раҳбар органи аъзоси бўла олмайди.”
Бу чеклов жамоат фондларининг молиявий шаффофлиги ва ишончлилигини таъминлашга, хайрия маблағларининг мақсадли ва қонуний ишлатилишини кафолатлашга қаратилган.
ЧЕКЛОВ НИМА УЧУН МУҲИМ?
1. Жамоат фондларининг шаффофлиги ва ишончлилигини таъминлаш. Жамоат фондлари хайрия маблағларини жалб қилади ва уларни ижтимоий мақсадларда ишлатади. Агар молиявий фирибгарликда айбланган шахслар фондни бошқаришга жалб этилса, маблағларнинг ноқонуний сарфланиши эҳтимоли ортиши мумкин.
2. Коррупцияга қарши курашда муҳим қадамташлаш. Таклиф этилаётган қонун лойиҳаси доирасида судланган шахсларни жамоат фондларидан четлатиш жамоатчилик назорати механизмларини кучайтиришга қаратилгандир.
3. Ҳомийлар ва жамоатчилик ишончинимустаҳкамлаш. Ҳайрия ташкилотлари жамоатчилик ва ҳомийлар томонидан молиялаштирилади. Агар фонд раҳбарияти молиявий жиноятларга алоқадор шахслардан иборат бўлса, бу хайрия қилувчилар ва жамоатчилик ишончини йўқотиши мумкин.
Жамоат фондлари жамиятда ижтимоий ўзгаришларни амалга оширишда муҳим ўрин тутади. Улар кам таъминланган аҳоли қатламларини қўллаб-қувватлаш, таълим ва тиббиёт соҳаларида хайрия ишларини ташкил қилиш ҳамда фуқаролик жамиятини ривожлантиришда асосий рол ўйнайди. Бироқ, уларнинг самарали фаолияти учун шаффофлик ва молиявий интизом муҳим аҳамиятга эга.
Юқоридаги хорижий тажриба шуни кўрсатадики, жамоат фондлари раҳбариятининг судланганлигига чекловлар қўйиш коррупция хавфини камайтириш ва хайрия маблағларининг мақсадли ишлатилишини таъминлашда катта самара беради. Ўзбекистонда жорий этилиши таклиф этилаётган мазкур чекловлар жамоат фондларининг молиявий шаффофлигини ошириш, ҳомийлар ва жамоатчилик ишончини мустаҳкамлаш учун муҳим қадам ҳисобланади.
Шу боис, мазкур қонунчилик ислоҳотлари хайрия ташкилотларининг обрўсини мустаҳкамлашга, хайрия ва ижтимоий лойиҳаларнинг барқарорлигини таъминлашга хизмат қилади. Бу орқали хайрия соҳасидаги ҳолат яхшиланиб, хайриячилар ва фуқаролик жамияти вакиллари учун қулай муҳит яратилади. Натижада, хайрия фондлари ўз вазифаларини самарали бажаради ва жамият тараққиётига муносиб ҳисса қўшади.
Қонун лойиҳасида таклиф этилаётган мазкур чекловлар мамлакатда коррупцияга қарши курашиш, шаффофлик ва жамоат ташкилотларининг самарали фаолият юритишини таъминлашга хизмат қилиши шубҳасиздир.
Барқарор ривожланиш маркази
эксперти
Раҳимжон Нурназаров