Маъмурий процессуал муомала лаёқати
Маъмурий процессуал ҳуқуқ лаёқати — бу шахснинг маъмурий суд ишларини юритишда иштирокчи (даъвогар, жавобгар, учинчи шахс) бўлиш, процессуал ҳуқуқлардан фойдаланиш ва мажбуриятларни ижро этиш борасидаги давлат томонидан тан олинган умумий қобилиятидир.
Маъмурий процессуал ҳуқуқ лаёқати — бу шахснинг маъмурий суд ишларини юритишда процессуал ҳуқуқларга эга бўлиш ва процессуал мажбуриятларни ўз зиммасига олиш борасидаги қонун билан тан олинган умумий имкониятидир
Барча фуқаролар ва юридик шахсларнинг маъмурий процессуал ҳуқуқ ва мажбуриятларга эга бўлиш лаёқати (маъмурий процессуал ҳуқуқ лаёқати) тенг равишда эътироф этилади.
Судда ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини амалга ошириш лаёқати вояга етган фуқаролар ва юридик шахсларга тегишлидир.
Жисмоний шахсларда маъмурий процессуал ҳуқуқ лаёқати уларнинг фуқаролиги, ёши ва соғлиғи ҳолатидан қатъи назар, туғилган пайтдан бошлаб юзага келади ва вафот этиши билан тугайди. Бу инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг универсал принципига асосланади.
Вояга етмаган шахс қонунда ўн саккиз ёшгача никоҳ қуриш мумкин бўлган ҳолда — никоҳ қурган вақтдан бошлаб, шунингдек у қонунда белгиланган тартибда тўлиқ муомалага лаёқатли деб эълон қилинган ҳолда (эмансипация) судда ўз процессуал ҳуқуқларини шахсан амалга ошириши ва процессуал мажбуриятларини бажариши мумкин.
Ўн тўрт ёшдан ўн саккиз ёшгача бўлган вояга етмаган шахснинг, шунингдек муомала лаёқати чекланган деб топилган фуқаронинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатлари судда уларнинг қонуний вакиллари (ота-оналари, уларни фарзандликка олганлар, ҳомийлар, тарбияловчи, даволовчи муассасалар ёки бошқа шунга ўхшаш муассасалар маъмурияти) томонидан ҳимоя қилинади. Бироқ, суд вояга етмаган шахснинг ўзини ёки муомала лаёқати чекланган фуқарони бундай ишларда иштирок этишга жалб қилишга ҳақли.
Қонунда назарда тутилган ҳолларда, маъмурий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишлар бўйича вояга етмаган шахс судда ўз ҳуқуқларини ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини шахсан ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга. Бироқ, суд вояга етмаган шахснинг қонуний вакилларини бундай ишларда иштирок этишга жалб қилишга ҳақли.
Ўн тўрт ёшга тўлмаган вояга етмаган шахснинг, шунингдек руҳий ҳолати бузилганлиги (руҳий касаллиги ёхуд ақли заифлиги) натижасида муомалага лаёқатсиз деб топилган фуқаронинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатлари судда уларнинг қонуний вакиллари томонидан ҳимоя қилинади.
Юридик шахсларнинг процессуал лаёқати уларнинг ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар, давлат рўйхатидан ўтган пайтдан бошлаб юзага келади. Бу ерда муҳим жиҳат шундаки, юридик шахснинг ҳуқуқ лаёқати унинг низолашилаётган маъмурий ҳуқуқий муносабатдаги иштироки билан чекланади.
Маъмурий органларнинг (давлат органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари) ҳуқуқ лаёқати уларнинг компетенцияси (ваколати)билан белгиланади. Оммавий-ҳуқуқий субъектлар фақат ўз функциялари ва вазифалари доирасидагина процессуал ҳуқуқ лаёқатига эга бўладилар.
Маъмурий процессуал ҳуқуқ лаёқати шунчаки назарий тушунча эмас, балки жисмоний ва юридик шахсларнинг одил судловга киришиш (access to justice) ҳуқуқини таъминловчи фундаментал юридик механизмдир. У шахсга давлат органларининг ноқонуний қарорлари устидан судга шикоят қилиш учун дастлабки ҳуқуқий «мандат» беради.
Дониёржон МАДАМИНОВ
Наманган вилоят маъмурий судининг судьяси
Шоирахон АХМЕДЖАНОВА
Наманган вилоят маъмурий судининг судьяси
Рақобат қўмитаси ҳузуридаги Рақобат сиёсати ва истеъмолчилар ҳуқуқлари тадқиқотлари маркази ТОП–20 “Ақл марказлари” қаторидан жой олди
Истеъмолчилар ҳуқуқларини ёритишда фаоллиги учун Jurnalist24.uz жамоаси тақдирланди
Бугун “метан заправкалар” ижтимоий соҳа ва жамоат транспорти учун фаолият юритади
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга ва Ўзбекистон халқига қилган 2025 йил 26 декабрдаги Мурожаатномасидаги олтинчи йўналиш мазмун-моҳияти
“2-Халқаро Наманган авто фестивали” олдидан матбуот анжумани бўлиб ўтди
Дастлабки эшитув институти
Қозоғистон уруш сабаб келган россияликларни оммавий депортация қилмоқчи — ҳуқуқ ҳимоячилари