Жорий йилнинг 29 октябрь куни анчадан буён кутилаётган воқелик юз берди: Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодекси янги таҳрирда қабул қилинди.
Меҳнатга оид муносабатларни тартибга солувчи янги ҳуқуқий ҳужжатда ўзгариш ва қўшимчалар кўп бўлиши ўз-ўзидан маълум. Уларни мухтасар мақолада баён қилишнинг иложи ҳам йўқ. Шундан келиб чиқиб, янги таҳрирдаги Меҳнат кодексининг энг эътиборли нуқтаси — иш берувчи ташаббуси билан ходим билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилишга оид янги тартиботлар борасида «Xabar.uz» мухбири Наманган вилоят судининг фуқаролик ишлари бўйича судьяси Муҳайё Дедамирзаева билан қисқа суҳбат уюштирди.
Муҳайё Дедамирзаеванинг алоҳида таъкид этишича, меҳнатга оид муносабатларда энг кўп низо иш берувчи ташаббуси билан ходимни ўз вазифасидан озод этилишига боғлиқ масалалар ҳисобланади. Фуқаролик судларида кўрилаётган ишларнинг салмоқли қисми шу мазмундаги экани бунга яққол мисол. Бунинг сабаби сифатида биринчи навбатда эски таҳрирдаги Меҳнат кодексида иш берувчининг меҳнат шартномасини ўз ташаббуси билан бекор қилиш имконияти кенгроқ бўлганини кўрсатиш мумкин (100-модда). Масалан, ходимнинг пенсия ёшига тўлганлиги ва қонунчиликка мувофиқ ёшга доир давлат пенсиясини олиш ҳуқуқи пайдо бўлиши уни иш берувчи ташаббуси билан вазифасидан озод этиши учун кифоя қиларди. Ёки ходимни соғлиғи ҳолатига кўра ишдан бўшатиш ҳам иш берувчи учун катта муаммо бўлмаган.
Янги таҳрирдаги Меҳнат кодексида иш берувчининг ташаббуси билан меҳнат шартномасини бекор қилиш имкониятлари кескин чекланиб, ходимнинг ҳақ-ҳуқуқлари яна кенгроқ муҳофаза этилганини кўриш мумкин. Масалан, энди ходимнинг пенсия ёшига етиши у билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилиш учун асос бўлолмайди. Шунингдек, унинг соғлиғи ҳолатига кўра бажараётган ишига нолойиқ, деган важ билан вазифасидан озод этишга имкон берувчи норма ҳам чиқариб ташланди.
Умуман, меҳнат шарномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилишга оид тартиблар эски таҳрирдаги Меҳнат кодексининг 100-моддаси етти бандда ифода қилинган бўлса, янги таҳрирдагисида бу каби муносабатлар 161-модданинг олти бандида ўз аксни топган.
Асосий янгиликларни тадбиркорлик субъектларида иш берувчи ташаббуси билан меҳнат шартномаларини бекор қилишга оид меъёрлар киритилганлигида кўриш мумкин (эски таҳрирдаги Меҳнат кодексида тадбиркорлик субъектларига норма мавжуд бўлмаган). Хусусан, якка тартибдаги тадбиркорларнинг ходимларни ишга қабул қилиш ва улар билан тузилган меҳнат шартномасини ўз ташаббуси билан бекор қилишнинг аниқ шартлари белгиланди. Янги тартибга кўра, якка тартибдаги тадбиркор ходимлар сони ёки штатлар қисқарганлиги муносабати билан ҳам ўз ташаббусига кўра ишчиси билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилиши мумкин.
Иш берувчи томонидан ходимнинг «ўз меҳнат вазифаларини бир марта қўпол равишда бузганлиги» асосида ишдан бўшатиш ортидан келиб чиқадиган низолар оз эмас. Шу мазмундаги буйруқни бекор қилиш даъвоси билан судга мурожаат этишлар сони кўплиги шунга далолат қилади.
Эски таҳрирдаги Меҳнат кодексида «ўз меҳнат вазифаларини бир марта қўпол бузиш»га асос бўлувчи ҳолатлар бир қадар баён қилган бўлса-да, эндиликда меҳнат турлари ва уларнинг хусусиятлари кўпайиши бу борадаги нормаларга янада аниқлик киритишга эҳтиёж пайдо қилаётган эди. Янги таҳрирдаги Меҳнат кодексида айни эҳтиёждан келиб чиқиб, «ходимнинг ўз меҳнат вазифаларини бир марта қўпол равишда бузилиши»га атрофлича эътибор қаратилди ва уларнинг рўйхати алоҳида моддада (162-модда) ўз аксини топган, деди М. Дедамирзаева.
Эслатиб ўтамиз, янги таҳрирдаги Меҳнат кодекси 2023 йилнинг 30 апрелидан кучга киради.