Бугунги кунда мамлакатимизда яна бир муҳим Уйғониш жараёни кечмоқда. Шу боис “Янги Ўзбекистон” ва “Учинчи Ренессанс” сўзлари ҳаётимизда ўзаро уйғун ва ҳамоҳанг бўлиб янграмоқда, халқимизни улуғ мақсадлар сари руҳлантирмоқда. Шу ўринда айтиш жоизки, юртимизда амалга оширилаётган хайрли ишлардан яна бири давлатимиз тараққиёти, халқимизнинг фаровон ҳаёти учун мустаҳкам ҳуқуқий асос ҳамда кафолат бўлган Конституциямизнинг янгиланаётганидир.
Унда Ўзбекистон “ҳуқуқий давлат” деган конституциявий тамойил муҳрланмоқда. Бу албатта барчанинг қонун олдида тенглигини ва қонундан ҳеч ким устун эмаслигини таъминлаш, судлар томонидан адолатли қарорлар қабул қилиш, умуман олганда давлат органларининг халққа хизмат қилиши учун мустаҳкам пойдевор бўлиши шубҳасиз.
Бир сўз билан айтганда, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатлари сезиларли даражада кучайтирилмоқда. Хусусан, Ўзбекистонда ўлим жазоси тақиқланмоқда. Ўлим жазосини тақиқлашни конституциявий даражада белгиланиши инсон ҳаётини давлат маҳрум этишга ҳақли эмаслигини кафолатлайди.
Бундан ташқари, шахс суднинг қарорисиз 48 соатдан ортиқ муддат ушлаб турилиши мумкин эмаслиги белгиланяпти. Яъни, шахснинг эркинлигини чеклаш билан боғлиқ ҳар қандай ҳаракат фақатгина суд қарори асосида амалга оширилиши шарт. Ушбу қоида тергов органлари томонидан инсонларни ноқонуний ҳибсга олиш, асоссиз қамоққа олиш ва сақлашга йўл қўймасликка қаратилгандир. Бу орқали халқаро эътироф этилган “Хабеас корпус” институтини қўлланиш кўлами янада кенгаяди.
Илк бор шахсни ушлаш чоғида унга тушунарли тилда унинг ҳуқуқлари ва ушлаб турилиши асослари тушунтирилиши шартлиги, айбланувчи ва судланувчиларга ўзига қарши кўрсатма бермаслик (халқаро эътироф этилган “Миранда қоидаси”), сукут сақлаш ҳуқуқи берилмоқда.
Ҳар кимнинг ёзишмалари, телефон орқали сўзлашувлари, почта, электрон ва бошқа хабарлари сир сақланиш ҳуқуқига эга эканлиги белгиланмоқда. Бундай ҳуқуқларнинг чекланишига ёки уй-жойда тинтув ўтказишга фақат қонунга мувофиқ ва суднинг қарорига асосан йўл қўйилиши белгилаб қўйилмоқда.
Ҳар ким ўз ҳуқуқ ва эркинликларини қонунда тақиқланмаган барча усуллар билан ҳимоя қилишга ҳақлилиги белгиланяпти. Ушбу қоиданинг мазмун-моҳияти шундаки, фуқаролар ўз бузилган ҳуқуқ ва эркинликларини, ўзгалар ҳуқуқларини бузмаган ҳолда, мустақил ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга. Ягона шарт бу фуқаролар томонидан ўзини ҳимоя қилишда қўлланиладиган усуллар ёки чораларнинг қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бўлишидир.
Биринчи маротаба ҳар ким Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигига ва халқаро шартномаларига мувофиқ, агар давлатнинг ҳуқуқий ҳимояга доир барча ички воситаларидан фойдаланиб бўлинган бўлса, инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилувчи халқаро органларга мурожаат этишга ҳақли эканлиги мустаҳкамланмоқда.
Бу фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимояси нафақат миллий қонунчиликда белгиланган нормалар, балки халқаро ҳуқуқ асосида ҳам ҳимояланишини таъминлайди.
Суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш мақсадида Судьялар олий кенгашининг барча аъзоларини Сенат томонидан сайлаш тизими киритилмоқда.
Айрим олий мансабдор шахсларнинг лавозимга сайланиш ёки тайинланиш муддатлари бўйича чекловлар белгиланади.
Сенат Раиси ва Қонунчилик палатаси Спикери, Олий суд ва Судьялар олий кенгаши раислари, уларнинг ўринбосарлари, Бош прокурор, Марказий сайлов комиссияси раиси, ҳокимларни лавозимга икки муддатдан ортиқ сайлаш ёки тайинлашга чеклов киритилмоқда.
Конституциявий суд судьяларини қайта сайланиш ҳуқуқисиз 10 йилга сайлаш тартиби белгиланмоқда.
Конституцияда айбдорликка оид барча шубҳалар, агар уларни бартараф этиш имкониятлари тугаган бўлса, гумон қилинувчининг, айбланувчининг, судланувчининг ёки маҳкумнинг фойдасига ҳал қилиниши кераклиги қайд этилмоқда. Мазкур норма тўғридан-тўғри амал қилувчи қоида бўлиб, тергов ва суд жараёнида фақат ишончли ва қонуний далиллардан фойдаланишни таъминлайди ҳамда шахсни асоссиз равишда жавобгарликка тортилишдан ҳимоя қилади.
Қолаверса, гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи ўзининг айбсизлигини исботлаши шарт эмаслиги мустаҳкамланмоқда, ҳеч ким ўзига ва яқин қариндошларига қарши гувоҳлик беришга мажбур эмаслиги белгиланмоқда. Бу қоидаларнинг Конституцияда белгиланиши жиноий таъқиб остидаги ҳар қандай шахсга ёки унинг яқин қариндошларига руҳий босим ва турли таҳдидлар ўтказиш, унинг шаъни ва қадр-қимматини камситиш каби бошқа ноқонуний усуллар қўлланишини олдини олишга хизмат қилади.
Яна бир муҳим норма агар шахснинг ўз айбини тан олганлиги унга қарши ягона далил бўлса, у айбдор деб топилиши ёки жазога тортилиши мумкин эмаслиги кафолатланмоқда. Бу ҳол жиноят бўйича ҳақиқатни аниқлаш, шунингдек, айбсиз инсонларнинг жавобгарликка тортилишини олдини олишга, айни пайтда, жиноят содир этган ҳақиқий айбдор шахс ёки шахсларни аниқлашга хизмат қилади.
Озодликдан маҳрум этилган шахслар ўзига нисбатан инсоний муомалада бўлиниши ҳамда инсон шахсига хос бўлган шаъни ва қадр-қиммати ҳурмат қилиниши ҳуқуқига эгалиги ҳам тарихда илк бор конституциявий мустаҳкамланмоқда. Қолаверса, шахснинг судланганлиги ва бундан келиб чиқадиган ҳуқуқий оқибатлар унинг қариндошлари ҳуқуқларини чеклаш учун асос бўлиши мумкин эмаслиги белгиланяптики, буларнинг ҳаммаси мустабид тузумдан қолган иллатга, қанча ёшларимизни ўз орзу-умидларидан воз кечишга мажбур қилган ноинсоний тақиқларга чек қўяди.
Алижон Қаҳрамонов,
жиноят ишлари бўйича Наманган шаҳар судининг судьяси