Референдум бу-халқ иродасининг бевосита ифодаси бўлиб, демократиянинг муҳим институтларидан бири ҳисобланади.
Референдум сўзи – лотинча referendum сўзидан олинган бўлиб, “айтилиши керак”, “айтилиши зарур” деган маъноларни англатади.
Ўзбекистон Республикаси референдуми — Ўзбекистон Республикасининг қонунларини ва бошқа қарорларини қабул қилиш мақсадларида жамият ва давлат ҳаётининг энг муҳим масалалари юзасидан фуқароларининг умумхалқ овоз беришдир.
Ўзбекистон Республикасида бугунги кунга қадар жами 3 маротаба референдум ўтказилган бўлиб, илк маротаба референдум 1991 йилда ўтказилиб, унда мамлакатимизнинг мустақиллиги тасдиқланган. Иккинчи маротаба референдум 1995 йилда ўтказилган ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг ваколат муддати 2000 йилга қадар узайтирилган. Учинчи бор референдум 2002 йилда ўтказилган бўлиб, унда икки палатали парламент тизими жорий қилинган. Ушбу референдум конституциявий референдум сифатида эътироф этилган.
Ўзбекистон Республикаси президентининг конституциявий ислоҳотларни умумхалқ референдуми ўтказиш орқали амалга ошириш таклифига кўра яқин кунларда Ўзбекистон Республикасида муҳим тарихий жараён яъни, Конституцияга ўзгартиришлар киритиш бўйича референдум ўтказилиши кутилмоқда.
Ўзбекистон Республикасининг 2001 йил 30 августда янги таҳрирда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг референдуми тўғрисида»ги Қонуни билан Референдумда қабул қилинган қарорлар олий юридик кучга эга эканлиги, агар референдумда қабул қилинган қарорларда бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, референдумда қабул қилинган қарорлар фақат референдум йўли билан бекор қилиниши ёки ўзгартирилиши мумкинлиги белгиланган.
Референдум ўтказиладиган кунга қадар ёки референдум кунида ўн саккиз ёшга тўлган Ўзбекистон Республикасининг ҳар бир фуқароси референдумда иштирок этиш ҳуқуқига эгадир.Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида истиқомат қилаётган ёки турган Ўзбекистон Республикасининг фуқароси референдумда иштирок этишга тўла ҳақлидир. Келиб чиқиши, ижтимоий ва мулкий мавқеи, ирқий ва миллий мансублиги, жинси, маълумоти, тили, динга муносабати, машғулотининг тури ва хусусиятига қараб фуқароларнинг референдумда қатнашиш ҳуқуқларини бевосита ёки билвосита чеклаш ман этилади.
Суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган фуқаролар, шунингдек оғир ва ўта оғир жиноятлар содир этганлиги учун суд ҳукми билан озодликдан маҳрум этиш тарзидаги жазони ижро этиш муассасаларида сақланаётган шахслар референдумда иштирок этиш ҳуқуқига эга эмаслар.
Референдум ўтказишнинг қонун билан белгиланган принципларига кўра, фуқароларнинг ўз хоҳиш-иродасини умумий, тенг ва тўғридан-тўғри билдириши асосида яширин овоз бериш йўли билан ўтказилади.
Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг референдумда иштирок этиши ихтиёрий ва эркиндир. Ўзбекистон Республикаси фуқароларини референдумда иштирок этишга ёки иштирок этмасликка мажбур қилиш мақсадида уларга, шунингдек хоҳиш-иродасини эркин билдиришига таъсир кўрсатишга ҳеч ким ҳақли эмас.
Ўзбекистон Республикаси фуқаролари референдумда тенг асосларда иштирок этадилар. Ҳар бир фуқаро бир овозга эга бўлади.
Референдумга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш очиқ ва ошкора амалга оширилади.
Фуқароларнинг ўз хоҳиш-иродасини билдириши назорат қилинишига йўл қўйилмайди.
Ўзбекистон Республикаси фуқаролари референдумда бевосита иштирок этадилар.
Мазкур қонунда қуйидаги масалаларда референдум ўтказилиши мумкин эмаслиги ҳам белгиланган, хусусан:
Ўзбекистон Республикасининг ҳудудий яхлитлигини ўзгартириш;
Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ва солиқлар;
амнистия ва авф этиш;
жамоат тартибини, аҳоли соғлиғи ва хавфсизлигини таъминлаш бўйича фавқулодда ва шошилинч чора-тадбирлар ўтказиш;
Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларидан келиб чиқадиган мажбуриятларни бажариш;
мансабдор шахсларни тайинлаш ва вазифасидан озод этиш.
“Бу “Конституциянинг ягона манбаи ва муаллифи — халқдир” деган тамойилга тўла мос келади. Шунда ҳар бир ватандошимиз “Янги Ўзбекистон Конституцияси – менинг Конституциям” деб юксак ғурур билан айта олади”
Умида Нишанова,
Наманган вилоят маъмурий судининг судьяси