Ўзбекистон ҳаётида сўнгги йилларда оламшумул, кенг кўламли ўзгаришлар юз бермоқда. Жумладан, мамлакатимизда Конституциявий ислоҳот жараёни қизғин паллага кирди. Бугунги кунда мамлакатимиз парламентида конституциявий ва қонуний ҳуқуқларни барқарор ривожлантириш ва мустаҳкамлаш, Янги Ўзбекистонни қуриш, Учинчи Ренессанс даври асосларини шакллантиришга қаратилган кенг кўламли ва кучли демократик ислоҳотларни амалга ошириш учун зарур бўлган воқеалар содир бўлмоқда. Хусусан, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси янги таҳрирдаги “Конституция тўғрисида”ги қонунни қабул қилди. Қонун 30-апрель, якшанба куни бўлиб ўтадиган умумхалқ референдумида овозга қўйилади.
Аввало, референдум сайловчилар учун ўз хоҳиш-иродасини билдириш учун жозибали воситадир. Давлат ислоҳотида фуқароларнинг бевосита иштирок этиши фактининг ўзи ҳайратланарли, муҳим жараён.
Қолаверса, фуқаро референдум ташаббускорлари томонидан илгари сурилган ўзгаришлар бўйича овоз бериш жараёнида қатнашади, қайси саволга жавоб бериши кераклигини олдиндан билади.
Таъкидлаш жоиз, юртимизда кутилаётган референдум жараёнига тақдим этиладиган лойиҳа, умуман, мазкур жараён фақат халқимизнинг манфаати, тинч ва фаровон, осойишта ҳаёти учун қўйилаётган пойдевор.
Бир сўз билан айтганда “Инсон қадри учун” ғоясини ҳамда ҳозирги ислоҳотларимиз бош тамойили – “Инсон – жамият – давлат” ёндашувини Конституциямиз мазмун-моҳиятига чуқур сингдириб, амалий ҳаётимизда бош қадриятга айлантирилиши муҳим ислоҳот сифатида намоён бўлмоқда.
Ҳар бир сайловчи долзарб ислоҳотларни “Янги Ўзбекистон — ижтимоий давлат” тамойилини конституциявий қоида сифатида муҳрлаш, халқпарвар давлат барпо этиш, инсон ҳуқуқи ҳимояси ва ижтимоий муҳофазасини кучайтириш, ёшлар ҳуқуқи ва манфаатини тўла таъминлашга қаратилган ислоҳотларни қабул қилишда ўз овозини беради.
Инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, қадр-қиммати, дахлсиз ҳуқуқи ва манфаати, “Ўзбекистон – ижтимоий давлат” тамойили, эркин ва адолатли фуқаролик жамияти ривожланиши, Ўзбекистонда инсонпарвар, демократик ҳуқуқий давлат қуриш сингари масалалар Конституциявий ислоҳотнинг устувор йўналишлари этиб белгиланган.
Янгиланган Конституция жамиятимиз ҳаётининг барча йўналишларини комплекс тартибга солиш ҳамда мамлакатимизни демократик ривожлантириш йўлида энг муҳим ҳуқуқий пойдевор бўлиб хизмат қилади. Конституциявий қонун лойиҳасига киритилган янги нормалар барча соҳаларни тараққий эттириш, жумладан, давлат ҳокимияти янада самарали ташкил қилишга ёрдам беради.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, “Конституциянинг ягона манбаи ва муаллифи – халқ”. Шунда ҳар бир ватандошимиз “Янги Ўзбекистон Конституцияси – менинг Конституциям” деб юксак ғурур билан айта олади. Конституцияга киритиладиган барча тузатиш ва қўшимчалар мамлакатимизнинг 14 ҳудудий бирлигидан иборат ягона давлатни, миллати ва элатидан қатъий назар, ягона ва қудратли Ўзбекистон халқини янада жипслаштиради ҳамда улуғвор мақсадлар сари сафарбар этади.
Референдум орзу-ниятларимизни амалга ошириш учун берилган яна бир имкондир.
Конституциявий ислоҳотлар халқ мустақиллиги ва давлат тараққиётини юксалтириш, унинг иқтисодий қудратини, жаҳонда рақобатбардошликка чидамлилигини мустаҳкамлашга қаратилган вазифаларни бажаришга хизмат қилиши шубҳасиз.
Фахриддин Мадрахимов,
Наманган вилоят маъмурий судининг судьяси