Айни кунларда юртимизда амалга оширилаётган Конституциявий ислоҳотлар жараёнида Наманган туманлараро маъмурий суди судьялари ҳам фаол иштирок этмоқдалар. Жойларда ўтказилаётган маърифий-ҳуқуқий тадбирларда янгиланаётган Бош Қомусимизнинг мазмун-моҳияти, унга киритилаётган ўзгартиришлар аҳоли вакилларига кенг тушунтириляпти.

Чуст туманининг “Боғиэрам” маҳалла фуқаролар йиғинида фуқаролар билан ўтказилган ана шундай мулоқотда “Янги Ўзбекистон-ҳуқуқий демократик давлат: инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асослари, қонунчиликни янада ривожлантириш истиқболлари” ҳамда “Мамлакатимизда қулай инвестициявий ва ишбилармонлик муҳитини таъминлашнинг асоси сифатида мулк ҳуқуқини суд орқали ҳимоя қилиш Конституциявий ислоҳотларнинг муҳим устивор йўналиши” мавзуларида сўз юритилди.

“Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Конституциявий қонун лойиҳасининг мазмун-моҳияти кенг тушунтирилди. Хусусан, Конституция моддалари 128 тадан 155 тага кўпайиб, нормалар 275 тадан 434 тага ошгани, Ўзбекистон “суверен, демократик, ҳуқуқий ва ижтимоий давлат” эканлиги ҳамда ушбу қоидаларни ўзгартириш мумкин эмаслиги белгилаб қўйилгани таъкидланди. Шу билан бирга, суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш мақсадида Судьялар олий кенгашининг барча аъзоларини Сенат томонидан сайлаш тизими киритилаётгани, фуқароларга суд томонидан ўзига нисбатан қўлланилган қонуннинг Конституцияга мувофиқлиги тўғрисида Конституциявий судга мурожаат қилиш ҳуқуқи берилаётгани аҳоли вакилларига тушунтириб ўтилди.

Озодбек Зиёвиддинов,

Наманган туманлараро маъмурий

судининг раиси

от Admin