Маълумки, халқимиз муҳим сиёсий воқелик — «Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида»ги Конституциявий қонуни лойиҳаси бўйича 2023 йил 30 апрель куни ўтказиладиган референдум олдида турибди. Референдум амалдаги Конституциямизнинг 127 ва 128-моддалари асосида ўтказилади.
Яъни Бош Қомусимизга ўзгартиришлар тегишинча Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари умумий сонининг камида учдан икки қисмидан иборат кўпчилиги томонидан қабул қилинган қонун ёки Ўзбекистон Республикасининг референдуми билан киритилади.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси тегишли таклиф киритилгандан кейин олти ой мобайнида Конституцияга ўзгартиришлар ҳамда тузатишлар киритиш тўғрисида кенг ва ҳар тарафлама муҳокамани ҳисобга олган ҳолда қонун қабул қилиши мумкин.
Шуни аниқ ишонч билан айтиш керакки, бўлажак референдум Янги Ўзбекистон тараққиётида янги даврни бошлаб беради. Негаки, Конституциямизнинг янги таҳрири ижтимоий, демократик-ҳуқуқий ва чинакам халқпарвар давлатчилик асосларини яратиши, аҳоли фаровонлигини ошириши, инсон ҳуқуқ ва манфаатлари, қадр-қимматини янада юксалтириб, ҳаётнинг барча соҳаларини либераллаштиришда муҳим омил бўлади.
Киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар натижасида Конституциянинг моддалари 128 тадан 155 тага кўпаяди. Боиси кундалик ҳаётимизда энг муҳим ва зарур деб билинаётган қоидалар асосий қонун билан мустаҳкамлаб қўйилмоқда. Бинобарин, унинг янги таҳририда бир қатор эътирофга молик моддалар ўз аксини топмоқда.
Шу ўринда аввало, янги таҳрирдаги Конституциянинг 1-моддасига эътибор қаратсак, унда «Ўзбекистон — бошқарувнинг республика шаклига эга бўлган суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат» дея қайд этилган. Яъни дастлабки моддаданоқ мамлакатимизда қонун устувор эканлигини англаш мумкин. Бу фикрларимизни «Давлат ўз фаолиятини инсон фаровонлигини ва жамиятнинг барқарор ривожланишини таъминлаш мақсадида қонунийлик, ижтимоий адолат ва бирдамлик принциплари асосида амалга оширади», деган сўзлардан иборат 14-модда ҳам тасдиқлайди ёки 21-моддага мувофиқ ҳар бир инсон ўз шахсини эркин камол топтириш ҳуқуқига эга эканлиги, ҳеч кимга унинг розилигисиз қонунчиликда белгиланмаган мажбурият юклатилиши мумкин эмаслиги ҳам қабул қилинажак Конституцияда инсонпарварлик тамойили нечоғлик устуворлик касб этаётганидан далолат беради.
Бундан ташқари, янгилик сифатида Конституциянинг янги таҳрири 27-моддасига «Ҳибсга олишга, қамоққа олишга ва қамоқда сақлашга фақат суднинг қарорига кўра йўл қўйилади. Шахс суднинг қарорисиз қирқ саккиз соатдан ортиқ муддат ушлаб турилиши мумкин эмас. Шахсни ушлаш чоғида унга тушунарли тильда унинг ҳуқуқлари ва ушлаб турилиши асослари тушунтирилиши шарт», 28-моддасига эса «Айбдорликка оид барча шубҳалар, агар уларни бартараф этиш имкониятлари тугаган бўлса, гумон қилинувчининг, айбланувчининг, судланувчининг ёки маҳкумнинг фойдасига ҳал қилиниши керак. Гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи ўзининг айбсизлигини исботлаши шарт эмас ва исталган вақтда сукут сақлаш ҳуқуқидан фойдаланиши мумкин. Ҳеч ким ўзига ва яқин қариндошларига қарши гувоҳлик беришга мажбур эмас. Агар шахснинг ўз айбини тан олганлиги унга қарши ягона далил бўлса, у айбдор деб топилиши ёки жазога тортилиши мумкин эмас. Озодликдан маҳрум этилган шахслар ўзига нисбатан инсоний муомалада бўлиниши ҳамда инсон шахсига хос бўлган шаъни ва қадр-қиммати ҳурмат қилиниши ҳуқуқига эга. Шахснинг судланганлиги ва бундан келиб чиқадиган ҳуқуқий оқибатлар унинг қариндошлари ҳуқуқларини чеклаш учун асос бўлиши мумкин эмас», деган қоидалар киритилаётгани ҳам эътирофга молик.
Юқоридаги иккала модда айнан шахс эркинлигини чеклашга, унга нисбатан адолатсиз ҳукм ёки қарор чиқарилмаслигини таъминлашга қаратилган. Масалан, шахс ушлаб турилган пайтдан эътиборан қирқ саккиз соат ўтгунига қадар судга ушлаб туришнинг қонунийлиги ва асослилиги тўғрисидаги масалани ҳал қилиш учун олиб борилиши керак. Агар ушлаб туришнинг қонунийлиги ва асослилиги судда исботланмаса, шахс дарҳол озод қилиниши керак.
Конституциямизнинг янги таҳририда XXIII боб “Cуд ҳокимияти» дея номланиб, 130-140-моддаларни ўз ичига олади. Унда сўнгги йилларда Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан қонунчиликка одил судловни таъминлаш мақсадида киритилган янгиликлар тўлиқ ифодасини топган. Жумладан, учинчи ҳокимият конституциявий суд, фуқаролик, жиноий, иқтисодий ва маъмурий судлардан иборат эканлиги қайд этилган. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши судьялар корпусининг шакллантирилишини, суд ҳокимияти мустақиллигининг конституциявий принципига риоя этилишини таъминловчи мустақил орган сифатида белгиланган. Энг асосийси, судьяларнинг одил судловни амалга оширишга доир фаолиятига ҳар қандай тарзда аралашишга йўл қўйилмаслиги ва бундай аралашиш қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлиши, судьялар муайян ишлар бўйича ҳисобдор эмаслиги мустаҳкамлаб, давлат судья ва унинг оила аъзолари хавфсизлигини таъминлаши кафолатлаб қўйилган.
Одилжон Турдиев,
Наманган вилоят маъмурий суди судьяси
Мансуржон Артиков,
вилоят маъмурий судининг девонхона мудири