Ўзбекистон Республикасининг референдуми Ўзбекистон Республикасининг қонунларини ва бошқа қарорларини қабул қилиш мақсадларида жамият ва давлат ҳаётининг энг муҳим масалалари юзасидан фуқароларининг умумхалқ овоз беришдир.
Референдум сўзи – лотинча referendum сўзидан олинган бўлиб, “айтилиши керак”, “айтилиши зарур” деган маънони англатади.
Ўзбекистон Республикаси Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексининг 27-моддасига асосан маъмурий судлар сайлов комиссияларининг хатти-ҳаракатлари (қарорлари) юзасидан низолашиш тўғрисидаги ишларни ҳал қилади.
Таъкидлаш лозимки, референдумни ташкил этиш ва ўтказиш Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси; референдум ўтказувчи округ комиссиялари; референдум ўтказувчи участка комиссиялари томонидан амалга оширилади.
Референдум ўтказувчи комиссия билан сайлов комиссиясининг табиати бир хил бўлганлиги сабабли мазкур комиссияларнинг хатти-ҳаракатлари (қарорлари) юзасидан низолашиш маъмурий судларга тааллуқли бўлиб, ушбу тоифадаги ишларни кўришда сайлов комиссияларининг хатти-ҳаракатлари (қарорлари) устидан шикоят қилишга оид қоидалар татбиқ этилади.
Бундан ташқари, “Референдум тўғрисида”ги қонуннинг
36 ва 37-моддаларига мувофиқ референдум ўтказувчи округ
ва участка комиссиялари овозларни санаб чиқиш ва овоз бериш натижалари аниқлаш якунида баённома қабул қилади.
Мазкур ҳужжат ушбу участкалар бўйича якунловчи маъмурий ҳужжат бўлганлиги боис у қарор сифатида қабул қилинади ва унинг устидан низолашиш маъмурий судларга тааллуқли ҳисобланади.
Қонуннинг 28-моддаси иккинчи қисмига кўра, референдум ўтказувчи участка комиссиясининг хатти-ҳаракати ва қарори устидан қонунда белгиланган тартибда судга шикоят қилиниши мумкин.
Ҳар бир комиссиясининг ваколатлари Ўзбекистон Республикаси “Референдум тўғрисида”ги қонунда батафсил ёритилган. Шу сабабли, маъмурий судлар референдумга оид низоларни кўриб чиқишда, жавобгар комиссиянинг тоифаси ва унинг ваколат доирасини текшириши лозим бўлади.
“Референдум тўғрисида”ги қонуннинг 25-моддасига назар ташлайдиган бўлсак, унда референдум ўтказувчи комиссияларнинг қарорлари устидан ушбу қарор қабул қилинганидан кейин 5 кун ичида судга шикоят қилиши мумкин.
Бироқ, референдум ўтказувчи комиссияларнинг ҳаракатлари устидан шикоят қилиш бўйича махсус муддат Қонунда белгиланмаган.
Бундан ташқари, “Референдум тўғрисида”ги қонуннинг 38-моддасига биноан овоз бериш якунларини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги қарор Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси томонидан қабул қилинади ва бу қарор устидан референдум якунлари эълон қилинган кундан эътиборан 10 кун ичида Ўзбекистон Республикаси Олий судига шикоят қилиниши мумкин.
МСИЮтКнинг 30-моддаси биринчи қисми 2-бандига кўра, Олий суд биринчи инстанция суди сифатида Марказий сайлов комиссияси
хатти-ҳаракатлари (қарорлари) юзасидан низолашиш ҳақидаги ишларни кўриб чиқади.
Демак, референдум ўтказиш бўйича Марказий сайлов комиссияси томонидан қабул қилинган қарорлар ва амалга оширилган ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) устидан низолашиш Олий суднинг судловига тегишли бўлади.
Референдум ўтказувчи округ ва участка комиссияларининг қарорлари ва ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан берилган шикоятлар эса умумий тартибда туманлараро маъмурий судларнинг судловига тегишли ҳисобланади.
МСИЮтКнинг 142-моддаси ва “Референдум тўғрисида”ги қонуннинг25-моддаси талабларига асосан референдум ўтказувчи комиссияларининг қарорлари ва ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан берилган шикоятлар биринчи инстанция суди томонидан 3 кун ичида кўриб чиқилиши керак. Агар овоз беришга 6 кундан кам вақт қолган бўлса, дарҳол кўриб чиқилиши лозим.
Шикоят суд томонидан аризачини ва тегишли референдум ўтказувчи комиссиянинг вакилини, шунингдек, прокурорни, агар шикоят аризачига эмас, балки бошқа фуқарога дахлдор бўлса, ўша шахсни ҳам чақирган ҳолда кўриб чиқилади. Бу шахсларнинг келмаслиги ишни кўриб чиқишга тўсқинлик қилмайди.
Суднинг ҳал қилув қарори чиқарилиши биланоқ дарҳол тегишли референдум ўтказувчи комиссияга ва аризачига топширилади.
Нодиржон Хаджиматов,
Фарғона вилоят маъмурий судининг судьяси
Исломжон Марифжонов,
Фарғона вилоят маъмурий судининг судья катта ёрдамчиси