Барчамизга маълумки ҳуқуқий демократик давлат барпо этиш, унда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асослари, қонунчиликни янада ривожлантириш учун унинг мустаҳкам ҳуқуқий пойдеворни – Ўзбекистоннинг янгиланаётган Конституциясини тақозо этади.
ЯнгиЎзбекистон учун янгиланаётган Конституция ҳаётий зарурат ва адолатли жамият қуриш йўлидаги улкан қадам бўлиб, сўнгги йилларда олиб борилган барча соҳадаги ислоҳотларнинг конституциявий ҳимоясини таъминлаш демакдир.
Ўзбекистоннинг янгиланаётган Конституцияси фуқароларимизнинг таклиф беришдаги фаол иштироки, халқаро-ҳуқуқий ҳужжатлар ва 190 дан ортиқ давлатлар тажрибаси ўрганилгани ва лойиҳа экспертизадан ўтказилгани ҳолда тузилгани янгиланаётган Конституцияда жамиятнинг барча қатламлари манфаатлари инобатга олингани, Янги Ўзбекистонни қуриш ғояси атрофида бутун жамият жипслашгани, Бош Қомусимиз том маънода халқ Конституцияси бўлаётганидан далолат беради.
Жумладан, янги Конституция билан давлат бозор муносабатларини ривожлантириш ва ҳалол рақобат учун шарт-шароитлар яратиши, Ўзбекистон Республикасида барча мулк шаклларининг тенг ҳуқуқлилиги ва ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоя қилиниши таъминланиши қатъий белгиланмоқда. Бу мулкдорлар қатламини кенгайишига ва Ўзбекистон иқтисодиётининг ривожланишига хизмат қилади.
Янги Конституцияда давлат қулай инвестициявий ва ишбилармонлик муҳитини таъминланиши бўйича қоида мустаҳкамланмоқда. Шунингдек, тадбиркорларнинг қонунчиликка мувофиқ ҳар қандай фаолиятни амалга оширишга ва ўз фаолияти йўналишларини мустақил равишда танлашга ҳақли эканлиги белгиланмоқда. Мазкур норма мамлакат иқтисодиётига тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб этишни рағбатлантиришга, тадбиркорлар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлашга, инвесторларнинг ишончини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Конституцияга киритилаётган мазкур қўшимчалар эркин бозор иқтисодиётининг энг муҳим талабини ўзида ифода этиб, тадбиркорлик фаолиятини давлат томонидан тартибга солишни асосий мезонларини конституциявий даражада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида иқтисодий макон бирлиги, товарлар, хизматлар, меҳнат ресурслари ва молиявий маблағларнинг эркин ҳаракатланиши кафолатланиши мустаҳкамланмоқда. Бу ҳол товарлар ва хизматларнинг эркин ҳаракатланиши ва реализация қилинишини ноқонуний чеклашни олдини олишга ва меҳнат ресурсларининг эркин ҳаракатига замин яратади.
Монопол фаолият қонун билан тартибга солиниши ва чекланиши мустаҳкамланмоқда. Конституцияга ушбу норманинг киритилиши товар ва хизматлар бозорининг барча иштирокчилари учун тенг иқтисодий-ҳуқуқий имкониятлар яратиш орқали тадбиркорлар ўртасида ҳалол рақобатни ривожлантиришга ҳамда ишлаб чиқаришга янгиликларни тезкор жорий этиш орқали самарадорликни юксалтиришга хизмат қилади.
Конституцияда илк маротаба ер хусусий мулк бўлиши мумкинлиги бунда ер қонунида назарда тутилган ҳамда ундан оқилона фойдаланишни ва уни умуммиллий бойлик сифатида муҳофаза қилишни таъминловчи шартлар асосида ва тартибда хусусий мулкчиликка йўл қўйилиши назарда тутилмоқда.
Бундан ташқари, мулк ҳуқуқини суд орқали ҳимоя қилинишини таъминланишини белгиловчи ҳеч ким суднинг қарорисиз ва қонунга зид тарзда уй-жойидан маҳрум этилиши мумкин эмаслиги, уй-жойидан маҳрум этилган мулкдорга уй-жойнинг қиймати ҳамда у кўрган зарарларнинг ўрни қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибда олдиндан ҳамда тенг қийматда (бозор қийматида) қопланиши таъминланиши кафолатланмоқда.
Ўзбекистоннинг янгиланаётган Конституциясида мазкур нормаларни киритилганлиги мамлакатимизда қулай инвестициявий ва ишбилармонлик муҳитини таъминлашнинг асоси сифатида мулк ҳуқуқини суд орқали ҳимоя қилиш Конституциявий ислоҳотларнинг муҳим устувор йўналиши эканлигини кўришимиз мумкин.
Нозима Тожиева ва Бибихон Акбарова,
Наманган туманлараро маъмурий суди судьялари